“Абдуллоҳ Зуфарнинг Аллоҳни яхши кўрган одам “жиҳод” қилади” айтган сўзига раддия
28 август 2020 й.
878 марта ўқилди.
“Абдуллоҳ Зуфарнинг Аллоҳни яхши кўрган одам
“жиҳод” қилади” айтган сўзига раддия
Жиҳод” сўзи араб тилидан таржима қилинганда “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бермоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “меҳнат қилмоқ” каби маъноларни ифодалайди. Ислом тарихини чуқур ўрганган мутахассис олимлар, тарихда юз берган ҳар қандай жиҳод, фақатгина, мудофаа мақсадида олиб борилганини таъкидлайдилар. Бу борада замонамиз уламолари бундай дейдилар: “Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлур эдилар. Яъни, у зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушган ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилган бўлардилар. Бироқ Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан, табиий равишда юзага келгач, душман мусулмонлар яшаб турган юртига босиб келганда мусулмонларнинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар. Барча Ислом уламолари бу ердаги жиҳод мудофаа учун бўлганлигини таъкидлашади.
Маълумки, босқинчилик, тинч аҳолига қарши ҳужум уюштириш ва ҳоказолар Исломда қаттиқ ман қилинган. Бир бегуноҳ кишини ўлдириш гўёки барча одамларни ўлдириш билан баробар қилинган. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб, айтади: “…кимки, бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган бир одамни ўлдирса, демак, у гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса, ёки ўлимдан қутқарса), демак, у гўё барча одамларга ҳаёт берибди” (Моида сураси, 32-оят). Бошқа бир ояти каримада эса битта мўмин-мусулмонни қасддан ўлдирган одамнинг жазоси дўзахда абадий қолиши, Аллоҳнинг ғазаб ва лаънатига учраши айтилиб, бундай ёвузликдан қаттиқ огоҳлантирилган. “Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Аллоҳ ундай кимсага ғазаб қилган, лаънатлаган, ва унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Ҳозир эса бузғунчи тоифалардан А. Зуфарга ўхшаган жоҳил қимсалар, инсонлар балан уришиб уларни ҳаётига зомин бўлишни “жиҳод” деб талқин қилиб, яна устига бу билан Аллоҳни яхши кўриш деб таърифлаяпди. Улар “жиҳод” деб ўзлари илгари сураётган ёвуз мақсадга эришиш учун янги “жиҳод” турларини ўйлаб топишган. Улар “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, айбсиз одамларнинг ноҳақ қони тўкилишига сабабчи бўлишмоқда. Машҳур уламо, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутий бундай бузғунчи тоифаларнинг қилмишини қоралаб шундай дейди: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш”, дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш”, дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васалам) бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?”.
Когон туман бош имом –хатиби Ж. Сабуров
«орқага