“Қурбон ҳайити” - меҳру-мурувват байрами
15 июн 2024 й.
2732 марта ўқилди.

 “Қурбон ҳайити” - меҳру-мурувват байрами

 
Аллоҳга шукурлар бўлсинки, диёримиз мустаққилликка эришгандан сўнг диний маросимларимиз ўз ўрнини топмоқда. Давлатимиз раҳбарияти ва ҳукуматимизнинг бевосита ғамхўрлиги туфайли ҳожиларимиз барча қулай шароитларга эга бўлдилар. Бу йили ўн мингдан зиёд юртдошларимиз ҳаж амалини адо этишга мушарраф бўлмоқдалар, минглаб кишилар умра ибодатини адо этмоқда. Ҳайит кунлари дам олиш кунига айлантирилди. 
Жаноби пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларки: 
الأَضْحَي وَ الفِطر عِيدُ المُسلِمُونَ عِيدُ وَ اعْيَاد قَومٍ لِكُلِّ وَ 
“Ҳар бир қавмнинг ўз байрами бор. Мусулмонларнинг диний байрами эса Рамазон ва Қурбон ҳайитидир”, - дедилар.
Кўпчилик мусулмон биродарларимиз Қурбон ҳайитида қурбонлик қиладилар. Қурбонлик қилишнинг шариатимиздаги ҳукми ҳақида тўхталиб ўтишни лозим топдик. 
Имом Аъзам Нўъмон ибн Собит раҳматуллоҳи алайҳ қурбонлик қилиш моли нисобга етган, яъни закот беришга қодир бўлган киши учун вожибдир деганлар. 
Шогирдлари Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳлар эса Қурбонликни суннат деганлар. Яъни Қурбонлик қилинса савоб бўлиб, қилинмаса гуноҳкор бўлинмайди. 
Инсон ўзининг номидан қурбонлик қилиш билан бирга, қодир бўлса бир неча киши номидан қурбонлик қилса ҳам бўлади. Масалан: ўтган ота-оналари, аждодлари, ҳаттоки Жанобимиз Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам номларидан қурбонлик қилишлари ҳам мустаҳаб эканлиги мўътабар манбаларда баён қилинган. Бу уларга бўлган муҳаббатнинг аломатидир. 
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам умматлари номидан ҳам қурбонлик қилганлари ривоят қилинган. Бу ҳақда Оиша онамиз ва Абу Ҳурайра розияллоҳудан саҳиҳ ривоят қилинган. 
Қурбонликка яроқли ҳайвонлар, энг камида бир ёшли эчки ёки олти ойлик қўй. Буларнинг биттасини фақат бир киши қурбонлик қилиши мумкин.
Энг камида икки ёшлик мол ёки беш ёшлик туя қурбонлик қилишда бир кишидан етти кишигача шерик бўлиб иштирок этишлари жоиздир. Аммо шерикларнинг ҳаммаси мусулмон ва қурбонликни ният қилган бўлиши керак. Аммо улардан бирортаси шунчаки гўшт учун қўшилган бўлса, қолган барча шерикларнинг қурбонлиги ўтмайди. Сўйилган ҳайвоннинг гўшти шериклар ўртасида тенг тақсимланишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. 
Юқорида айтилган ҳайвонларнинг эркаги ҳам урғочиси ҳам, бичилгани ҳам қурбонлик қилинса бўлаверади. Бошқа ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди.  
Қурбонлик қилинадиган ҳайвон бир кўзи кўрмайдиган, қулоғи ва думининг учдан бирининг кўп қисми кесилган ва сўйиладиган ергача ўзи юриб боролмайдиган оқсоқ ҳайвонлар, шохи синган, касалманд бўлмаслиги шарт. Шу билан бирга у ейишга муносиб бўлиши, жуда ориқ ва қари бўлмаслиги лозим. Пайғамбаримизнинг муборак ҳадисларида:
عَنِ النَّبِي  صَلَّي اللَّهُ عَلَيهِ وَسَلَّم  قَال: "عَظِّمُوا ضَاحَايَكُم فَإِنَّهَا عَلَى الصِّرَاطِ مَطَايَاكُم"
Яъни: Қурбонликларингизни каттароқ қилинглар, чунки улар Сирот кўпригида сизларга улов бўлади”, - деб айтдилар.
Қурбонлик қилишнинг вақти, Қурбон ҳайити намози ўқилгандан сўнг токи ҳайитнинг учинчи куни кун ботгунига қадар. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки:  
إِنَّ اَوَّلَ مَا نَبْدَاُ بِهِ فِي  يَومِنَا هَذَا  نُصَلِّي ثُمَّ نَرْجِعُ فَنَنْحَر فَمَنْ فَعَلَ ذَلِكَ فَقَدْ اَصَابَ سُنَّتَنَا 
“Бугун Қурбон ҳайити куни, аввал ҳайит намозини ўқиймиз, сўнг қурбонлик қиламиз. Ким шундай қилса, суннатимизга мувофиқ қилибдир”, - дедилар. 
Қурбонликни ҳар ким ўз қўли билан сўйса яхши, аммо сўйолмаса қассобга сўйдирса ҳам жоиз. У ҳолда қассоб сўяётган вақтида қурбонлик қилувчи ўз қурбонлигининг туёғи ва юнгидан ушлаб туриши суннатлиги Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифлари билан собит бўлгандир: 
مَن رَاي هِلَال ذِي الحِجَّةِ مِنْكُم وَ اَرَادَ ان يَضْحِي فَلِيُمْسِك عَن شَعْرِهِ وَ اظْفَارِهِ 
“Сизлардан қайси бирингиз Зул-ҳижжа ойини кўриб қурбонлик қилмоқчи бўлса, қурбонлигининг туёғи ва юнгидан ушлаб турсин”,-дедилар.
Қурбонлик гўштининг учдан бирини оила аҳлига, учдан бирини қўшниларга, қолганини муҳтожларга тарқатиш мустаҳабдир. Ҳаммасини фақирларга берса ёки оилада кўпчилик бўлса, уйда қолдирса ҳам бўлади. Терисини сотиш ёки қассобнинг хизмати ҳақига бериш жоиз эмас. Мабодо сотилса, пули камбағалларга эҳсон қилиниши керак. 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки: 
كُلُوا وَ اطْعِمُوا وَ اَدخِرُوا 
“Қурбонликдан ўзларингиз ҳам енглар, бошқаларга ҳам едиринглар ҳамда кейин истеъмол қилиш учун сақлаб қўйинглар”,-дедилар.
Уламоларимиз қурбонликнинг машруъ бўлиш ҳикмати ҳақида Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом бошлаган суннатларини ибодат тарзида ижро этиш, эслаш, ҳамда ҳайит кунлари кишиларга иқтисодий кенгчилик туғдиришдир деганлар. Чунки Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: اِنَّمَا هِي ايَّام اكل و شرب وَ ذِكْرِ اللهِ عَزَ وَ جَلَّ
“Қурбон ҳайити кунлари бошқа кунларга нисбатан ейиш ичишдан сероб бўлиш ҳамда Аллоҳ таолонинг зикрини қилишдир”, - дедилар. 
Шунга кўра арафа куни эрталабки намоздан бошлаб, тўртинчи ҳайит аср намозигача, ушбу кунларда ҳарқайси фарз намозидан сўнг:الله اكبر الله اكبر لا اله الا الله و الله اكبر الله اكبر و لله الحمد Деб такбир айтиш вожибдир. 
Шунинг учун бу кунни яқинларимизни йўқлаб, уларнинг ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни зиёрат қилиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, оилаларга хурсандчилик улашиш ва умуман байрамнинг кўркига кўрк қўшадиган амали солиҳлар билан ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, кам таъминланганлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар. Бу кунда гина кудуратларни унутиб, кечиримли бўлиши лозим.
Аллоҳ таоло юртимизни бундан ҳам обод қилиб, халқимизни моддий ва маънавий бойлигини бунданда зиёда бўлиб боришини муяссар насиб қилсин.
 
Бухоро шаҳар “Пиридастгир” масжиди 
имом-хатиби Жонмуҳаммад Гулов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram