ҚАЛБ ПОК БЎЛСА, АМАЛ ҲАМ ГЎЗАЛ БЎЛАДИ
05 август 2026 й.
225 марта ўқилди.

ҚАЛБ ПОК БЎЛСА, АМАЛ ҲАМ ГЎЗАЛ БЎЛАДИ
Бугун инсон кўпинча ташқи кўриниши, мавқеи, мол-дунёси ва ижтимоий тармоқлардаги фаоллигига қараб баҳоланмоқда. Кимнинг кузатувчиси кўп ёки ҳаёти ҳавас қиларли кўринса, у муваффақиятли инсон сифатида қабул қилинади. Аммо экрандаги манзара инсоннинг ҳақиқий дунёсини тўлиқ акс эттирмайди. Сурат табассумни кўрсатиши мумкин, лекин ниятни кўрсата олмайди. Шунинг учун Ислом инсон тарбиясини унинг ташқи қиёфасидан эмас, ички оламини ислоҳ қилишдан бошлайди.
Ҳар бир амалнинг кўзга кўринмайдиган ибтидоси бор. У — қалбдаги ниятдир. Тил бирор сўзни айтишидан, қўл бирор ишни бажаришидан ва инсон муайян қарорга келишидан аввал ўша амал қалбда туғилади. Демак, амални гўзал қилиш учун унинг манбаи бўлган қалбни поклаш лозим.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “У кунда на мол-дунё ва на фарзандлар фойда беради. Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом қалб билан келган кишигагина фойда беради” (Шуаро сураси, 88–89-оятлар).
Оятда инсон дунёда таянадиган икки катта куч — бойлик ва фарзандлар зикр қилинмоқда. Мол баъзи мушкулларни енгиллаштиради, фарзандлар эса инсонга суянч бўлади. Аммо Қиёмат куни буларнинг ҳеч бири ўз-ўзича нажот бера олмайди. У кунда инсоннинг энг қимматли сармояси — “қалби салим”, яъни соғлом қалб бўлади.
Соғлом қалб — иймон ва ихлос билан обод, куфр, нифоқ, кибр, риё, ҳасад ва адоватдан покланишга интилган қалбдир. Унинг эгаси ўзини хатосиз деб билмайди. Хатосини сезса, уни оқлашга эмас, тузатишга шошилади. Бировни ранжитса, узр сўрайди; бировнинг ҳақига хиёнат қилса, уни эгасига қайтаради; қалбида ҳасад пайдо бўлса, унга қарши курашади. Ички ислоҳнинг самараси ана шундай амалларда кўринади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
“Огоҳ бўлинглар! Жасадда бир парча гўшт бор. Агар у тўғри бўлса, бутун жасад тўғри бўлади. Агар у бузилса, бутун жасад бузилади. Огоҳ бўлинглар, у — қалбдир” (Саҳиҳул Бухорий китобидан)
Қалбда Аллоҳдан қўрқиш бўлса, кўз ҳаромдан тийилади. Унда меҳр бўлса, тилдан ширин сўз чиқади. Омонатдорлик бўлса, қўл бировнинг ҳақига узатилмайди. Ихлос устун бўлса, инсон яхшилигини кўз-кўз қилишга эҳтиёж сезмайди.
Аксинча, ҳасад бировнинг ютуғини камситишга, кибр одамларни менсимасликка, риё эса хайрли ишни обрў орттириш воситасига айлантиришга олиб боради. Инсон қалбида нимани парвариш қилса, унинг таъсири сўзи, қарори ва ҳаракатларида намоён бўлади.
Ижтимоий тармоқлар яхшиликни кенг тарқатиш учун катта имконият берди. Бир фойдали маълумот минглаб одамларга етиб бориши, бир хайрли ташаббус кўплаб муҳтожларга ёрдам бўлиши мумкин. Айни пайтда бу майдон инсон нияти учун нозик синовга ҳам айланди.
Бугун тез-тез учрайдиган бир ҳолатни олайлик: муҳтож оилага озиқ-овқат етказилади, аммо ёрдам бериш жараёнида хонадоннинг ночор аҳволи, ёрдам олаётган инсоннинг юзи ва кўз ёшлари унинг розилигисиз тасвирга олиниб, ижтимоий тармоққа жойланади. Эҳсон қилган киши эътироф қозониши мумкин, бироқ муҳтожнинг шаъни ва иззатига озор етиши эҳтимоли бор. Демак, масала фақат яхшилик қилинганида эмас, унинг қандай ният ва усулда бажарилганида ҳамдир.
