БОШ ҚОМУСИМИЗ
08 декабр 2023 й.
177 марта ўқилди.

 БОШ ҚОМУСИМИЗ

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – юртимиз мустақиллигини ёрқин намоён этувчи асосий ҳужжат, қомусимиз, халқимизнинг ору номуси. Негаки, унинг ҳар бир моддасида, ҳар бир бандида халқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳам, миллий бағрикенглик тамойили ҳам акс этиб туради.
Эркин ва обод жамият ҳамда, ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш ғояси Қомусимизнинг асосий мазмунини ташкил этади. Бинобарин, 4-моддада қайд қилинганидек, «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади».
Бугунги кунда Республикамизда истиқомат қилувчи мўмин-мусулмонлар асосий Қомусимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг ва бемалол фойдаланмоқдалар. Хусусан, асосий Қонунимизга кўра виждон, эътиқод эркинлиги кафолатлаб берилган. Турли миллат вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз миллий қадрият ва анъаналарига амал қилишлари учун ҳам кенг имконият ва шароит барпо этилган. Шу билан бирга мазкур қонунимизда бирор бир миллатнинг шаъни ёки унинг миллий қадрияти камситилишига йўл қўйилмаслиги ҳам қатъий белгилаб қўйилган.
Инчунун, Қонуннинг 31-моддасида баён қилинишича:
“Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди”.
Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Қурони каримда шундай марҳамат қилади:
لاَ إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ قَد تَّبَيَّنَ الرُّشْدمِنَ الْغَيِّ فَمَنْ يَكْفُرْ بِالطَّاغُوتِ وَيُؤْمِن بِاللّهِ فَقَدِ اسْتَمْسَكَ بِالْعُرْوَةِ الْوُثْقَىَ لاَ انفِصَامَ لَهَا وَاللّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ
“Динга мажбур қилиш йўқ. Батаҳқиқ, ҳақ ботилдан ажради. Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ, узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлур. Ва Аллоҳ эшитувчи, билувчи зотдир”. (Бақара. 256)
Юртимизда бугунги кунда 130дан ортиқ миллат ва элат вакиллари Бош Қомусимиз белгилаб берган тенг ҳуқуқлилик ва кенг имкониятлардан фойдаланиб, тотувлик ва ҳамжиҳатликда яшамоқдалар. Улар эртанги кунга комил ишонч билан меҳнат қилиб, ягона Ватан равнақига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Қонунимиз ҳар томонлама инсонлар ҳуқуқларини ўз аксида ифода этади. Шу жумладан ҳар ким кексалик ёшига етганида, меҳнат лаёқатини йўқотганида ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга. Яқинда Юртбошимиз Фармонларига мувофиқ Уруш ва меҳнат фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари амалга оширилди. Шу мақсадда уларга ўзлари учун мақбул муддатларда даволаш муассасаларида бепул соғломлаштириш курсидан ўтиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Бу олийжаноблик ҳам давлатимизнинг нафақадаги кексаларимизга берилган катта диққат ва эътибори сабабидандир.
Дарҳақиқат 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг асосий Қонуни ушбу муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётир. Унда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати, диний эътиқоди ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги белгилаб қўйилган.
Бош Қомусимиз нафақат халқчил тамойилларга, балки минг йиллар давомида ривожланиб келган миллий маънавиятимиз асосларига ҳам таянади. Зеро, ҳар бир миллат ўзининг руҳий-эътиқодий илдизларидан узилса, инқирозга учраши табиий. Давлатимиз томонидан мустақилликнинг илк кунлариданоқ халқнинг маърифати ва маънавиятини юксалтириш, имон-эътиқодини юксалтиришга алоҳида аҳамият берилди: “Дин бизнинг қон-қонимизга, онгу шууримизга шу қадар теран сингиб кетганки, уни ҳеч қандай куч, ҳеч қандай ташвиқот билан чиқариб бўлмайди. Халқимизнинг минг йиллик тарихини, бугунги маънавий ҳаётини, дину диёнатимизни мухтасар ифодалаб айтиш мумкинки, Аллоҳ бизнинг қалбимизда, юрагимизда” – деб таъриф берилди.
Конституция бизга фақат ҳуқуқ ва эркинликлар бериб қолмасдан, қатор бурч ва масъулиятларни ҳам юклайди. Бу ҳақда алоҳида боб (XI боб) ажратилган бўлиб, у «Фуқароларнинг бурчлари» деб номланган. Мазкур бобдаги 6 модданинг ҳар бирида фуқароларнинг маълум бир бурчлари аниқ ва равшан кўрсатиб ўтилган. Жумладан, 49-моддада маданий ва маънавий мерос масалалари қамраб олинган: «Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб-асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир». Ёхуд 52-моддада белгилаб қўйилганидек, «Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар».
Дин ва эътиқод масалалари инсон маънавиятининг узвий қисми ҳисобланади. Уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида чуқур ва асосланган билимларга эга бўлиш ҳаётий-амалий фаолиятни тўғри ташкил этишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қўлга киритгандан сўнг барча соҳаларда бўлгани каби дин соҳасида, фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинликлари ҳамда уларнинг дин билан боғлиқ бўлган ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ амалга ошириш, диний ва миллий қадриятларни тиклаш соҳасида ҳам ислоҳотлар амалга оширилди. Энг аввало, виждон эркинлигининг ҳуқуқий базаси мустаҳкамланди.
Бундан ташқари, 1991 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонунни (кейинги ўринда – Қонун деб юритилади) қабул қилди.
Шунингдек, 1998 йил 1 майда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 23 моддадан иборат янги таҳрири қабул қилиниб, уни ишлаб чиқишда мамлакатимизнинг ўзига хос шароити, унда яшовчи кўп миллатли халқимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамда менталитети ҳисобга олинди.
Мазкур Қонун ушбу соҳа бўйича Ўзбекистон тарихидаги дастлабки қонун ҳужжати бўлиб, у ўз навбатида виждон эркинлиги борасида вужудга келадиган муносабатларнинг ҳуқуқий тартибини белгилаб беради.
Виждон эркинлигининг эркин амалга оширилишига ноқонуний чоп этилган диний мазмундаги материалларни ёки динга оид бошқа ахборотларни тайёрлаш ва тарқатиш ҳаракатлари ҳам тўсқинлик қилиши мумкин. Бундай ҳаракатлар учун ҳам жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, Жиноят кодексининг 2443-моддасида “Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш” учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Хусусан, бу борада 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида “Ҳамма учун виждон эркинлиги  кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”, деган ҳуқуқий норма белгиланди (31-модда). Бу норма асосида ҳар бир шахснинг дин билан боғлиқ бўлган ҳуқуқлари давлат томонидан расман кафолатланди.
Бош қомусимизнинг халқимиз ва мустақил мамлакатимиз ҳаётида тутган ўрни ҳақида гап кетар экан, муҳтарам Юртбошимизнинг “Конституция – давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган қомуснома”, – деган ҳикматли сўзларини эслаш ғоят ўринли бўлади.
Халқимизнинг эзгу ниятларини ўзида мужассам этган, эркинлик, миллатлараро тотувлик каби умуминсоний қадриятларга асосланган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси фуқароларимиз тенглиги, тили, дини, урф-одатлари ҳамда миллий қадриятлари гарови сифатида жамият тараққиётига хизмат қилиб келмоқда. Шу жумладан, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил ва тотув яшаб келишлиги бу ҳам ўзбекнинг бағрикенглигидан далолат беради.
Асосий Қонунимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма уч йиллик байрами тадбирларини бутун мамлакатимиз бўйлаб катта тантана сифатида нишонланиб келинаётганлиги тинчликпарвар ва бунёдкор халқимизга хос эзгу интилишларнинг ёрқин ифодасидир.
Мазкур Фармойиш ижроси бўйича ўтказилган селектор йиғилишида эса Қомусимиз тўйига бағишланган тадбирларни “Ким эдигу ким бўлдик?” деган улуғвор ғояга ҳамоҳанг тарзда ташкил этиш алоҳида вазифа сифатида белгилаб берилди.
Дарҳақиқат, бугун ўзбек халқининг дунё миқиёсида ўз мавқеига эга бўлганлиги, Ўзбекистон ривожланган давлатлар қаторидан жой олганлиги қувонарли ва ғурурланарлидир
Давлатимизнинг Асосий Қонуни – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги барчамизга муборак бўлсин!
Чет эллик олимлардан бири Февзи Ёқубов шундай деган экан:
Жаҳон маданият цивилизацияси ҳақида гапирганда, одатда, Юнонистон ва Италиянинг “Фан”га; Англия ва Франциянинг “Маданият”га, Германия ва АҚШнинг “Техника”га, Япония ва Швециянинг “Технология”га қўшган ҳиссаси тилга олинади.
Агар бу рўйхатни давом эттириб, “Эзгулик”, “Тинчлик”, яқинларига ва “Ватан”ига меҳр-муҳаббат туйғулар ҳақида гапирадиган бўлсак, албатта, биринчи қаторда Ўзбекистон Давлатини ёзиш зарур.
Ғолиб домла Очилов,
Вобкент тумани бош имом-хатиби 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:20
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:15
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram