ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚЛАРИ
25 март 2024 й.
95 марта ўқилди.

ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚЛАРИ

Динимиз қўшничилик ҳақларини англаш ва унга риоя  қилишликга чақиради. Зеро яхши-ёмон кунда инсонга биринчи ёрдамчи қўшниси бўлади. Ўзини ҳурмат қиладиган инсон атрофидаги одамларни ҳам ҳурмат қилади. Киши қўшнисига қилган яхши муомаласи энг аввало ўзига қилган яхшилигидир. Чунки қўшнига қилинган яхши муомала-муносабат кейинги ҳаёти давомидаги ҳайр ва меҳр оқибатга сабаб бўлади. Бунинг натижасида маҳаллада, жамиятда иноқлик, аҳиллик ҳукм суради.
Бу борада Пайғамбаримиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедийлар: “Мўмин киши ўзи тўқ бўла туриб, қўшнисини оч қўймайди” (Имом Аҳмад ривояти). Ушбу ҳадисдаги набавий таълим кишини доимо қўшнисини ҳолидан хабардор бўлишликка, ночор бўлса ёрдам қўлини чўзишга ундайди.
Яна бир ҳадиси шарифларида айтадиларки: “Кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, кўшниларига азият етказмасин, ким Аллоҳга ва охиратга иймон келтирган бўлса мусофирга иззат-икром қилсин, ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши сўз сўзласин ёки им турсин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Энг гўзал қўшничилик намуналарини ҳам икки олам сарвари Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатганлар. Узот ўзларига душманлик назари билан қараб, ҳар куни азият бериш мақсадида йўлларига энг чиркин нарсаларни ташлаган қўшни кампирга ҳам доим яхши муомалада бўлганлар. Ҳатто бир куни йўлларига чиқинди ташланганини кўриб, аёлнинг ҳолидан хабар оладилар. Касаллигини билиб унга таом йўллайдилар. Ислом динининг бу даражада гўзал дин эканлигини кўрган аёлнинг қалбидан Пайғамбар алайҳис-саломга нисбаттан кина-адоват барҳам топади. Калимаи шаҳодатни айтиб Исломни қабул қилади. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшничилик ҳақларига юксак даражада амал қилганларининг натижаси эди.
Оилада ҳам ҳар бир ота-она яхши қўшничилик удумларини фарзандларига ўргатиб, ўзлари бу ишда ибрат бўлишса, гўзал  набавий суннатга амал қилган бўлади.  Бу одобга амал қилиш эса жамиятда  тинчлик-хотиржамлик ҳукм суришига хизмат қилади.

Ориф домла Тўқсанов,
“Абу Бакр Ас-Сиддиқ” жоме масжиди имом-хатиби 
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:35
Куёш: 05:22
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:05
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram