ҚАДР КЕЧАСИНИ ҚАДРЛИ ОИЛАМИЗ БИЛАН КУТАЙЛИК
19 май 2020 й.
1205 марта ўқилди.

 
ҚАДР КЕЧАСИНИ ҚАДРЛИ  ОИЛАМИЗ БИЛАН КУТАЙЛИК

Бугун 19 май сешанба куни шом намозидан кейин Рамазон ойининг 27-кечаси бошланади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур” – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). 
Ушбу муборак кечалар Лайлатул қадрни топиш учун қулай фурсатдир. Шундай экан, минг ойдан афзал ушбу кечани ғанимат билиб, уни тоат-ибодат билан ўтказишга ғайрат қилайлик. Ўзимиз,оиламиз, Юртимиз ҳамда бутун мўмин-мусулмонлар ҳақига дуои истиғфорлар айлаб, Аллоҳдан раҳмат, мағфират офияту-омонликлар тилашликни унутмайлик азизлар. Зеро бу Кечанинг фазилати минг ойдан улуғдир инша Аллоҳ! Азизлар ушбу муборак  Кечани ҳали тугалланмаган (Пандемия) даврида, ҳар ким ўз оиласи даврасида ўтказишлик диний уламоларимиз томонидан тавсиялари бериб келинмоқда. Барчамиз ушбу хайрли кўрсатмаларга амал қилган ҳолатда, бу муборак кечанинг чексиз файз-баракотларга тўла фазилатларига мушарраф айламоқлигини Яратган Аллоҳ насиб этсин. Қуйида берилган рисоламизга қўшимча равишда Қадр кечасини қандай ўтказиш ҳақидаги фойдали тавсияларни кўрсатиб ўтмоқликни жоиз топдик.        Кечаси тетик туриш учун пешиндан кейин бироз дам олинг.
Ибодатга халал бермаслик учун ифторда кўп овқат еманг.
Бир сонияни ҳам зое кетказманг, вақтни ғанимат билинг. Ўртоқлар ва яқинлар билан дунёвий ишларни суҳбатлашиб, улкан илоҳий раҳмат ва файзу футуҳларни қўлдан бой берманг.
Хуфтон ва бомдод намозларини аҳли оилангиз билан жамоат бўлиб адо этинг. Таровиҳ намозидан кейин имкон қадар нафл намозларни кўп ўқинг. Чунки намоз ибодатларни энг афзалидир. 
Саждада узоқ вақт дуо қилиб туринг. Чунки банданинг Роббисига энг яқин бўлган ҳолати сажда қилган ҳолатидир. Қолаверса, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Белларингиз гуноҳларингиздан оғирлашиб кетган. Уларни саждада узоқ туриш билан енгиллатинглар”, — деганлар.
Фикрингизни бир жойга қўйиб, ибодат қилинг, Қадр кечасида хаёл бошқа нарсаларда бўлиб ибодат қилишдан ёки бекорчи ишлар билан машғул бўлиб, қуруқ бедор ўтиришдан фойда йўқ. 
Малолланиб қолмаслик учун ибодатни турли кўринишларини аламаштириб туринг. Ҳар биридан тоқатингиз етганча бажаринг. 
Аллоҳни кўп зикр қилинг. Қуръони карим энг улуғ зикрдир. Бундан ташқари тасбиҳ (Субҳааналлоҳ), таҳлил (Лаа илааҳа иллаллоҳ), истиғфор (Астағфируллоҳ), ҳамд (Алҳамдулиллаҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳам энг афзал зикрлар саналади. "Аллоҳ, Аллоҳ", деб юриш ҳам зикрнинг энг тилга осон кўринишидир.
Шаръий илмларга оид китобларни мутолаа қилинг. Зеро, илм олиш, динимиз аҳкомларини ўрганиш ҳам ибодатдир. 
Қадр кечаси давомида имкон борича таҳоратли бўлишга ва тилингизни Аллоҳнинг зикри билан машғул қилишга ҳаракат қилинг.
Дуода ихлос ва бор вужудингиз билан ёлвориб сўранг, чунки Аллоҳ азза ва жалла ёлвориб дуо қилган бандасини яхши кўради ва дуосини қабул қилади.
Дуо қилганда ушбу дуони ҳам кўп такрорланг: «Аллоҳумма иннака Афуввун туҳиббул афва фаъфу ъанний» (яъни, «Ё Аллоҳ, албатта, Сен гуноҳларни кечирувчисан, кечиришни яхши кўрасан, мени афв қилгин, кечиргин»). Набий алаҳиссалом Қадр кечаси айнан шу дуони тавсия қилганлар. 
Қадр кечасини ибодат билан ўтказиш тонг отгунича давом этади, ўша вақтда фаришталар осмондан тушиб, чиқиб туришади.
Аллоҳ таолодан ўзингиз, яқинларингиз ва барча мусулмонларни авф этишини, дўзахдан озод қилишини, бу дунёда уларнинг ҳолини яхши томонга ўзгартиришини сўраб дуо қилинг.

ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги 

Матбуот хизмати 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:40
Куёш: 05:25
Пешин: 13:10
Аср: 18:15
Шом: 19:55
Хуфтон: 21:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram