Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам обидликлари
18 март 2020 й.
«орқага
1272 марта ўқилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
обидликлари
Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга умматликни даъво қиламиз-у, лекин амалларимиз у зотнинг амалларидан фарқлидир. Мана, масалан, биз ибодат қилмаслик учун сабаб топишга уринсак, у зот алайҳиссалом ибодат қилиш учун сабаб топар эдилар. Келинг, баъзи ҳолатларни эслаб ўтамиз.
У зотнинг намозлари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёш ерни қизитиб, чошгоҳ вақти бўлганда зуҳо, яъни чошгоҳ намози ўқир эдилар. “Қуёш ерни қизитадиган бўлса, нима қилибди?” деб ўйлаймиз, лекин у зот алайҳиссалом ҳар бир ҳолатдан Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун фойдаланар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам витр намози ўқишни доимий одат қилдилар. Бунга ажиб бир сабаб келтирдилар. “Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўради. Мен кунимнинг сўнггидаги амални тоқ қилиб тугатишни истайман”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафардан қайтсалар, аввал масжидга кириб, икки ракъат намоз ўқирдилар.
У зот алайҳиссалом тунлари намоз ўқийвериб, товонлари шишиб кетди. Шунда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: «Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз аввалги-ю охирги гуноҳлари кечирилган зот бўлсангиз. Бунча машаққат нечун?» дедилар. «Шукр қилувчи банда бўлмайми?!» дедилар у зот.
Оиша онамизнинг сўзларидан гуноҳкор банда кўпроқ ибодат қилиб, гуноҳларининг ювилишига ҳаракат қилиши лозимлигини тушунамиз. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг эса фаразан гуноҳлари бўлса ҳам – у зот алайҳиссалом гуноҳ қилишдан сақланган маъсум зот эдилар – Аллоҳ уларнинг аввалги-ю охиргисини кечирган эди. Шунда ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом кўпроқ ибодат қилиш учун сабаб топдилар – шукр қилиш.
У зот алайҳиссалом қуёшу ой тутилса, намоз ўқир эдилар. Бу каби ҳолатлар анча камёб бўлиб, шунда ҳам бизга ўхшаб бир томоша қилай, демаганлар, намоз ўқиган эканлар. Обид банда шундай бўлади. Унинг учун қуёш чиқиши ҳам, ботиши ҳам, тутилиши ҳам ибодатга сабаб бўлаверади. Унинг мақсади – Аллоҳнинг розилигини топиш, Унинг Жамолига етиш. Қолаверса, у Аллоҳга роз айтиш – намоз ўқишни севади.
У зотнинг рўзалари: Пайғамбаримиз алайҳиссалом душанба куни рўза тутар эдилар. Бунинг сабаби сўралганда шу кунда туғилганларини айтдилар. Бизда туғилган кун маъсиятларга сабаб бўлиб қолса, у зот алайҳиссалом ундан ибодатга сабаб топган эканлар. Набий алайҳиссалом пайшанба куни рўза тутар эдилар. Бунинг сабаби сўралганда бу кунда амаллар кўтарилишини айтиб, амалларим кўтариладиган кунда рўзадор бўлишни истайман, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларида яҳудийлар Ашуро кунининг рўзасини тутар эдилар. У зот улардан: «Бу қандай кун?» деб сўрадилар. Улар: «Бу кун Мусо Фиръавндан устун келган кун», дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга: «Сизлар улардан кўра Мусога ҳақлироқсизлар, ўша куннинг рўзасини тутинглар», дедилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ойдин кечаларда рўза тутар эдилар, яъни ой тўлин бўлган 13, 14, 15-кунларда. Обид банда шундай бўлади. Ой тўлса ҳам, ой тутилса ҳам, Аллоҳга яқин бўлишга интилаверади.
У зотнинг зикрлари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зокирларнинг пешвоси эдилар. Ҳар бир ҳолатда Аллоҳни зикр қилар эдилар. Ҳатто тепаликка чиқсалар, «Аллоҳу акбар!» деб чиқар, пастга тушсалар, «Субҳаналлоҳ!» деб тушар эдилар. Шу ҳолатларда ҳам Аллоҳни зикр қилишга ошиққанларидан бошқа ҳолатларни ўзингиз билиб олаверинг.
У зотнинг дуолари: Дуо банданинг Аллоҳга боғланган ҳолатидир. Унга ҳеч бир воситасиз, тўғридан-тўғри мурожаати, муножотидир. Унга бутун қалби, вужуди билан боғланган ҳолатидир. Банданинг Аллоҳга энг яқин онидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аллоҳга ҳамиша шундай яқин зот эдилар. У зот алайҳиссалом уйқуга ётганда-ю уйғонганда, кийим кийганда-ю ечганда, уйдан чиққанда, масжидга борганда, масжидга кирганда-ю чиққанда, ёмғир ёғганда... ҳаттоки кечаси тўлғониб кетсалар ҳам, дуо қилар эдилар.
Юқоридаги ҳолатлар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаётларидан баъзи бир намуналар, холос. Бизнинг ҳолимиз эса ўзимизга аён. Хулоса шуки, ким ўз ҳолидан мамнун бўлган бўлса, шукр қилсин, йўқса, ўзимизни ислоҳ қилишга муҳтожмиз.
Аллоҳ таоло барчамизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўлишимизни насиб айласин! Дунёда у зотнинг ҳидоятларидан, охиратда шафоатларидан баҳраманд қилсин! Кавзи ҳавсарда у зотга йўлиққанда фаришталар: «Улар сиздан кейин ўзгариб кетди», деб зиддимизга гувоҳлик бермасин!
Манба :”Омина” журнали Ғиёсиддин ЮСУФ
ЎМИ Бухоро вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати















