Рамазон ойи – яхшилик ойидир.
11 май 2020 й.
1084 марта ўқилди.

 

Рамазон ойи – яхшилик ойидир.

Барча ойларнинг султони ва афзали Рамазони шарифга барчамизни етказган Парвардигори оламга беадад ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбарлар хотами бўлган, ҳар кеча хоссатан Рамазон кечаларида Каломуллоҳни ўқиб, бизларга уни хатм қилишликка тарғиб қилган Расулимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар бўлсин.
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 185-оятида шундай марҳамат қилади: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”. Демак Рамазон ойи шундай ойки, унда Аллоҳ таоло Қуръонни нозил қилган. Агар унда фақат шу хусусиятнинг ўзигина бўлган тақдирда ҳам улуғлиги ва фазилати учун етарли ҳисобланган бўларди. Лекин унинг фазилатлари шунинг ўзи билан чекланиб қолмаган. Бу ойда гуноҳлар кечирилади, даражалар баланд қилинади, яхши амаллар учун бериладиган савоблар бошқа ойлардагидан кўра кўпроқ  орттириб берилади, осмондан раҳмат ва барокотлар ёғилади. Унинг ҳар кечасида дўзах азобидан маълум кишилар озод қилинади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Рамазон ойи кирганида Аллоҳ таоло жаннат дарвозаларини очади, жаҳаннам дарвозаларини ёпади. Шайтонларни - яъни инсонларни ҳидоятдан адаштирмоқни истаган шайтонларни занжирбанд қилади. Ҳар эрталаб саҳарда, дунё осмонига бир фаришта тушиб нидо қилади: “ Эй яхшилик умид-у истагида бўлган банда, юзлангин, яхшилик қилмоқчи бўлсанг шошилгин. Яхшилигингни қилиб олгин, фазилатлидир бу ой. Эй ёмонликни қасд қилган, ёмонликни ниятида юрган, яхшиликдан қалбида асар ҳам бўлмаган банда, ёмонликдан тийилгин. Шайтон ҳам занжирбанд бўлган пайтда сен ҳам ёмонликдан тийилгин!”. ( Имом Муслим ва Аҳмад ривояти).
Рамазон ойи серфазилат ой. Демак бу ойда Қуръон ўқишликни, зикру-тасбеҳларни, дуоларни, яхшилик қилишликни кўпайтиришимиз даркор. Хоссатан ҳозирги синовли кунларда яъни пандемия даврида, қолаверса юртимизда кузатилинаётган офатларда агар бир –биримизни ҳам моддий, ҳам маънавий, ҳам руҳий қўллаб –қувватласак, қўлимиздан келганча савобли ишларда бардавом бўлсак ва мана шу савоблик ишларда беллашсак албатта Роббимизни рози қилган бандалардан бўлар эдик. 
Аллоҳ таоло Рамазон ойида тутаётган рўзаларимизни, қилаётган хайру саховатларимизни даргоҳида қабул қилсин. Юртимизни хар хил бало-ю офатларлардан ўзи паноҳида сақласин. Амийн! 

Бухоро шаҳар “Махмуд Таробий” жомеъ масжид
 имом-хатиби Камалов Шухрат
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:47
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram