Қадр кечасининг фазилати.
27 июн 2016 й.
3464 марта ўқилди.

 Қадр кечасининг фазилати.

 
Пайғамбаримиз (с.а.в.) атрофларига бўлган саҳобий киромлар бир куни, ўтган умматларни умри тўғрисида сўрашди? Расулуллоҳ (с.а.в) илоҳий илҳом билан: Нуҳ а.с қавми минг йилга яқин, Солиҳ а.с. қавми олти юз йил, Од қавми тўрт юз йил яшаганларини хабарини бердилар. Шунда саҳобалар йо Расулуллоҳ сизни умматингиз умри қанча бўлади? – дедилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) “60 йил билан 70 йил орасида бўлади” – дедилар. 
Имом Молик ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз ва саҳобалар бу савол жавобдан кейин ғамгин бўлдилар, ўтган умматларни узун умрларига ҳавас қилдилар. Ўтган умматлар олти юз йил – тўққиз юз эллик йил умр кўрганликлари учун кўп солиҳ амаллар қилиб, кўп савоб олганлар. Расулуллоҳ (с.а.в) ўз умматларининг умри ҳам узун бўлганда улар ҳам кўп яхши амаллар қилиб, кўп савобларга эга бўлишларини орзу қилганлар. Шунда Аллоҳ таоло у зотга Лайлатул Қадрни минг ойдан афзал қилиб берди. Бу тўғрисида Аллоҳ таоло Қадр сурасида шундай марҳамат қилади:
“Албатта, биз уни (буюк неъматни Қуръонни) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад) Қадр кечаси нима эканини биласизми, (уни ҳақиқатини, уни улуғлигини биласизми?) Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. (Чунки бу кечада Қуръон нозил бўлган, унда қилинадиган ибодатни фазли минг ойлик ибодатдан афзал). У кечада фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларини изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушадилар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир. (Унда Аллоҳ таоло инсонларга фақат тинчлик-омонликни тақдир қилади).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси муборакда Расулуллоҳ с.а.в.: “Ким Лайлатул Қадр кечасини иймон ва ихлос билан қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур” – дедилар.
Қоим бўлиб деганда – кечани ибодат билан ухламай ўтказиш демакдир. Аввало, бу кечани ибодат билан ўтказиш учун ўша кечадаги фарз намозларни жамоат билан ўқиш керак, чунки Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадиси шарифларида: “Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини, ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса кечанинг қолган ярмини ибодат билан бедор ўтказган бўлади” – деганлар.
Юқорида келган ҳадиси шарифга амал қилган ҳолда муборак кечани қолган соатларида Қозо ва нафл намозларини ўқиб, Қуръон тиловат қилиб, дуо қилиб ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади. Баъзи кишилар, айниқса ёш йигит қизлар қадр кечасида узоқ зиёратгоҳларга пиёда боришликни ният қилиб чиқадилар, бу эъдиқодда ҳам амалда ҳам тўғри бўлмайди, қолаверса, бундай нотўғри эътиқод билан кечани ўтказишлик кўпгина нохушликларни келтириб чиқаради ва чиқармоқда. Пайғамбаримиз с.а.в. бу кечаларда қандай йўл тутганлар? Ойша (р.а) ривоят қилинган ҳадисда: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам қачон Рамазонни охирги ўн кунлиги кирса, белни маҳкам боғлаб, кечани бедорлик билан ўтказар эдилар ва аҳли аёлларини ҳам уйғотиб, ибодатга чақирардилар” – дедилар.
Имом Термизий ривоятларида: “Пайғамбаримиз с.а.в. охирги ўн кунликда ундан бошқасида қилмаган ғайратни қилар эдилар” – дейилган. Демак ҳар бир киши ўз уйида аҳли – аёли, фарзандлари билан бирга ибодатда бўлса, албатта Аллоҳ таоло бундай ибодату илтижоларни қабул қилади.
Яна бир савол туғиладиги нима учун Пайғамбар с.а.в. айнан охирги ўн кунликда бундай серғайрат бўлиб, ибодатга бел боғладилар?
Чунки Ойша онамиздан қилинган ривоятда, Пайғамбаримиз с.а.в.: “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар”. Бошқа ривоятда: “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ кечаларидан изланглар” – дер эдилар.
Демак, Рамазон ойининг барча кечаларини ғанимат билиш, айниқса қадр кечаларида ибодат учун белни маҳкам боғлаш билан бирга йигирма еттинчи кечага алоҳида эътибор бериш керак. Чунки Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз с.а.в.: Лайлатул Қадр йигирма еттинчи кечадир” – дедилар.
Аллоҳ таоло бу қисқа умримизда шундай барокатли кечаларни насиб қилиб берган экан, бекорчи юришлар, бекорчи гап-сўзлар қилмасдан, ибодат билан, Қуръон тиловат қилиш билан, ўзимиз, фарзандларимиз, халқимиз ва юртимиз ҳақига яхши дуода бўлайлик. Зеро бундай фазилатли кечаларда қилинган дуолар албатта ижобат бўлади.        
 
 
“Шоҳ-Аҳсавий” жомеъ
масжиди имом-хатиби
Ҳ.Ширинов 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:35
Куёш: 07:15
Пешин: 13:10
Аср: 16:10
Шом: 17:45
Хуфтон: 19:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram