Қадр кечаси
02 июл 2016 й.
2691 марта ўқилди.

 Қадр кечаси

Бизнинг динимизда бир нечта байрамлар мавжуд, шулар ичида қадрлиси бу Қадр кечасидир. Бу кечанинг фазилати ҳақида Қуръони каримда алоҳида бир сура нозил қилинган. Бу Қадр кечасининг биз учун байрамлиги шундаки, у кечада икки дунёмизни саодатга айлантирадиган, Аллоҳ таолонинг улуғ мўъжизаси Қуръони карим нозил бўлган. Аллоҳ таоло ушбу сурани нозил қилиб шундай дейди:
 
إِنَّا أَنزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ (1) وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ (2) لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِّنْ أَلْفِ شَهْرٍ (3) تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِم مِّن كُلِّ أَمْرٍ (4) سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ
“Албатта, Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. 
 Бу оятдан маълум бўлиб турибдики Рамазон ойининг кечаларидан бири бўлмиш Қадр кечаси ҳақида сўз бораяпти. Бу кеча, дунё тарихидаги энг муборак кечадир. Чунки, бу кечада Аллоҳ таолонинг охирги, баркамол ва бутун инсониятга қиёмат кунигача бахту саодат йўлини кўрсатиб беривчи китоби туша бошлаган. Ва яна Аллоҳ таоло Қадр кечасининг улуғлигини Духон сурасида ҳам келтиради: 
 
إِنَّا أَنزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةٍ مُّبَارَكَةٍ إِنَّا كُنَّا مُنذِرِينَ (3) فِيهَا يُفْرَقُ كُلُّ أَمْرٍ حَكِيمٍ
“Албатта, Биз у(Қуръон)ни муборак кечада нозил қилдик. Албатта, Биз огоҳлантирувчи бўлдик. Ўша (кеча)да барча пухта-аниқ ишлар ажратилиб, ҳал қилинур”.
Яъни бу муборак кечада ҳамма нарса ажратилиб жой-жойига қўйилади. Бу муборак кечада ҳақни ботилдан, яхшини ёмондан, савобни гуноҳдан ажратувчи Қуръони карим нозил бўлган экан, барча пухта-аниқ ишлар ажратилиб ҳал қилиниши турган гап.
وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ (2)
(Эй Муҳаммад с.а.в.) Қадр кечаси нима эканлигини Сиз қаердан ҳам билар эдингиз?!
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз с.а.в.га хитоб қилиб: “Қадр кечаси нима эканлигини Сиз қаердан ҳам билар эдингиз?” деб хитоб қилишлиги, яъни, унинг ҳақиқатини, фазлини тўла тушунишингиз қийин. Шунинг учун уни Ўзимиз айтиб берамиз.
Бу муборак кеча икки хил маънода қадр деб аталади. 1. Қадр яъни, қадри улуғ. 2. Қадар яъни бандаларнинг қадарини-тақдирини белгилашдир. Ҳали юқорида айтиб ўтканимиздек, бу муборак кечада ҳамма нарса ажратилиб жой-жойига қўйилади. Имом Замахшарий дейдиларки: “Қадр кечаси ишлар тақдир ва ҳукм этиладиган кечадир”. Лайлтул қадр кечаси шараф ва улуғлик, ҳукм ва тақдир кечасидир. Аллоҳ таоло у кечада ажал, ризқ ва бошқа ишларни тақдир қилиб уларни мукаллаф фаришталар – Исрофил, Микоил, Азроил ва Жаброил а.с.га топширади. Қадр кечасининг улуғлиги мана бунда:
لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِّنْ أَلْفِ شَهْرٍ (3) 
 Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. 
Бу оятнинг нозил бўлишига сабаб, аллома Ибн Касир шундай дейдилар: Бани Исроилдан бир киши минг ой душманларга қарши курашган экан. Расулуллоҳ с.а.в. ва мусулмонлар бундан ажабланган эканлар. Пайғамбаримиз с.а.в. умматларига ҳам шундай бўлишини орзу қилиб: “Эй Роббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа, амали оз қилдинг!” дедилар. Шунда Парвардигори олам деди: لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِّنْ أَلْفِ شَهْرٍ  - яъни, Сиз ва умматингиз учун, эй ҳабибим, Қадр кечасини минг ойдан афзал қилдим. Ҳалиги бани Исроилдаги кишининг минг ойидан ҳам афзал қилдим. Шунда Расули Акрам с.а.в. ва барча саҳобалар қувониб кетдилар. Лайлатул қадрнинг яна бир фазилатларидан бири:
 
تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِم مِّن كُلِّ أَمْرٍ (4)
 У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил а.с.) Парвардигорларининг изни-ихтиёри-ла (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар.
Яъни фаришталар, жумладан фаришталар саййиди Жаброил Руҳул Амин а.с. бу кечада келгуси йилгача тақдир қилинган амаллар билан осмондан ерга тушадилар. Расулуллоҳ с.а.в.: “Аллоҳ таоло Бароат кечасида тақдир қилинган нарсаларни тайин қилса, Қадр кечаси келганида уни ўз эгаларига топширади” деганлар. 
Фаришталар ерга тушиб, оладиган фойдаларидан бири – улар осмонда яшовчиларда кўришмаган тоатлар хилини ерда кўришади. Аллоҳ таолога тасбеҳ айтувчиларнинг овозидан севиниб, гуноҳкорларнинг оҳини эшитиб: “Келинглар, бизнинг Роббимизга тасбеҳимиздан кўра яхши бўлган овозни эшитамиз” дейишади. Бу кечада ерда қилинган ибодатнинг даражаси ортиқ бўлгани учун фаришталар ҳам, савоблари кўпайишини хоҳлаб, ерда ибодат қилишни исташади. Қадр кечасининг яна бир фазилати:
سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ
 У (кеча) то тонг отгунча тинчлик-омонликдадир”.
Қуръони карим нозил бўлиши ва фаришталар ҳозир бўлишлари туфайли яхшиликлар билан бу кеча бошдан охир фақат соламатлик, омонлик яхшилик, барокат билан тўладир, унда ёмонлик йўқдир. Қуёш ботгнаидан тонг отгунга қадар бу ҳол давом этади. Тонг отгунча фаришталар жамоа-жамоа бўлиб раҳмат билан ерга тушишади. Ва яна ўша кеча фаришталар, жумладан Жаброил а.с. барча осмондан, ҳаттоинки “Сидратул мунтаҳо”дан ҳам тушишади. Улар тонг отгунча одамларнинг дуосига “омин” деб туришади. Ибн Аббосдан ривоят қилинади: айтдиларки “Шайтон ҳар куни қуёш билан бирга чиқади. Магарам Қадр кечаси тонгида чиқмайди ва шу билан бирга ўша куннинг қуёши ҳар кунгидек ўткир нур таратмайди”.
قال رسول الله: من يقم ليلة القدر إيمانا واحتسابا غفر لله ما تقدم من ذنبه
Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қиладилар: “Ким Лайлатул қадрни иймон ва ихлос билан қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”.
Оиша онамиздан ривоят қилинади: Онамиз сўрадилар” Ё Расулуллоҳ, агар мен Қадр кечасини топсам, ўша пайт Аллоҳ таолодан нимани сўрай? Пайғамбаримиз с.а.в.: “اللهم إنك عفوٌ تُحِبُ العفوَ فأعفُ عني – Парвардигорим албатта Сен кечирувчи Зотсан, кечиришликни яхши кўрасан, мени кечир!” 
 
Акрам Абдуллаев
Абу Ҳафси Кабир жомеъ
 масжиди имом хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:29
Пешин: 13:10
Аср: 18:10
Шом: 19:55
Хуфтон: 21:35
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram