У зотга эргашамиз, қайтарганларидан қайтамиз!
27 август 2024 й.
140 марта ўқилди.

 У зотга эргашамиз, қайтарганларидан қайтамиз!


Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муборак динимизда Қуръони каримдан кейинги манба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ҳисобланади. Аввало ҳадис ўзи нима эканлигига бироз тўхталиб ўтамиз. Аллоҳ таолодан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳийнинг уч тури – ҳадис, ҳадиси қудсий ва Қуръон орасидаги фарқни тушуниб етиш ниҳоятда аҳамиятли ишлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам олимлар ушбу мавзуга алоҳида эътибор қаратадилар.
«Ҳадис» сўзи араб тилида «сўз» деган маънони англатади. Демак, ҳадис деганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гап-сўзлари кўзда тутилади ва тушунилади. Уламолар истилоҳида эса «ҳадис»га қуйидагича таъриф берилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан осор бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий ва хулқий (жисмоний ва ахлоқий) сифатлар ҳамда сийратга тегишли маълумотлар «ҳадис» дейилади». 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
ما نَهَيْتُكُمْ عَنْهُ فَاجْتَنِبُوهُ، وَما أَمَرْتُكُمْ بِهِ فَافْعَلُوا مِنْهُ ما اسْتَطَعْتُمْ، فَإنَّما أَهْلَكَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ، كَثْرَةُ مَسَائِلِهِمْ، وَاخْتِلَافُهُمْ علَى أَنْبِيَائِهِمْ.
яъни: “Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан тийилинглар ва сизларни нимага буюрган бўлсам, уни қодир бўлганингизча бажаринглар. Албатта сизлардан олдингиларни ўз пайғамбарларига кўп савол қилганлари ва уларга ихтилоф қилганлари ҳалок қилган”, деб айтганларини эшитдим” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар).
Бу ҳадисни ворид бўлиш сабаби ҳақида Имом Муслим ўзларининг “Саҳиҳ” ларида шундай ривоят қилган: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтди: “Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб: “Эй Инсонлар! Дарҳақиқат Аллоҳ таоло сизларга ҳажни фарз қилди, ҳаж қилинглар”, деб айтдилар. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ, ҳар йилдами?” (яъни ҳар йилда бизга ҳаж фарз бўладими) деб айтди. У зот жим турдилар. Ҳатто у уч марта айтгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар ҳа, деб айтганимда у (ҳар йили) фарз бўлиб қолар эди, ҳаргиз тоқатларингиз етмасди”, дедилар, сўнгра: “Мен айтмаган нарсаларни мендан сўраманглар. Сизлардан олдингилар набийларидан савол сўрайверганлари ва улар билан ихтилоф қилганлари туфайлигина ҳалок бўлишган. Қачон сизларни бирор нарсадан қайтарсам, ундан четланинглар, қачон сизларни бирор нарсага буюрсам, кучингиз етганича уни бажаринглар”, дедилар”. 
Ҳадисдаги Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан тийилинглар”, деган гаплари барча ёмон ишлардан тийилиш кераклигини ўз ичига қамраб олади. 
Ҳадисдаги У зотнинг: “Сизларни нимага буюрган бўлсам, қодир бўлганингизча уни бажаринглар”, деб айтган гаплари Қуръони Каримнинг қуйидаги оятларига мувофиқ келади: 
لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا
яъни: “Аллоҳ таоло ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди” (Бақара сураси, 286-оят). Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аллоҳ таоло сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди” (Бақара сураси, 185-оят).
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ юқоридаги ҳадис борасида шундай деган: “Бу ҳадисдан қайтариқ буйруқдан кўра қаттиқроқ экани маълум бўлади. Зеро, қайтариқда бирор нарсага рухсат берилмади. Буйруқда эса, “қодир бўлганингизча” қайди билан келди. Шунингдек, бу ҳақида шундай дейилган: “Яхши амалларни солиҳ ва фосиқ инсонлар ҳам қилаверади, аммо гуноҳлардан фақатгина сиддиқлар тийиладилар”.
Бу ҳадиси шарифдан, “Зарарларни даф қилиш манфаатларни жалб қилишдан кўра авлороқдир”, деган машҳур қоида ишлаб чиқилган . Бу қоидага қуйидагиларни мисол қилиш мумкин: “Экинингни суғорасанми ёки уйингдаги ёнғинни ўчирасанми? дейилса, албатта дастлаб ёнғин ўчирилади”. Шунингдек, ўзига фойда келтирадиган иш қўшнига зарар етказадиган бўлса, бу иш тарк қилиниши керак. Масалан, тегирмон бор уйнинг атрофи чанг тўзон бўлиб ётади ва бу қўшниларга зарар беради. Бу ҳолатда қўшнилардан изн олиб қилиниши керак.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом умматига мутлақ ўрнак бўлган зот бу – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. У зотга эргашамиз, қайтарганларидан қайтамиз. Зеро дин ишларида у зот ўзларидан гапирмаганлар, балки У зотни жўнатувчи икки дунё эгаси Аллоҳ таолонинг элчиси сифатида буйруқ ва қайтариқларни келтирганлар. Ким Пайғамбарга итоат қилса, шак-шубҳасиз Аллоҳ таолога итоат қилган бўлади. Зеро, У зот Аллоҳ таолога яқин қиладиган ва икки дунё саодатига сабаб бўладиган барча ишга буюрганлар ва Аллоҳдан узоқ қиладиган ҳамда икки дунёда бахтсизликка сабаб бўлувчи барча нарсалардан қайтарганлар. 

Отабек домла Раҳимов,
Ромитан туман бош имом-хатиби

 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:55
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:10
Шом: 18:55
Хуфтон: 20:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram