РАМАЗОН ҲАЙИТИ ТАБРИГИ
13 май 2021 й.
1008 марта ўқилди.

 
РАМАЗОН ҲАЙИТИ ТАБРИГИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳи Роббил Аъламин!
Ассалату вассаламу аъла ашрафил холқи вал мурсалин ва алиҳи ва соҳбиҳи ажмаъин. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Муҳтарам азиз дин қардошлар, ҳурматли юртдошлар, мўмин-мусулмонлар бу йилги кириб келган Рамазон ҳайитини умр дафтаримизнинг олтин зарварақлари қилиб, битилганлигини Роббим Аллоҳ Ўзи муборак айласин! У Рамазондан бу Рамазонгача ўтганларимизни Аллоҳ раҳматига олсин. Оталаримиз, оналаримиз, ёши улуғ нуронийларимизни бу йилги умр дафтарларига Рамазони шариф ойининг ажр-савоблари, хатмоналари ёзилгани муборакбод бўлсин. Сафимизга янгидан қўшилган кўзимиз қувончи бўлмиш, азиз фарзандларимизга Аллоҳ таоло бу йилги Рамазон ҳайитини муборакбод қилсин. 
Рамазон ойи юртимизда аҳил-иноқликда кўтаринки руҳ билан ўтказилди. Юртдошларимиз савоб ишларнинг бошини тутиб, меҳр-мурувват кўрсатдилар, кексаларнинг ҳолидан хабар олдилар, эзгу ишларда бардавом бўлдилар. Энди ушбу анъанани ва касб этган хайрли амалларимизни йил бўйи давом эттиришликни Аллоҳ бардавом айласин! 
Аллоҳ таоло шу мўътабар диёрга Ўзининг азиз неъмати – тинчлик, осойишталикни берди, қут-барака, фаровонликни ато этди. Атрофга назар солсак, бизни ўраб турган сонсиз, саноқсиз неъматлар қуршовида яшаётганимизга амин бўламиз. Яратган Роббимиз ўз неъматларининг саноқсизлигига эслатиш орқали инсонни шукр қилишга ундаган ушбу ояти карима фикримиз далилидир:
وَآَتَاكُمْ مِنْ كُلِّ مَا سَأَلْتُمُوهُ وَإِنْ تَعُدُّوا نِعْمَةَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا
яъни: “Сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмайсизлар”. (Иброҳим сураси, 34-оят), деб марҳамат қилади.
Бизлар бу берилган неъматларнинг қадрига етиб, динимиз ривожига кўрсатилаётган шароит ва ғамхўрликларни Аллоҳнинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша адо этишимиз лозим ва лобуддир.
Ҳақ таоло байрамнинг шарофатидан мустақил ватанимиз равнақи, халқимизнинг аҳил-иноқлиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкам бўлишини насиб айласин! Фарзандларимизни илмлик, имонлик қилсин.
Бу тинчлик, осойишталик йўлида саъю ҳаракат қилаётган барчани Аллоҳ таоло эзгу мақсадларидан афзалига муваффақ қилсин. Юртимизни ёмон кўзлардан Парвардигорнинг ўзи асрасин. Муҳтарам Юртбошимизнинг эл-юрт равнақи, бахт-саодати йўлида олиб бораётган хайрли ва савобли ишларида Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлсин.
Рамазон ҳайити намозининг савобидан ҳаммамизни баҳраманд ва байрам баракотидан барча мўмин-мусулмонларнинг гуноҳларини мағфират айлаб, даражотларини юқорига кўтариб, икки дунё саодатига мушарраф қилсин.
Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Жобир Элов
ЎМИ Бухоро вилояти вакили, вилоят бош имоми 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 06:00
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram