Рамазон-саховат ойидир
02 март 2026 й.
172 марта ўқилди.

 Рамазон-саховат ойидир

Имом Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир», деганлар.
Демак, ойларнинг султони  Рамазонда мусулмон киши ҳам дунёсини ҳам охиратини обод қиладиган амалларни кўпайтириш пайида бўлади. Рамазонда хусусан садақа ва хайру эҳсонларнинг савоби янада кўп ва ажри улуғ бўлади. Шу боис, халқимизнинг аксари  Рамазон кириши билан ифторлик дастурхонларини ёйиб, бойларимиз закотларини чиқариб ҳақдорларига етказиш ҳаракатини бошлайдилар.   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ҳар дойимгидан ҳам кўра кўпроқ саховат қилар эдилар.
Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахийликлари Рамазонда – Жаброил у зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил Рамазоннинг ҳар тунида у зот билан учрашиб, Қуръонни дарс қилишарди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар».
Эркин шамол – бу айнан бирор томонга йўналтирилган эмас, балки ҳар тарафга етадиган шамолдир. Бундай шамолнинг баҳраси ҳаммага, учраганки кишига тегади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Рамазонда саховат қилишда худди ўшандай шамолга ўхшаб кетар эдилар, у зот шу қадар қўли очиқ бўлиб кетардиларки, буни оддий сўз билан таърифлаб бўлмаганидан Ибн аббос розияллоҳу анҳумо мазкур таъбирни ишлатишни маъқул кўрганлар.
Абу Фазл ўз «Муснадида» Салмон розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбоннинг охирги куни бизга хутба қилиб бундай дедилар: «Эй одамлар! Дарҳақиқат, сизларга буюк бир ой соя солмоқда. Муборак ой. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ унинг рўзасини фарз қилди, кечасини ибодат билан ўтказишни ихтиёрий – нафл қилди. Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади. У сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир. У кўнгил овлаш ойидир. У мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир. Ким бир рўзадорга ифторлик берса, бу унинг учун бир қул озод қилиш ва гуноҳлари учун мағфират бўлади», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз-ку?», дейилди. У зот: «Бу савобни Аллоҳ рўзадорга бир татим сут ё хурмо ёки бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳлари учун мағфират бўлади ва Аллоҳ унга менинг Ҳавзимдан ичимлик ичиради, у то жаннатга киргунича чанқамайди. Унга рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, у(рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарсани камайтирилмайди.
Азизлар! Бугунги кунда юртимизда инсон қадрини улуғлаш ва эхтиёжманд қатламни қўллаб -қувватлаш борасидаги хайрли ишлар Ислом динининг ушбу олийжаноб тамойилларига ҳамоҳанг равишда амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 16 февраль куни Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган йигилишда Рамазон ойи муносабати билан «Рамазон— мехр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи» шиори остида улкан хайрия тадбирлари белгиланди. Жумладан, эхтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ва беморларни даволаш харажатларини қоплаш учун «Вақф» фонди ва Ижтимоий ҳимоя агентлиги оркали жами 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши — юртимизда ижтимоий адолат ва меҳр-оқибат муҳити нақадар мустахкам эканининг амалий ифодасидир.
Юртбошимизни бу ишларидан илҳомланиб, меҳр- муруват, хайру-саховатни давоми ўлароқ барча устоз домлалар, имом -хатибларимиз ҳам ҳомийларни жалб қилган ҳолда муҳтож оилаларга кириб, уларнинг ҳолидан хабар олиб, моддий ёрдам, озиқ-овқат маҳсулотлари, ифторлик дастурхонларини ташкил қилиб бермоқдалар. Натижада юртимизни ривожи, халқимизни тараққиёти, ватанимиз ободлиги, ислом динимизни равнақини тилаб, хайрли дуолар қилинмоқда.
Аллоҳ таоло бу хайрли ишларнинг барчасига баракот берсин, Юрт тинч, мамлакатимиз обод бўлсин. 
Ғиждувон туман "Cоктари" жомеъ масжиди имом-хатиби
Жасурбек Латипов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:56
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram