Рамзан Қодировнинг Ўзбекистонга келиш орзуси ушалди
2017 йилнинг 17 октябрь куни Чеченистон Республикаси Давлат раҳбари Рамзан Қодиров бир гуруҳ дин ва давлат арбоблари ҳамроҳлигида Бухорога ташриф буюрди.
Олий даражали меҳмонни Бухоро аэропортида вилоят ҳокими Ў.Барноев кутиб олди. Ташриф дастури Бухоро вилояти Когон туманида жойлашган ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд қабрини зиёрат қилишдан бошланди. Мақбара олдида меҳмонлар дуо-фотиҳа қилишди. Сўнг мажмуа масжидида пешин намозини адо этдилар ва уларнинг номидан қурбонлик қилиб қўй сўйилди. Қуръон тиловат қилинди.
Шундан кейин Рамзан Қодиров Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан очилган Мир Араб олий мадрасасида таҳсил олаётган талабаларнинг таълим олиш жараёни билан танишиб, бевосита дарс жараёнида иштирок этди. Дарсга қатнашган Рамзан Қодиров Мир Араб олий мадрасасининг фахрий талабаси сифатида ўқишга қабул қилинди. Унинг олий мадрасасининг фахрий талабаси сифатида ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ олий мадрасанинг ректори Х.Юлдашходжаев томонидан топширилди. Меҳмон ўзининг мамнунияти изҳор қилиб, отаси Аҳмад Қодиров ўқиган юртда фахрий талаба бўлганидан жуда мамнуниятини билдириб, талабаларга мурожаат қилиб: “Бизнинг биринчи Президентимиз Аҳмад ҳожи Қодиров шу юртда таҳсил олиб, Чеченистонни обод қилди, минглаб одамларни ўлимига сабаб бўлаётган урушни тўхтатишга муваффақ бўлди. Биз сизлар билан яхши ўқишимиз, исломга ёт бўлган турли оқимларга қарши курашишимиз, ватанимизга, халқимизга, бутун ислом умматига хизмат қилишимиз керак. Ҳозир Чеченистонда янги-янги масжидлар барпо этилмоқда, Қуръон ҳофизлар (қорилар) етишиб чиқмоқда” – деди.
Ҳ.Юлдашходжаев Ўзбекистон Президенти томонидан ҳам диний қадриятларни тиклаш, диний таълим даражасини янада кўтаришга катта эътибор қаратилаётганини айтди. Бунга жавобан Рамзан Қодиров: “Мен Сизларнинг Президентингиз қилаётган ишларни кўриб, унинг режалари билан танишиб ҳайратда қолдим. Аминманки, Ўзбекистонда олиб борилаётган ишлар натижасида яқин 5-10 йилда ҳамма сизларга ҳавас қиладиган даражага эришасизлар. Шу заминда олган илмлари туфайли отам ҳам халқни ёмон, бузғунчи йўллардан асрашга эришди. Бу мамлакатдан яқин келажакда буюк алломалар етишиб чиқади. Ислом цивилизацияси Ўзбекитонда ривож топади деб ўйлайман, чунки бу заминда олдин ҳам кўплаб буюк зотлар яшаб ўтган”. Сўзининг охирида Чеченистон раҳбари барча устоз ва талабаларни Чеченистонга таклиф қилди ва самолёт жўнатишини айтди. Меҳмонга тайёрлаб қўйилган Бухоро зардўзлари томонидан тикилган зарбоб тўн, дўппи кийдирилди.
Шундан сўнг меҳмонлар Бухоро шаҳридаги Пойи Калон меъморий комплексига ташриф буюрдилар. Мир Араб мадрасига кириб Аҳмад ҳожи Қодиров яшаган ётоқхонага кириб, уни эслаб Қуръон тиловати, мавлид ўқиш ва зикр билан машғул бўлдилар.
Мадраса дарс хоналаридан бирида бухоролик машҳур хаттот Ғофуржон Раззоқов меҳмонларга хаттотлик санъати ҳақида сўзлаб берди ва Рамзан Қодировга ўзи томонидан ёзилган Қуръони каримдан “Оятал курсий” лавҳини берди.
Меҳмонлар мадраса ҳовлисида тайёрланган тарихий суратлардан лавҳалар, Аҳмад Қодиров ҳаёти ва талабалик йиллари ҳақидаги маълумотлар билан танишдилар. Рамзан Қодиров Ўзбекистонга қилган ташрифидан ғоят мамнун эканини билдириб, Ўзбекистон Президентига ушбу тақдим этилган имконият ва самимий меҳмондорчилик учун миннатдорчилик билдирди.
Тошкент вақти билан 15.00да меҳмонлар Тошкент-Самарқанд-Бухоро-Грозний авиарейси билан учиб кетдилар.
Рамзан Қодировнинг Чеченистонга эсон-омон қайтиши билан Грозний телевидениеси ташриф таассуротларини баён қилувчи кўрсатув тайёрлаб эфирга узатди. Унда меҳмонлар Ўзбекистонга қилган сафарларидан ғоят мамнун эканликлари, сафар чоғида кўплаб ўзлари кутмаган, ижобий ҳисларга бой учрашувлар бўлганини айтишган. Хусусан Рамзан Қодиров: “Мен Шавкат Миромонович сиймосида халқи ва ватанини севадиган фидокор раҳбарни кўрдим”, “Ўзбекистонга бориш менинг орзуим эди, бунга имкон яратиб берган Ўзбекистон Президентидан миннатдорман”, “Дунёнинг турли жойларига саёҳатга борадиганларга ҳайронман, нимага Тошкентни бориб кўришмайди”, “Ўзбекистон буюк олимлар ва авлиёлар юрти” каби илиқ сўзларни айди.
Дарҳақиқат Ўзбекистон буюк аждодлар ватани, олимлар, фозиллар ватани. Унинг улуғлиги тоғларга ўхшайди. Тоғнинг гўзаллиги олисдан яхши кўринади. Аллоҳ таоло бизларни аждодларга муносиб фарзанд бўлишга ва халқимиз ва ватанимизни севишга муваффақ қилсин.
«орқага