Рўзадор Роббисидан ғофил бўлмайди
31 март 2023 й.
219 марта ўқилди.

 Рўзадор Роббисидан ғофил бўлмайди

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, эсон-омон яна бир Рамазонга етказди. Рамазон рўзаси шундай ибодатки унинг савобининг миқдори фақат Аллоҳнинг ўзигагина маълум. Агар бандаси рўзани қандайдир тиббий фойдалари учунгина эмас, балки иймон ва иҳтисоб билан тутса, Робби амр қилгани учун тутса у бандани Аллоҳ: "Ўзим мукофотлайман" деган. Зеро банданинг барча ибодатлари ўзи учун, аммо рўза Аллоҳ учундир. 
Бугунги кунда инсонларни ибодатга қизиқтириш учун унинг турли ҳикматлари гапирилмоқда. Аммо ундаги руҳий ҳолат ҳақида кам эсланаяпди. Бизга Рамазон рўзасини Роббимиз амр қилганининг ўзи етади! Бундан ортиқ фазилат бўлиши мумкин эмас! Аллоҳ учун тарк қилинган барча нарсалар лазиз эканлигини кўрасиз. Унинг ризосини истаб ичакларингизни бўшатдингиз. Унинг ризосини кўзлаб томоқларингиз қуришига рози бўлдингиз. Ана шу нарса Унинг сизни яхши кўришига далилдир. Миллионлаб инсонлар Рамазон нималигини, рўзанинг нелигини билишмайди. Улар Аллоҳнинг ҳузурига яқинда боришади. Аммо тайёргарлик йўқ! Сиз эса унга суюкли бўлишингиз учун кўплар ичидан танландингиз, жамоа ичидан ихтиёр қилиндингиз!
Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда шундай дейилади: "Ким Рамазонда бирор яхши амал қилса бошқа вақтдаги бир фарзни адо қилгандек бўлади. Кимки Рамазонда битта фарзни адо қилса бошқа вақтдаги етмишта фарзни адо қилгандек бўлади". "Саҳиҳайн"да келишича, Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: "Рамазонда қилинган умра ҳажга тенгдир". Бошқа ривоятда "Мен билан қилинган ҳажга тенгдир", дейилган. Иброҳим Нахаъий роҳимаҳуллоҳ айтади: "Рамазонда бир кун рўза тутиш бошқа вақтдаги минг кундан афзалдир. Рамазонда битта тасбиҳ айтиш бошқа кундаги мингта тасбиҳдан афзалдир". 
Демак инсон яна бир Рамазонга етса бу унинг мақомини кўтарилишига сабаб экан. Ямандан икки киши келиб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида иймон келтирди. Уларнинг бири бошқасига қараганда кўпроқ ибодат қилар эди. У Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга жанг қилиб вафот этди шаҳид бўлди. Нариги шериги эса ундан кейин бир йил яшаб вафот қилди. Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу туш кўрди. Тушида жаннат эшиги олдида турган эмиш. Ҳалиги икки Яманлик киши ҳам ўша ерда турган эмиш. Бир фаришта келиб бир йил кейин вафот этган Яманлик кишини жаннатга киришини айтди. Сўнгра фаришта яна қайтиб чиқиб шаҳид бўлган Яманликни ҳам жаннатга киришини айтди. Сўнгра яна қайтиб чиқиб Талҳа розияллоҳу анҳуга деди: - Сен қайт! Ҳали сенинг умринг бор! Талҳа розияллоҳу анҳу кўрган тушини одамларга айтиб юрди. 
Одамлар унинг тушидан, ҳалиги Яманликларнинг ҳолидан таажжубланиб юришди. Бу гап Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга етиб боргач кишиларга дедилар: - Нимадан таажжубланаяпсизлар? - Эй Аллоҳнинг Расули! Анави Яманлик ибодатли киши эди, шаҳид бўлди. Аммо шериги жаннатга ундан аввал кирди?! Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга шундай дедилар: - Жаннатга аввал кирган киши ундан кейин бир йил яшамаганмиди? - Яшаган эди! - Рамазонни топиб, рўза тутиб, намоз ўқиганмиди?! - Ҳа! - Унда иккаласининг ўртасидаги фарқ осмон билан ер қадардир! Қандай ажойиб динимиз бор! Банданинг қилган ибодати мақомини кўтаради. Тасбиҳ айтишимиз гуноҳларни йўқотади. Бир намоз иккинчи намозгача бўлган хатоларни ўчиради. Жума намози келаси жумагача бўлган хатоларни ўчиради. Рамазон келаси Рамазонгача бўлган хатоларни ўчиради. Рўзадорни Аллоҳдан ғофил бўлиши мумкин эмас. Чунки рўзадорни очқагани ўз ўрнида зикрдир. 
Рўзадорнинг ташналиги гарчи уни зикр калималари билан тили қимирламасада, ҳақиқатан ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зикри саналади. Мен ўзимни таомга муҳтож эканимни ҳис қиламан, лекин мен Аллоҳ таолонинг буйруғига жавоб тариқасида рўза тутганимни биламан. Демак мен рўзадорлигимни ҳис қилган вақтимда Аллоҳнинг кузатувида эканимни ҳам ҳис қиламан. Очликни сезганимда Аллоҳнинг назоратида эканимни ҳам сезаман. Қачон ташна бўлиб оғзим қуриса ва сувга муҳтожлик сезсам мен ушбу ҳолда ҳам Аллоҳ билан биргаман. Рўзанинг қанча-қанча ҳусусиятлари ва қанчандан-қанча имтиёзлари бор. 
Бу нарса бошқа ибодатларда кўзга ташланмайди. Шайтонларнинг кишанланиши ҳам ана шундан. Чунки, шайтонлар қачон инсонни қўлга туширади? Албатта, Аллоҳ таолодан ғафлатда бўлганида уни қўлга олади.
Демак инсон Аллоҳ билан бирга бўлса ва уни доим эслаб зикр қилиб юрса ҳамда Аллоҳ азза ва жалла билан муроқабада бўлса, шайтон унинг муроқабасини парчалаб қалбига кира олмайди.
Демак шайтон ҳақиқий рўза тутган рўзадорга ҳеч қачон яқин кела олмайди. Чунки у модомики рўзадор экан, доимо Аллоҳ азза ва жаллани эслаб туради. Роббим тутаятган рўзаларимизни қабул қилсин!
Рамазон келаяпти-кетяпти деймиз. Аслида кетаётган биз. Рамазон қайтаверади то қиёматгача. Биз кетадиган бўлсак қайта олмаймиз!

Шофиркон туман "Шайхи Дарвеш" жомеъ масжиди
имом-хатиби Азизжон домла Жамолов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram