Муборак рамазон ойи фазилати
28 март 2023 й.
Вобкент туман бош имом-хатиби Ғолиб домла Очилов.
«орқага
256 марта ўқилди.
Муборак рамазон ойи фазилати
Рамазон арабча “ар-рамад” деган сўздан олинган бўлиб, қуёш ҳароратининг жуда исиб, қайнаб кетишини англатади. “Ар-рамдо” эса, қуёш оламни тандирдек ловуллатиб қиздиришини билдиради.
Бу ҳақда Имом Замахшарий мана бундай деганлар: “Ҳар бир ойни номлаш вақтида шу ойдаги бирор белги билан ёки ўзига хос хусусият билан номига аҳамият қилганлар. Рамазон ойи эса йилнинг энг иссиқ кунларига тўғри келган. Шунинг учун уни жуда иссиқ, жазирама маъносида рамазон деб атаганлар”. Ҳар бир мусулмон бу ойда ўзининг имон ва ихлосини чархлаб, унга сайқал бериб, эътиқоду имон нурини зиёда қилиб олиши зарур. Зеро, ҳар қандай одам ҳам йил мобайнида нафсоний эҳтиёжларини қондириш билан овора бўлиб, кундалик турмуш жараёнида содир бўлаётган турли салбий ҳолатлардан таъсирланиши натижасида унинг нури имони хиралашиб, ақидаси ҳам заифлашиб қолади.
Рўза инсонни ҳалол-покликка даъват этади, унинг қалбини ғуборлардан тозалайди. Зеро, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган: “Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат) ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди” (Бақара,183).
Салмони Форсий р.а. шундай дедилар: “Шаъбон ойининг охирги куни Расулуллоҳ с.а.в. бизларга хутба ўқиб шундай дедилар: “Эй одамлар! Сизларга энг улуғ ва барокатли ой келмоқда. У ойда бир кеча борки, у минг ойдан афзалдир. Аллоҳ таоло у ойда рўза тутишни фарз, кечаси намоз ўқишни нафл қилган. У ойда кимда ким бирор бир нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади, кимда ким бу ойда бирор фарз амалини адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади. У сабр ойи. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. У хайр-эҳсон улашиладиган ой. Бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки бу ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан кам бўлмаган савоб берилади”. Шунда биз: “ Эй Расулуллоҳ! Ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку” –дедик. Расулуллоҳ с.а.в.”Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир хўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки рўзадорни қорнини тўйғазса, Аллоҳ қиёматда унга Ҳавзи кавсардан бир қултум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди” – дедилар.
Рамазон шариф тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодат ойидир. Шунинг билан бирга бу ойда гуноҳлар ювилади, тавба-тазаррулар, чин ихлос ва эътиқод ила қилинган дуолар мустажоб бўлиб, қалблар таскин топади.
Пайғамбаримиз с.а.в. марҳамат қилиб айтадилар: “Кимки Рамазон ойида рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳ таолонинг розилигини истаган ҳолда рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.(Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қиладилар: “Бу ой шундай ойки, биринчи ўн кунлиги раҳмат, икинчи ўн кунлиги мағфират ва учинчи ўн кунлиги эса, дўзахдан нажотдир”. Аллоҳнинг рахмати тушган қалб эгаси Ҳақдан адашмайди, дунёнинг зеб-зийнатлари ва ҳою ҳавасларига алданмайди, ҳақиқатга хиёнат қилмайди. Шунингдек, Аллоҳнинг раҳмати ёғилган оила эса, албатта, барокотли ва файзли бўлади, унда меҳр-муҳаббат, ўзаро вафодорлик ҳукмронлик қилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза мен учундир ва унинг мукофотини ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан урушмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, албатта, рўзадор киши оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушканбарнинг ҳидидан ҳушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бор. Бири- ифтор вақтида, иккинчиси- Парвардигорга йўлиққанида”-дедилар. Пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қиладилар: “ Албатта, жаннатда “Раййон” номли эшик бордир. У эшикдан қиёмат кунида рўзадорларгина киради. Улардан бошқа кимса кирмайди. - Қаерда рўзадорлар- деб нидо қилинади. Сўнг рўзадорлар ўринларидан турадилар ва у эшикдан жаннатга кирадилар. Улар кириб бўлганларидан сўнг у эшик ёпилади, улардан бошқа кимса у эшикдан кирмайди”. Бу ой Парвардигори оламнинг абадий туганмас неъмати бўлмиш жаннатига етишишимиз учун берилган улкан бир неъматдир.
Аллоҳ таоло барчаларимизга бу ойни ғанимат билишликка тавфиқ берсин. Дуолар қабул бўладиган бу улуғ ойда имкон қадар одамларга меҳр-шафқатли бўлайлик. Кам таъминланган, бева-бечора, етим-есирларга ёрдамлашайлик. Ёши улуғларни қадрлаб, уларга иззат-икром кўрсатайлик. Аллоҳ таоло Рамазон ойини барчамиз учун хайрли ва муборак қилиб, ибодат-у, дуоларимизни мақбул айласин.
Вобкент туман бош имом-хатиби Ғолиб домла Очилов.