Самарқанд сайқали рўйи замин аст, Бухоро қуббатул Ислом дин аст.
02 феврал 2026 й.
418 марта ўқилди.
Самарқанд сайқали рўйи замин аст, Бухоро қуббатул Ислом дин аст.
Бу жумлани кўпчилигимиз қайта-қайта эшитганмиз: «Бухоро — қуббат-ул-Ислом». «Қуббат-ул-Ислом» атамаси Ислом динига оид илм, тақво ва амал уйғун ҳолда жам бўлган марказ маъносини англатади. Бу шунчаки шарафли унвон эмас, балки муайян тарихий, маънавий ва ижтимоий масъулиятни ифода этувчи мақомдир.
Ислом цивилизацияси тарихида бундай мақомга эга бўлган шаҳарлар кам эмас: Боғдод, Қуртуба, Нишопур каби илм-фан ва фикр марказлари муайян даврларда «қуббат-ул-Ислом» сифатида тан олинган. Бироқ уларнинг аксарияти бу мақомни маълум бир тарихий даврдагина сақлаб қолган. Бухоронинг ўзига хослиги шундаки, у бу унвонни нафақат қўлга киритди, балки асрлар давомида сақлаб қолишга муваффақ бўлди.
Шу ерда табиий савол туғилади: Бухоро бу мақомга қандай етишди? Бу шаҳарни бошқалардан ажратиб турадиган омил нима эди? Фақатгина улуғ уламоларнинг кўплиги, ёки мадрасалар сони биланми? Ёки бу ерда илм ва эътиқод, ахлоқ ва ижтимоий ҳаёт ўртасида ўзига хос мувозанат шаклланганмиди?
Бу саволга жавоб излаш учун келинг, бир тасаввурий манзарани кўз олдимизга келтирайлик. Айтайлик, сизнинг икки ўғлингиз бор. Бир куни сиз уларга шундай деб мурожаат қиласиз:
— «Ўғлим, оёқ кийимимни олиб қўй», — дейсиз.
Биринчи ўғлингиз бориб, айтганингизни аниқ бажаради: оёқ кийимингизни олиб, жойига қўяди. Иккинчи ўғлингиз эса бу билан чекланиб қолмайди — у оёқ кийимни тозалайди, тартибга солади ва эҳтиёткорлик билан жойига қўяди.
Энди ўзингиздан сўраб кўринг: ҳар иккиси ҳам фарзандингиз, ҳар иккаласини ҳам севасиз. Аммо буйруқни муҳаббат, эътибор ва орасталик билан бажарган ўғлингиз қалбингизга табиий равишда яқинроқ бўлмайдими?
Худди шундай, Аллоҳ таоло барча бандаларини яратган ва уларни меҳрибонлик билан севгувчидир. Бироқ ким фақат фарзларни адо этиш билан чекланиб қолмай, балки суннат, мустаҳаб ва одоб-ахлоқ аммалларини ҳам муҳаббат, ихлос ва эътибор билан бажарса, Аллоҳ таоло ўша банданинг мақомини юксак қилади, уни Ўзига яқин олади.
Чунки фарз — бандалик бурчи, суннат ва мустаҳаблар эса — муҳаббатнинг ифодасидир.
Бухоро ҳам ана шу муҳаббат йўли билан шарафли мақомга етишган. У бу унвонга тасодифан ёки фақатгина илм аҳлининг кўплиги сабабли эмас, балки суннат ва мустаҳаб аммалларга изчил риоя қилиниши, одоб ва тартибнинг ҳаёт тарзига айланиши орқали эришган.
Афсуски, бугунги кунда ана шу нозик, аммо улкан аҳамиятга эга бўлган аммалларга бўлган эътибор кундан-кунга сусайиб бормоқда. Хусусан, намоздан кейинги зикр ва дуолар масаласига назар солсак, бу борада шариатимизда бир қатор саҳиҳ ҳадислар келганини кўрамиз. Ҳанафий мазҳаби эса ушбу ҳадисларни жамлаб, уларни мукаммал тартиб ва одоб билан бизга етказиб берган.
Бухоро айнан шу тартиб, ихлос ва давомийликка амал қилгани, суннату мустаҳабларни ҳаётнинг ажралмас қисми сифатида сақлагани учунгина «қуббат-ул-Ислом» деган юксак мақомга муносиб бўла олган. Шу тартибни бир эсласак намоз тугаб салом берилгандан сунг энг аввал:
Уч марта “Астагфируллоҳ” дейилади ва
اللَّهُمَّ أَنْتَ السَّلَامُ وَمِنْكَ السَّلَامُ، تَبَارَكْتَ يَا ذَا الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ
дуоси ўқилади, ушбу ҳадисга мувофиқ:
عَنْ ثَوْبَانَ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللَّهِ ﷺ إِذَا انْصَرَفَ مِنْ صَلَاتِهِ، اسْتَغْفَرَ ثَلَاثًا، وَقَالَ: اللَّهُمَّ أَنْتَ السَّلَامُ وَمِنْكَ السَّلَامُ، تَبَارَكْتَ يَا ذَا الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ
Савбон (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ ﷺ намоздан чиқиб, салом берганларидан сўнг уч марта истиғфор айтар эдилар, сўнгра шундай дер эдилар:
“Аллоҳумма антас саламу ва минкас салам, таборакта йа зал жалали вал икром.”
Оятул Курси ўқилади, ушбу ҳадисга биноан:
مَنْ قَرَأَ آيَةَ الْكُرْسِيِّ دُبُرَ كُلِّ صَلَاةٍ مَكْتُوبَةٍ، لَمْ يَمْنَعْهُ مِنْ دُخُولِ الْجَنَّةِ إِلَّا أَنْ يَمُوتَ
Ким ҳар фарз намоздан кейин Оятул Курсини ўқиса, уни жаннатга киришдан фақат ўлим тўсади.
Тасбеҳлар: 33 марта Субҳаналлоҳ, 33 марта Алҳамдулиллаҳ, 33 марта Аллоҳу акбар дейилади, ушбу ҳадисга кўра:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ ﷺ قَالَ:
مَنْ سَبَّحَ اللَّهَ فِي دُبُرِ كُلِّ صَلَاةٍ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ، وَحَمِدَ اللَّهَ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ، وَكَبَّرَ اللَّهَ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ، فَتِلْكَ تِسْعٌ وَتِسْعُونَ، ثُمَّ قَالَ تَمَامَ الْمِائَةِ:
لَا إِلٰهَ إِلَّا اللَّهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ — غُفِرَتْ خَطَايَاهُ وَإِنْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким ҳар бир фарз намоздан кейин 33 марта Субҳаналлоҳ, 33 марта Алҳамдулиллаҳ, 33 марта Аллоҳу акбар деса, бу 99 та бўлади. Сўнгра 100 ни тўлдириб шундай деса: لَا إِلٰهَ إِلَّا اللَّهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَ لَهُ الْحَمْدُ وَ هُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ ундай банданинг гуноҳлари кечирилади, ҳатто денгиз кўпигичалик бўлса ҳам.» (Имом Муслим ривояти).
Дуо қилинади, ушбу ҳадисга таяниб:
عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ:
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ ﷺ:
«الدُّعَاءُ هُوَ الْعِبَادَةُ»
ثُمَّ قَرَأَ: ﴿وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ﴾
Нуъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳума) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Дуо — ибодатнинг ўзидир.” Сўнгра шундай оятни тиловат қилдилар: “Роббингиз: Менга дуо қилинглар, Мен сизларга ижобат қиламан,”
Қуръон тиловат қилинади, ушбу оятга амал қилган ҳолда: “فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَاذْكُرُوا اللَّهَ قِيَامًا وَقُعُودًا وَعَلَىٰ جُنُوبِكُمْ”
«Намозни адо этганингиздан сўнг, Аллоҳни турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолингизда эслаб туринглар». Бу оят намоздан кейинги вақтни зикр ва Қуръон тиловати билан безашга ундайди. Чунки Қуръоннинг ўзи энг улуғ зикрдир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилaди, ушбу ҳадисга мувофиқ:
عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ:
إِنَّ الدُّعَاءَ مَوْقُوفٌ بَيْنَ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ، لَا يَصْعَدُ مِنْهُ شَيْءٌ حَتَّى تُصَلِّيَ عَلَى نَبِيِّكَ ﷺ
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Дуо осмон билан ер орасида тўхтаб туради. У (осмонга) кўтарилмайди — токи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилмагунча”. Агар биз ҳам шу ояту ҳадисларга амал қилсак, Аллоҳ устимиздан яна баракасини ёғдиради. Аксаримиз намоздан кейин ризқ талаб қилиб шошиб чиқиб кетамиз. Ибодат, зикр, Аллоҳга яқинлашиш — қурбат ҳосил қилиш борасида эса ҳаракат ҳам қилмайдиган, беэътибор бўлиб қолдик. Ваҳоланки, Аллоҳ бизга нимани буюрди?
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“هُوَ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ ذَلُولًا فَامْشُوا فِي مَنَاكِبِهَا وَكُلُوا مِنْ رِزْقِهِ وَإِلَيْهِ النُّشُورُ”
“У (Аллоҳ) сизлар учун ерни бўйсундириб қўйди. Бас, унинг йўлларида юринглар ва Унинг ризқидан енглар. (Охир-оқибатда) қайтишингиз фақат Унинг ҳузурига бўлади.” (Мулк сураси, 15-оят)
Ризқ масаласида Аллоҳ “فَامْشُوا” деган феълни ишлатди. Араб тилида бу “юрмоқ” деган маънони англатади. Яъни, ризқингиз борасида таваккал қилинг, юриб олинг, шошилманг. Чунки барибир Аллоҳ насиб қилган ризқига етишасиз, холос. Лекин ибодат, зикр масаласида “Жумъа” сурасида:
“فَاسْعَوْا إِلَىٰ ذِكْرِ اللَّهِ وَذَرُوا الْبَيْعَ”
“Эй мўминлар, Аллоҳни зикр этишга шошилинглар ва савдо-сотиқни тарк этинглар.” Бу оятда Аллоҳ “فَاسْعَوْا” феълни ишлатди — яъни “шошилинглар, тез юринглар” маъносида. Нимага шошилиш керак, дейилса — фарз ибодатларга. Аллоҳга қурбат ҳосил қилиб яқин бўлиш масаласида эса:
“فَفِرُّوا إِلَى اللَّهِ”
— “Бас, Аллоҳ сари қочинглар!” деди. Яъни, бу борада югуринг, улгуринг, деб буюрди. Лекин биз бунга тескари амал қиляпмиз: “ризқ масаласида оёқ-қўлларимизни олиб шошамиз, югурамиз, ибодат ва зикрда эса секин юрамиз, шошилмаймиз”. Аллоҳ барчамизни ислоҳ қилсин!”.
Бир ибрат назар билан қаранг, ҳозирда фарзандларимиз — келажак авлодларимиз иймони учун хавф туғдираётган сохта салафийлар ҳам тўғридан-тўғри фарзни эмас, аввал мустахабни, сўнг суннатни, сўнг воҗибни тарк қилишга чорламоқда. Агар биз эътиборли бўлмасак, бу охир-оқибат фарз аммалларни ҳам тарк қилишга олиб боради. Аллоҳ асрасин!
Отабек домла Авезов,
Бухоро шаҳар бош имом-хатиби
«орқага















