Рамазон – меҳр-мурувват ҳамда ҳамжиҳатлик ойи
01 март 2026 й.
108 марта ўқилди.
Рамазон – меҳр-мурувват ҳамда ҳамжиҳатлик ойи
Рамазон ойи — ислом динидаги энг муқаддас ойлардан бири бўлиб, у сабр-тоқат, меҳр-шафқат, саховат ва ҳамжиҳатлик рамзи ҳисобланади. Бу ойда мусулмонлар рўза тутиб, нафақат очлик ва чанқоқликка сабр қиладилар, балки қалбларини поклаб, яхши амаллар қилишга интиладилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
لَنْ تَنَالُوا الْبِرَّ حَتَّىٰ تُنْفِقُوا مِمَّا تُحِبُّونَ
“Сизлар яхши кўрган нарсаларингиздан инфоқ қилмагунча, яхшиликка (камолотга) эриша олмайсизлар” (Оли Имрон сураси, 92-оят).
Ушбу ояти карима инсонни фақат ибодат билан эмас, балки мол-мулки, имконияти ва меҳри билан ҳам жамиятга фойда келтиришга чорлайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бундай деганлар:
أَحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللَّهِ أَنْفَعُهُمْ لِلنَّاسِ
“Аллоҳ таолога энг севимли инсон – одамларга энг кўп наф келтирадиганидир” (Табароний ривояти).
Бугунги кунда мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш, эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар айнан ана шу исломий тамойиллар билан ҳамоҳанг тарзда амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 16 февраль куни Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш ҳамда уни “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” ғояси остида ташкил этиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш, оғир касалликка чалинган фуқароларнинг даволаниш харажатларини қоплаш учун “Вақф” хайрия жамғармаси ва Ижтимоий ҳимоя агентлиги орқали бир триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилиши режалаштирилди. Бу каби амалий чоралар юртимизда ижтимоий адолат ва бағрикенглик муҳити мустаҳкам эканининг ёрқин ифодасидир.
Муқаддас ой муносабати билан амалга оширилаётган ишлар фақат молиявий кўмак билан чекланиб қолмаяпти. Мураккаб жарроҳлик амалиётларини ташкил этиш, даволаниш харажатларини қоплаш, таълим олаётган ёшларнинг контракт тўловларига ёрдам бериш каби хайрли ташаббуслар ҳам ҳаётга татбиқ этилмоқда. Шунингдек, маънавий қўллаб-қувватлаш, руҳий далда бериш ва жамиятда меҳр-оқибат муҳитини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовордир. Айниқса, жамият таянчи бўлган хотин-қизлар ва ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш орқали мустақил ҳаётга йўналтириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгиланди. Маҳаллаларда адолатли ва шаффоф рўйхатлар шакллантирилиб, ёрдам кўрсатиш тартиби очиқлик асосида амалга оширилаётгани эса аҳоли ишончини мустаҳкамламоқда. “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Зеро, ислом таълимотида ҳам инсон шаъни ва қадри энг олий неъмат сифатида эътироф этилган. Шунингдек, муқаддас Рамазон ойи муносабати билан диний соҳа ходимларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жамият маънавий ҳаётида фаол иштирок этиб, аҳоли ўртасида маърифат ва тарбия ишларини олиб бораётган имом-хатиблар, имом-ноиблар ва бошқа диний хизматчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга бир марталик моддий ёрдам ажратилди. Бу эътибор ва ғамхўрлик диний соҳа вакилларининг фаолиятига берилган юксак баҳо, шу билан бир қаторда, уларнинг масъулиятли хизматини рағбатлантиришнинг амалий ифодаси бўлди.
Рамазон ойи – шукроналик, бағрикенглик ва бирдамлик ойидир. Бу муборак ойда амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳар бир юртдошимизни инфоқ қилишга, саховатли бўлишга ва жамиятда аҳилликни янада мустаҳкамлашга чорлайди. Чунки ҳақиқий ибодат – фақат намоз ва рўза билангина эмас, балки инсонларга наф келтириш, муҳтожларга елкадош бўлиш билан ҳам камол топади.
Ромитан туман бош имом-хатиби
Отабек Раҳимов
«орқага















