Қалбларни покловчи ой
11 март 2026 й.
179 марта ўқилди.

 Қалбларни покловчи ой

Рамазон — қалбларни поклайдиган, руҳларни юксалтирадиган, бандани Парвардигорига янада яқинлаштирадиган муборак ойдир. Бу ой — сабр, шукр, тавба ва саховат ойидир. Ҳар бир мусулмон учун Рамазон ўзгача бир мактаб, ўзгача бир неъмат ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Рамазон ойи — одамлар учун ҳидоят манбаи, тўғри йўл ва ҳақни ботилдан ажратувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир.”
(Бақара сураси, 185-оят).
Рамазон — нафақат рўза тутиш, балки тилни ғийбатдан, кўзни ҳаромдан, қалбни ҳасад ва адоватдан тийиш ойидир. Бу ойда ҳар бир амалнинг савоби бир неча баробар зиёда қилинади. Шу боис ҳар бир лаҳзани ғанимат билиб, ибодат, зикр, Қуръон тиловати ва эзгу амаллар билан ўтказишимиз лозим.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон келганда янада саховатли бўлар, инсонларга яхшилик қилишда пешқадам бўлар эдилар. Бу ҳол биз учун ҳам гўзал ибратдир. Айниқса, муҳтожларга ёрдам бериш, қўни-қўшнига меҳр кўрсатиш, ота-она розилигини олиш — Рамазоннинг зийнатидир.
Рамазон — оила ойидир. Саҳарлик ва ифтор пайтидаги жам бўлишлар, биргаликдаги дуолар, фарзандларга рўзанинг ҳикматини тушунтириш — буларнинг барчаси хонадонларимизга барака олиб киради. Агар фарзандларимизни кичиклигидан ҳалолликка, одоб-ахлоққа ва ибодатга ўзимиз ибрат бўлиб ўргатсак, уларнинг қалбига тақво уруғини қадаган бўламиз.
Бу ойда таровеҳ намозлари, хатм Қуръонлар, эҳсон ва садақалар кўпаяди. Айниқса, минг ойдан афзал бўлган Лайлатул Қадр кечасини излаб, тунларни ибодат билан ўтказиш катта фазилатдир. Ҳар биримиз бу улуғ фурсатни бой бермайлик.
Рамазон — ўзимизни ислоҳ қилиш, хатоларимиздан қайтиш ва қалбларимизни поклаш учун берилган улуғ имкониятдир. Келинг, бу ойда бир-биримизга меҳрибон бўлайлик, адоват ва ғина-кудуратларни унутайлик, қалбларимизни кечирим ва меҳр билан безайлик.
Аллоҳ таоло тутган рўзаларимизни, қилган ибодатларимизни Ўз даргоҳида қабул айласин. Юртимизга тинчлик, хонадонларимизга барака, қалбларимизга мустаҳкам иймон ато этсин.
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари
Баҳрамова Ризвон
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:56
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram