Қиёмат номлари
13 ноябр 2015 й.
«орқага
3316 марта ўқилди.
Қиёмат номлари
Яратган парвардигор Қуръони карим оятларида, охирги пайғамбар этиб юборилган зот – Муҳаммад алайҳис салом ҳадиси шарифларида биз умматга охират кунининг ҳақлигини баён қилиб берган. Қиёмат кунининг бўлиши қатъий далиллар билан ўз исботини топган. У кунда албатта “Кимки зарра миқдорича яхшилик қилган бўлса уни кўради. Ким зарра миқдорича ёмонлик қилган бўлса уни кўради” (Залзала, 7–8 оят). Банда бунга доимо тайёр туриши ва огоҳ бўлиши зарур. Уламолар аниқ манбалар асосида қиёматнинг юздан зиёд номи борлигини айтиб ўтишган ва бу ҳақда асарлар ҳам ёзилган.
Кези келганда Қуръони каримда кўп зикр қилинган қиёмат номларини келтириб ўтиш ўринлидир:
- 1السَّاعَة :إِنَّ السَّاعَةَ لَآتِيَةٌ لَّا رَيْبَ فِيهَا وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يُؤْمِنُونَ
“Албатта (Қиёмат) соати келгувчидир. У ҳақида шак-шубҳа йўқдир. Лекин кўп одамлар (унинг келишига) иймон келтирмаслар” (Ғофир сураси, 59-оят).
- 2 يَوْمِ الدِّينِ َ: مَـلِكِ يَوْمِ الدِّينِ
“Жазо кунининг – Қиёматнинг Эгаси — Подшоҳи” (Фотиҳа сураси, 2-оят).
- 3 يَوْمُ الْبَعْثِ : وَقَالَ الَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ وَالْإِيمَانَ لَقَدْ لَبِثْتُمْ فِي كِتَابِ اللَّهِ إِلَى يَوْمِ الْبَعْثِ فَهَذَا يَوْمُ الْبَعْثِ وَلَكِنَّكُمْ كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
«(Шунда) илм ва иймон ато этилган зотлар айтадилар: «Аниқки, сизлар Аллоҳ (Лавҳул-Маҳфузда) ёзиб қўйганидек тирилиш кунигача турдинглар. Бас, мана шу тирилиш кунидир. Лекин сизлар (бу куннинг ҳақ эканини) билмас эдинглар» (Рум сураси, 56-оят).
- 4 يَوْمَ الْحَسْرَة ِ: وَأَنذِرْهُمْ يَوْمَ الْحَسْرَةِ
“Уларни ҳасрат-надомат қилиб қоладиган Кундан – Қиёматдан қўрқитинг!” (Марям сураси, 39-оят).
- 5 يَوْمَ التَّنَادِ : وَيَا قَوْمِ إِنِّي أَخَافُ عَلَيْكُمْ يَوْمَ التَّنَادِ
“Эй қавмим, ҳақиқатан мен сизлар ҳақингизда (кишилар бир-бирларига) нидо қилиб қоладиган Кундан (яъни Қиёмат Кунида дўзах азобига дучор бўлиб, дод-вой қилиб қолишларингиздан) қўрқурман” (Ғофир сураси, 32-оят).
- 6 الدَّارَ الْآخِرَة : وَمَا هَذِهِ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا إِلَّا لَهْوٌ وَلَعِبٌ وَإِنَّ الدَّارَ الْآخِرَةَ لَهِيَ الْحَيَوَانُ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ
“Бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир. Агар улар билсалар охират диёригина (мангу) ҳаёт (диёридир)” (Анкабут сураси, 64-оят).
- 7 دَارُ الْقَرَار ِ: يَا قَوْمِ إِنَّمَا هَذِهِ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا مَتَاعٌ وَإِنَّ الْآخِرَةَ هِيَ دَارُ الْقَرَارِ
“Эй қавмим, бу ҳаёти дунё фақат бир (арзимас) матоъдир. Албатта охиратгина (мангу) қароргоҳ бўлган диёрдир” (Ғофир сураси, 39-оят).
- 8 يَوْمُ الْفَصْل ِ: هَذَا يَوْمُ الْفَصْلِ الَّذِي كُنتُمْ بِهِ تُكَذِّبُونَ
“Мана шу сизлар ёлғон деб ўтган (ҳақ билан ботил) ажратиладиган Кундир” (Соффот сураси, 21-оят).
- 9 يَوْمُ الْخُلُود ِ: ادْخُلُوهَا بِسَلَامٍ ذَلِكَ يَوْمُ الْخُلُودِ
“Унга (жаннатга) тинч-омон кирингиз! Бу (кун) мангу (қоладиган) Кундир” (Қоф сураси, 34-оят).
- 10 يَوْمُ الْخُرُوج ِ: يَوْمَ يَسْمَعُونَ الصَّيْحَةَ بِالْحَقِّ ذَلِكَ يَوْمُ الْخُرُوجِ
“У Кунда улар (барча халойиқ) у даҳшатли қичқириқни ҳаққи-рост эшитурлар. Бу (қабрлардан тирилиб) чиқиш Кунидир!” (Қоф сураси, 42-оят).
- 11 يَوْمُ الْجَمْع ِ: وَتُنذِرَ يَوْمَ الْجَمْعِ لَا رَيْبَ فِيهِ فَرِيقٌ فِي الْجَنَّةِ وَفَرِيقٌ فِي السَّعِيرِ
“(Охират азобидан) шак шубҳа бўлмаган тўпланиш Кунидан огоҳлантиришингиз учун Биз сизга мана шундай арабий Қуръонни ваҳий қилдик. (У кунда) бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир” (Шувро сураси, 7-оят).
- 12 يَوْمُ الْحِسَابِ : هَذَا مَا تُوعَدُونَ لِيَوْمِ الْحِسَابِ
“У (зикр қилинган нарсалар) сизларга ҳисоб-китоб куни учун ваъда қилинадиган нарсалардир” (Сод сураси, 53-оят).
- 13 يَوْمُ الْوَعِيدِ : وَنُفِخَ فِي الصُّورِ ذَلِكَ يَوْمُ الْوَعِيدِ
“(Қайта тирилишга даъват қилгувчи) Сур ҳам чалинди. Бу (кофирларга азоб) ваъда қилинган Кундир!” (Қоф сураси, 20-оят).
- 14 الْوَاقِعَة ُ: إِذَا وَقَعَتِ الْوَاقِعَةُ* لَيْسَ لِوَقْعَتِهَا كَاذِبَةٌ
“Қачон Воқеа — Қиёмат воқеъ бўлса, у воқеъ бўлган чоғда бирон ёлғон сўзлагувчи бўлмас” (Воқеа сураси, 1–2 оят).
- 15 الْحَاقَّة ُ: الْحَاقَّةُ * مَا الْحَاقَّةُ * وَمَا أَدْرَاكَ مَا الْحَاقَّةُ*
“Аниқ рўй бергувчи (Қиёмат)... Ўша аниқ рўй бергувчи нимадир? (Эй Муҳаммад), сиз Аниқ рўй бергувчининг нима эканлигини қаердан билурсиз?” (Ҳаққо сураси, 1–3 оят).
- 16 الْآزِفَة ُ: أَزِفَتْ الْآزِفَةُ
“Яқин бўлгувчи (қиёмат) яқин қолди” (Нажм сураси, 57-оят).
- 17 الطَّامَّةُ الْكُبْرَى : فَإِذَا جَاءتِ الطَّامَّةُ الْكُبْرَى
“Бас, қачон катта бало (яъни Қиёмат) келганида...” (Нозиот сураси, 34-оят).
- 18 الصَّاخَّةُ: فَإِذَا جَاءتِ الصَّاخَّةُ
“Бас, қачон (қулоқларни) кар қилгувчи (даҳшатли қичқириқ) келганда (яъни сур иккинчи марта чалиниб, барча халойиққа қайтадан жон ато этилганда, ҳар бир инсон ўзи билан ўзи бўлиб қолур)!” (Абаса сураси, 33-оят).
- 19 الْقَارِعَةُ : الْقَارِعَةُ * مَا الْقَارِعَةُ * وَمَا أَدْرَاكَ مَا الْقَارِعَةُ
“(Ўз даҳшатлари билан кишилар қалбини) қаттиқ қоққувчи (Қиёмат)! У қаттиқ қоққувчи недур?! (Эй инсон), қаттиқ қоққувчи (Қиёмат) нима эканлигини сен қаердан билар эдинг?!” (Қориа сураси, 1–3 оят).
Юқорида айтиб ўтганимиздек, қиёмат кунининг бундан бошқа ғошия, тағобун, садр, жидол, надома, ғирор, мийқот, мирсод, жазо, нафха, залзала, ражфа, ноқур, тафарруқ, содъ, талоқ, буъсиро, азийм, машҳуд, мааб, маҳшар, қасос, издиҳом, тазойиқ, ихтилофил ақдом, ҳавон, иҳтиқор, хофиза, рожифа, рофиъа, родифа, соиқо, сабиқо, муноқаша, мунофаса, муҳосаба, инкисор, ҳақ ва ҳоказо бу ҳаёти дунёда билинмаган, қиёматдагина маълум бўладиган бизларга мавҳум бўлган номлари ҳам борлигини унутмайлик.
Буларнинг олдига يَوْمُ (явм – “кун”) сўзи қўйилган ҳолатда талаффуз қилинади. Яъни, надомат куни, қайтиш куни, ажралиш куни, улуғ кун, хорлик куни, қадамлар тоядиган кун, ҳақ кун...
Қиёмат номларини эслаб ўтишимиздан мақсад, банда асло унутмасинки, “Яна аниқки, (қиёмат) соати шак-шубҳасиз келгувчидир ва албатта Аллоҳ қабрлардаги бор жонзотни тирилтирур” (Ҳаж сураси, 7-оят).
Эркин ҚУДРАТОВ
Мир Араб ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси