ҚУРБОНЛИК ҲИКМАТЛАРИ
05 июн 2025 й.
261 марта ўқилди.
ҚУРБОНЛИК ҲИКМАТЛАРИ
Қурбонлик қилиш ҳанафий уламолар наздида қурбон байрами кунларида қарзидан ва асосий эхтиёжларидан бошқа 20 мисқол (80.18гр) олтин ёки шу қийматдаги пул ёки мол-мулкка эга бўлган одам (эркак, аёл, балоғатга етмаган гўдак, ақли заиф бўлса хам) зиммасидаги вожиб амалдир. Балоғатга етмаган ва ақли заифларнинг молидан валийси қурбонлик қилади. Закотда молнинг нисобга етишидан ташқари, унинг тижорат моли бўлиши ва бир йил давомида камаймасдан туриши шарт қилинади, қурбонликда эса бу шартлар йўқ. Одамнинг яшаётган уйи (гарчи бу уй ўзиники бўлмаса ҳам), керакли уй ашёлари, либоси, улови, иш қуроллари ва шунга ўхшаган нарсалари асосий эҳтиёжи дейилади (масалан: яшаб турган уйидан ташқари нисоб миқдорига тенг ёки нисобдан ортиқ, мулк сифатида олиб қўйилган уй-жойи ёки ери бўлган муқим мусулмонга қурбонлик вожиб бўлади). Қурбонлик вожиб бўлиши учун вақтнинг охирига эътибор қилинади.
Яъни Қурбон ҳайитининг учинчи куни қуёш ботишидан олдин Бой бўлган одам қурбонлик сўйиши вожиб бўлади. Аксинча, ўша куни қуёш ботишидан олдин камбағал бўлган ёки ўлган кишидан қурбонлик мажбурияти кетади.
Баъзи олимлар инсоннинг моли нисобга етиш-етмаслигидан қатъий назар, агар у қурбонлик қилишга қодир бўлса ва шу иш сабабли қийналиб қолмаса, унга бу амал таъкидланган суннатдир, дейдилар. Айримлар қурбонлик қилишни хатто фарз ҳам деганлар. Бу ҳукмлар Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига асосланади: "Раббингиз учун намоз ўқинг ва жонлиқ сўйинг" ("Ал-Кавсар" сураси, 2-оят).
Қурбонлик қилишнинг вақти Қурбон хайитининг биринчи куни тонг бошланиши билан бошланади ва учинчи куни қуёш ботишигача давом этади. Лекин хайитнинг биринчи куни сўйилиши афзалроқ. Шаҳарда ва хайит намози ўқиладиган жойларда қурбонликни хайит намозидан кейин сўйиш шартдир. Бироқ хайит намози ўқилмайдиган жойларда хайит куни тонг ота бошлаши билан сўйилиши мумкин.
Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: "Ким намоздан илгари жонлиқ сўйган бўлса, яна қайта сўйсин" (Муттафақун алайҳи).
Қурбонлик қилиш ибодатида кўплаб ҳикматлар бўлиб, уларнинг айримлари қуйидагилардир:
1. Қурбонлик қилиш банда учун ўзига берилган ҳаёт неъмати ва бошқа кўплаб сон-саноқсиз неъматларга шукроналик ифодаси бўлади;
2. Иброҳим алайҳиссалом ва Исмоил алайҳиссаломларнинг Аллоҳ таолонинг буйруқларига бўйин эгишдаги сабру-тоқатлари ва фидокорликларини ҳамда Аллоҳ йўлидаги фидокорлик қандай тақдирланишини ёдга солади;
3. Қалбдаги Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатни нафсу ҳаво истакларидан муқаддам қўйишга ўргатади;
4. Гуноҳларга каффорот бўлади;
5. Аҳли оиласига ва бошқаларга кенгчилик қилишга сабаб бўлади.
Қурбонлик сўйиш яъни, бир жониворнинг қонини оқизиш қандай қилиб неъматларга шукроналикни ифодалайди, деган саволга уламолар шундай жавоб берганлар: маълумки, банда ўзига берилган неъматларнинг шукрини келтириши лозим. Неъматларга шукр қилиш эса шу неъматларни ато қилувчи Зотни улуғлаш ва Унинг кўрсатмаларига мувофиқ сарфлаш билан бўлади. Шунга кўра, қурбонлик сўйиш икки жиҳатдан неъматларга шукроналик ифодаси ҳисобланади:
1. Қурбонлик сўйиш туфайли аҳли оиласига, қавму-қариндошу, қўни-қўшниларга серобчилик қилинади, камбағал бева-бечораларга садақалар қилинади. Бу ишлар эса банда учун Аллоҳ таолонинг берган неъматларидан шоду хурсанд бўлиб яшаётганини изҳор қилиш ҳисобланади.
Шунинг учун қурбонликка айбу нуқсонлардан саломат бўлган энг яхши ҳайвон танланади.
2. Қурбонлик сўйиш Аллоҳ таолонинг берган хабарини тасдиқлаш ҳисобланади.
Демак, қурбонлик қилувчи мўмин Аллоҳ таоло унга ризқ қилиб берган нарсани шукроналик билан эҳсон қилган ҳамда тановул қилаётган ва Аллоҳнинг берган хабарини амали билан тасдиқлаётган бўлади.
Парвардигоримиз юртимиз, халқимиз учун келаётган Қурбон ҳайитини баракотли қилсин, барчамизни шундай улуғ кунлар фазилатидан насибодор айласин!
Ғолиб домла Очилов,
Вобкент тумани “Анжир Фағнавий” масжиди имом-хатиби
«орқага