РАМАЗОН- ойи одамлар учун ҳидоятдир!
22 июн 2016 й.
«орқага
2847 марта ўқилди.
РАМАЗОН- ойи одамлар учун ҳидоятдир!
Олам узра балқиди моҳи Рамазон,
Унда омондадир ҳар бир тирик жон .
Раҳмату мағфират, нажот ойи бу,
Ани ғанимат бил эй оқил инсон.
Дарҳақиқат, юқорида айтилганидек, бизларга раҳмат ва мағфират, нажот ва яхшиликлар ойи бўлган муборак Рамазон ташриф буюрди. Мана кўз очиб юмгунча ғанимат билганимиз ушбу файзиёб ойнинг деярли ярми ҳам ортда қолди...
Рўза буюк ибодат ва мўмин учун мислсиз имкониятдир. У кишида сабр, саховат, ирода, тўғрисўзлик, тартиб, нафсни жиловлаш, шафқат, ўзгалар дарди билан яшаш каби яхши хулқларни тарбиялайди. Бу улуғ ибодатнинг исломнинг беш рукнидан бири қилиниши ҳам бежиз эмас. Зеро, рўза ўз соҳибида мисли кўрилмаган хислат ва фазилатларни шакллантиради. Унинг фойдалари беқиёс. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилади: "Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза бундан мустасно. У Мен учундир ва унинг ажрини Ўзим бераман". Аллоҳ таоло Рамазон рўзасидан бошқа ҳеч қайси ибодатни Ўзига хосламаган. Мазкур ҳадиси қудсийни шарҳлаган уламоларимиз рўзадаги бу ўзига хосликни Аллоҳ таоло барча ибодатларда бандаларидан талаб қилган ихлоснинг мазкур ибодатда алоҳида, яққол намоён бўлиши билан ифодалаганлар. Чунки, рўзадор кун давомида таоми, шароби ва шаҳватини фақат Аллоҳ учун тарк этади. Ваҳоланки, сиртдан олиб қараганда, банда ёлғиз қолганда еб-ичиб олиб ёки бошқа эҳтиёжини қондириб, одамлар олдида ўзини рўзадор қилиб кўрсатиб юриши мумкин. Лекин ўзини билган мусулмон бундай қилмайди, рўзани холис Аллоҳ учун тутади, хилватда ҳам, жамоа ичида ҳам бир ҳил ҳолатда бўлади. Бошқача қилиб айтганда, ёлғиз қолганда рўзага монеъ ишларни қилишдан мухлис бандани фақатгина унинг ихлоси ва Аллоҳнинг барча нарсани кўриб, ишларнинг ҳисобини олиб турувчилик сифатигина тўсиб туради. Бу билан банда тақводек улкан сармояни қўлга киритади. Рамазон рўзаси фарз қилинган Бақара сурасининг 183-оятида ҳам "...шояд тақводор бўлсангиз" сўзлари орқали рўзадан кўзланган бош мақсад баён этилган.
Бошқа бир ҳадиси шарифда жаннатнинг саккиз эшиги борлиги, улардан бирининг номи "Райён" бўлиб, ундан фақат рўзадорларгина кириши марҳамат қилинган. Жаннатнинг саккиз эшигидан бири бўлган Райённинг ҳадисда алоҳида зикр этилиши бу ибодатнинг қадри қанчалик юксак эканлигидан дарак беради. Шу ўринда яна бир гап. Юқорида келтирилган хадиси қудсий матнидаги Аллоҳ азза ва жалланинг "У Мен учундир" деган сўзи инсоннинг хаёлига "Аллоҳга бандасининг рўзаси керак экан, бандасининг ибодатига Унинг эҳтиёжи бор экан" деган нотўғри фикрни келишига ҳаргиз сабаб бўлмаслиги лозим. Бу ботил ақидадир. Инсоннинг барча ёмон ишлари охир оқибат фақат ўзига зарар келтиргани каби, унинг барча ибодат ва яхши ишлари ҳам фақатгина ўзига фойда келтиради. Зеро, Қуръони каримда "Эй инсонлар! Сизлар барчангиз Аллоҳга муҳтождирсизлар, Аллоҳ эса беҳожат, мақталган Зотдир" деб марҳамат қилинади (Фотир, 15-оят). Юқорида рўзанинг охиратдаги фойдалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтдик. Энди рўзанинг дунёвий фойдаларидан баъзиларини эсга олайлик. Авваламбор, рўза тутиш инсоннинг соғлигига мислсиз даражада фойдали ҳисобланади. Замонавий тиббиёт ҳам ихтиёрий очлик кўплаб касалликларнинг олдини олишини исботлаган. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам эса рўзанинг соғлиққа фойдасини бундан 14 аср олдин ўзларининг икки оғиз сўздан иборат ҳадиси муборакларида айтиб кетганлар: "Рўза тутинглар – соғ бўласизлар". Бундан ташқари, ихтиёрий тарзда оч қолиб, рўза тутган инсон егани нарсаси йўқ бўлган, очликка мажбур бечораларнинг ҳолини тушунади, унда меҳр-шафқат, мискинларга ёрдам бериш каби фазилатлар мавж уради, шу билан бирга унда ўзини кўпчилик бандаларидан афзал қилиб қўйган Аллоҳ таолога шукроналик туйғуси ҳам ортади. Қорин ғамини унутиб, ўзини юксак ишларга сафарбар этади. Рамазон мусулмонлар яшайдиган жамиятга ўзгача шукуҳ ва файз бағишлайди. Барча хурсанд, очиқ чеҳрали ва ўзаро бир-бирига меҳрибон бўлиб қолади. Ҳатто бошқа пайтда ёмонлигидан қочиладиган шахслар ҳам Рамазон келиши билан яхши томонга ўзгарадилар. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг бу ойдаги раҳмати ва Рамазон ойининг баракотидандир. Юртимизда ҳам бу муборак ой ўзгача шукуҳ ва кўтаринки кайфиятда ўтмоқда. Мана бир неча йилдирки, юртимизда Рамазон ойига давлат миқёсида эътибор берилиб, мазкур муборак ойни муносиб кутиб олиш ва ўтқазиш бўйича Президент қарорлари қабул қилинмоқда. Мазкур қарорлардан келиб чиққан ҳолда хайрли ва савобли ишлар давлат даражасида амалга оширилмоқда. Бу муборак ойда айниқса, масжидларимиз ўзгача тароват касб этади. Бу йил ҳам республиканинг барча масжидларида таровиҳ намозлари ўқилмоқда, уларнинг 800 дан зиёдида эса хатми Қуръонлар бўлмоқда. Мусулмонларимиз учун давлат миқёси даражасида шароитлар яратиб берилиши, юксак эътибор берилиши барчамизни қувонтиради албатта. Шубҳасиз бўлаётган бу хайрли ишларнинг замирида юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ётибди. Тинчлик бор экан, халқимиз ўз ибодатлари ва маросимларини эмин-эркин адо этиб келмоқда. Бугун давлатимизда нафақат мусулмонларга, балки бошқа дин ва миллат вакиллари учун ҳам барча шароитлар яратилган. Дунёнинг бошқа минтақалари, хоссатан Яқин Шарқда бўлаётган нотинчликлар, ҳатто Рамазон ойида ҳам турли тўқнашув ва низоларнинг бўлаётгани, муқаддас ислом дини номидан қилинаётган хунрезликларга назар ташлар эканмиз, тинчликнинг қанчайин олий ва бебаҳо неъмат эканлигини яна бир бор англаб етамиз. Лекин, афсуски, бугун юртимиздаги фаровонлик, бунёдкорлик, тараққиёт ва тинчлик ишларини, диний соҳадаги ютуқларимизни кўролмаётган, мусулмонлар ёппасига кофирга чиқарилиб, қатл этилаётган, бошқа миллат ва дин вакиллари оммавий қирғин қиланаётган, ҳаққа чақираётган уламолар хорланаётган турли фитна ўчоқларидаги ҳолатни Ўзбекистонда ҳам бўлишидан умидвор кучлар йўқ эмас. Бугунга келиб, турли хорижий интернет нашрлари, ахборот порталлари орқали юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни нохолис баҳолаш, ҳақиқатни бузиб тасвирлаш ҳолатлари авж олмоқда. Минг афсуслар бўлсинки, турли геосиёсий кучларнинг таъсир воситаси ҳисобланган бундай ахборот хизматларида фаолият олиб бораётганларнинг бир қисми қайсидир йўллар билан чет элга бориб, ўз юрти, ватандошлари устига мағзава ағдараётган ўз миллатдошларимиздан иборат. Бу каби ватанфурушлик, нобакорлик балки бу дунёда жавобсиз қолар, лекин охиратда бу ношукрлар албатта ўз жазоларини оладилар. Закот, садақа ва бошқа молиявий ибодатларни Рамазон ойида амалга ошириш халқимизда яхши анъана сифатида шаклланган. Албатта бу бежиз эмас. Зеро ҳадиси шарифларда бу ойда қилинган яхши ишларнинг савоби мислсиз даражада кўпайтириб берилиши таъкидланган. Айниқса, бу ойда закотдек улуғ ибодатни адо этувчилар сони кескин ортади. Закот миқдори, унга ҳақдор ҳисобланган тоифалар, нисоб, закот бериш билан боғлиқ одоб ва тартиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳар йили юртимиз мусулмонларига тақдим этиб келинмоқда. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, закотга ажратилган молнинг ўз ҳақдорларига, муносиб жойига етиб боришини таъминлаш закотнинг шартларидан ҳисобланади. Айрим ҳолатларда закотнинг нолойиқ ва беҳуда ишларга сарфланиши мазкур улуғ ибодатнинг савобини йўққа чиқариб қўяди. Бошқа мамлакатлар, хусусан айрим араб давлатларида йиғилаётган закотларнинг турли экстремистик ва террорчи тоифаларни маблағ билан таъминлаш ишларига жалб этилиши, бу эса ўз навбатида турли фожеаларга сабаб бўлаётгани бизга сабоқ бўлиши лозим. Зеро, инсонни бахиллик, худбинлик каби иллатлардан ҳимоялаш, жамият аъзолари орасида ўзаро меҳр-муҳаббат пайдо қилиш, ажратилган маблағларнинг фақир ва мискинларга ҳамда жамият фаровонлиги учун хизмат қиладиган бошқа хайрли ишларга сарфланиши закотнинг мақсадларидан ҳисобланади. Шундай экан, барча тоат-ибодатларимиз, хайрли ишларимиз динимиз кўрсатмаларида айтилганидек пухта ва гўзал равишда бўлишига ҳаракат қилишимиз лозим бўлади. Шундагина қилган бу амалларимиз барокотидан Яратган бизга бериб келаётган неъматларини янада зиёда қилади. Сўзимиз сўнггида юртимиз мусулмонларини яна бир бор муборак Рамазон ойи билан қутлаб, Аллоҳдан юртимизга тинчлик ва фаровонлик сўраб қоламиз.
Ғиждувон туман бош имом хатиби :
Ж.Муродов