Бу хайрли ишларни мутлақо яшириш керак, дегани эмас. Баъзан одамларни эзгуликка чорлаш, жамоат олдида ҳисобот бериш ёки ибрат кўрсатиш учун уни ошкор қилиш зарур бўлади. Аммо бундай вазиятда ҳам муҳтожнинг розилиги, шаъни ва шахсий ҳаёти ҳимоя қилиниши керак. Холис ният инсонни фақат эҳсон қилишга эмас, ёрдам олувчининг қадрини сақлашга ҳам ундайди.
Рақамли муҳитдаги яна бир хавф — текширилмаган хабар, ғийбат ва туҳматни шошилиб тарқатишдир. Бир хабарни гуруҳга юбориш учун бир неча сония кифоя, аммо унинг оқибати бир инсоннинг обрўси ва оиласига узоқ вақт зарар етказиши мумкин. Қалбда адолат ва масъулият бўлса, бармоқ “улашиш” тугмаси устида тўхтайди: инсон аввал текширади, оқибатини ўйлайди, кейин қарор қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:
“Албатта, Аллоҳ сизларнинг кўринишларингиз ва мол-дунёларингизга қарамайди, балки қалбларингиз ва амалларингизга қарайди” (Имом Муслим, “Саҳиҳи Муслим”).
Қалб поклигининг ёрқин намунасини ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳаётларида кўрамиз. У зот қариндоши ва муҳтожлиги сабабли Мистаҳ ибн Усосага моддий ёрдам бериб турар эдилар. Аммо Мистаҳ ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳо ҳақларида тарқатилган “Ифк” туҳматига аралашди. Қизи Оиша розияллоҳу анҳо ҳақидаги бу оғир туҳмат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қалбларига қаттиқ озор берди. Шундан сўнг у зот Мистаҳга бошқа ёрдам бермасликка қасам ичдилар.
Аллоҳ таоло шунда қуйидаги оятни нозил қилди:
“Улар афв этиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизларми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир” (“Нур” сураси, 22-оят).
Шунда ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Албатта, Аллоҳ мени мағфират қилишини истайман”, дедилар. Сўнг Мистаҳга бериб келган ёрдамларини қайта тиклаб, уни бошқа ҳеч қачон тўхтатмасликларини айтдилар. Бу воқеа “Саҳиҳул Бухорий”да ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган.
Мазкур воқеа муҳим бир ҳақиқатни кўрсатади: қалбдаги ўзгариш ҳаракатга айланмаса, ислоҳ тўлиқ бўлмайди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу кечиримни фақат тил билан изҳор қилмадилар, балки уни яхшиликни давом эттириш орқали тасдиқладилар. Соғлом қалб оғриқни инкор этмайди, аммо адоватнинг инсон амалларини бошқаришига йўл қўймайди.
Бизни ранжитган инсонни “кечирдим” дейиш осон. Аммо у ҳақда ёмон гапиришни тўхтатиш, унга нисбатан адолатни сақлаш ва имкони бўлса, яхшиликни давом эттириш — қалб поклигининг ҳақиқий синовидир.
Қалбни поклаш бир кунлик иш эмас. Бу умр давомида кечадиган маънавий тарбиядир. Ниятни мунтазам текшириш риёдан сақлайди. Қуръон тиловати, зикр, тавба ва истиғфор қалбни уйғотади. Махфий қилинган яхшилик ихлосни мустаҳкамлайди. Бировнинг ютуғи учун самимий дуо қилиш ҳасадни сўндиради. Узр сўраш кибрни синдиради, кечириш эса қалбни гина юкидан озод қилади.
Қалб поклиги мавҳум тушунча эмас. У инсоннинг ҳеч ким кўрмаётгандаги амалида, омонатга муносабатида, оиласи билан муомаласида, бировнинг айбини яширишида ва ўзига озор берган кишига нисбатан ҳам адолатни сақлашида намоён бўлади.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг тутган йўллари бизга аниқ мезонни кўрсатади: кечирим қалбда бошланади, аммо амалда ўз тасдиғини топади. Зеро, соғлом қалбнинг энг ишончли далили — гўзал амалдир.
Шундай экан, бир лаҳза тўхтаб, ўзимиздан сўрайлик: одамлар бизнинг суратимиз, сўзимиз ва ташқи амалларимизни кўрмоқда. Аммо Аллоҳ таоло кўриб турган қалбимиз қандай?
Бизга озор берган инсонга муносабатимиз, ҳеч ким кўрмаётгандаги амалимиз ва эътирофсиз қилган яхшилигимиз бу саволга қандай жавоб бермоқда?
Қалбимиз ҳақидаги энг рост жавобни сўзларимиз эмас, навбатдаги амалимиз кўрсатади.
Ромитан тумани бош имом-хатиби,
«Хожа Али Ромитаний» жоме масжиди имом-хатиби
Отабек домла Раҳимов
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:28
Пешин: 13:10
Аср: 17:20
Шом: 19:05
Хуфтон: 20:35
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram