Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат
14 апрел 2025 й.
122 марта ўқилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат
Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
عَنْ أَنَسٍ قَالَ قَالَ النَّبِىُّ - صلى الله عليه وسلم - « لاَ يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَالِدِهِ وَوَلَدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ » .
 “Киши ҳақиқий мўмин бўлолмайди тоинки, мени ўзидан ҳам, боласидан ва ота-онасидан ҳам ва барча инсонлардан ҳам кўра афзалроқ севмагунича”.
Албатта, ҳар биримиз ўзимизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли эканини таъкидлаймиз. Бироқ, биз бу муҳаббат қандай муҳаббат эканини билармиканмиз? Бизнинг «муҳаббат» деб атаётган туйғумиз ҳақиқатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақомларига лойиқ муҳаббатмикин?
Буни англаш учун аввало муҳаббатнинг ҳақиқий маъносини билиб олиш зарур. Ҳақиқий муҳаббатнинг шартлари ва аломатларидан айримларини эслаб ўтайлик:
Ҳадиснинг шориҳлари муҳаббат 4 та нарса учун бўлади дейдилар:
Жамол
Камол
Навол
Илол - Қаробат 
Жамол – бу бировни уни гўзаллиги учун яхши кўриш. Киши бировга муҳаббат қўйишлика сабабларидан бири у унинг чиройи экан. Чунки бунга ҳадис бор:
Имом Термизий келтирган ҳадисда: Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен бир аёлга совчи қўймоқчилигимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдим, шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عَنِ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ قَالَ : خَطَبْتُ امْرَأَةً قَالَ فَقَالَ لِى رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- :« نَظَرْتَ إِلَيْهَا؟ ». قَالَ قُلْتُ : لاَ. قَالَ :« فَانْظُرْ إِلَيْهَا فَإِنَّهُ أَحْرَى أَنْ يُؤْدَمَ بَيْنَكُمَا ».
“Уни кўрдингми?” – деб сўрадилар. Мен: “Йўқ” – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни бориб кўр, чунки бундай қилиш иккингиз орангизда бардавомликка керакдир”, дедилар.
Муҳаббатга сазовор бўлишликнинг 2-сабаби бу – 
Камол – бу бировни фазилати учун яхши кўриш, яъни унда унчалик чирой бўлмаса ҳам унинг фазилати, камолотини кўриб муҳаббат қўяверади. Бу муҳаббат қўйишнинг иккинчи сабаби. Бунга далил ҳадиси шариф:
Имом Муслим келтирган ҳадисда: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
عن أبي هريرة قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:" لاَ يَفْرَكْ مُؤْمِنٌ مُؤْمِنَةً ، إِنْ كَرِهَ مِنْهَا خُلُقًا رَضِيَ مِنْهَا آخَرَ "
“Мўмин мўминага ғазаб қилмасин, агар унинг бир хулқини ёқтирмаса, бошқасини ёқтирур”, дедилар”
Яхши кўришликнинг  3- сабаби бу – 
Навол – киши бировни эҳсони учун, яъни беғараз қилган яхшилиги учун яхши кўриш. Бу муҳаббат қўйишнинг учинчи сабаби. Бунга далил ҳадиси шариф:
Имом Бухорий келтирган ҳадисда: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
عن أبي هريرة – رضي الله عنه – قال: قال رسول الله –صلى الله عليه وسلم-: «تَهَادَوْا تَحَابُّوا»
“Ўзаро ҳадялашинглар, орангизда муҳаббат бўлади”,
Муҳаббат қўйишнниг 4- сабаби бу – 
Илол, яъни қаробат, қариндошчилик, наслу насаб. Киши ўзининг ота-онасини яхши кўраверади, гарчи улар чиройли бўлмаса ҳам. Одам фарзадини яхши кўраверади, гарчи уларда фазилат бўлмасада. Инсон ака-укасини яхши кўраверади, гарчи уларда эҳсон бўлмаса ҳам. Бунга далил ҳам керак эмас. Чунки барчамизга шундай табиат берилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда юқорида зикр қилган муҳаббатнинг 4 та сабаблари мавжуд. 1. Жамол 2. Камол 3. Навол 4. Илол, яъни қаробат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда ушбу сабаблар топилганда ҳам энг аъло ва мукаммал даражада топилади.
Жамол - Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни гўзаллик учун яхши кўриладиган бўлса ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсоният ичида энг гўзали эдилар.
Имом Термизий келтирган ҳадисда: Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
عن جابر بن سمرة– رضي الله عنه – قال: رأيتُ النبيَّ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّمَ في ليلةِ إِضْحِيَانٍ فجعلتُ أنظرُ إلى رسولِ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّمَ وإلى القمرِ وعليهِ حُلَّةٌ حمراءُ فإذا هو عندي أحسنُ من القمرِ
ой ёришган кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, шундай деган: «Мен бир у зотга, бир ойга қарай бошладим баданларида қизил либос бор эди. Аниқ айта оламанки, у зот ойдан ҳам гўзал эдилар».
Аллоҳ таоло у зотни энг афзал қилиб яратдими, демак, гўзалликда ҳам энг мукаммал қилиб яратди.
Камол - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фазилатларини гапирадиган бўлсак, битта оят бизга кифоя, чунки Аллоҳ таоло у зоти бобаракотни мақтагандан кейин қолганларнинг мақтови шарт эмас.
وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ
“ва албатта сиз буюк хулқ узрадирсиз” 
Яъни Аллоҳ таоло барча хулқларни батамом қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ато қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ҳеч кимга бундай камолотни насиб қилмади.
Навол – қилинган яхшилик ҳақида гапирадиган бўлсак, бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламда энг мукаммали топилади. 
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِّلْعَالَمِينَ
“Биз сизни оламларга раҳмат қилиб юбордик” 
Бутун дунёга у зот туфайли кўп яхшиликларга етди. Нафақат инсоният, балки оламдаги барча нарсаларга у зотнинг раҳматлари етди. Қайси инсон дўзахдан қутулиб қолган бўлса, бунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хизматлари бор.
Илол – га келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бизга қандай қаробатлари бор? десангиз Аллоҳ таоло дейди: 
النَّبِيُّ أَوْلَىٰ بِالْمُؤْمِنِينَ مِنْ أَنفُسِهِمْ
“Пайғамбар мўминларга ўзларидан кўра яқинроқ” 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари биз учун она ўрнида бу оят билан собит бўлган, ўзлари эса ота ўрнида ҳадис билан вориб бўлган.
Шунинг учун азизлар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига амал қилиш ҳам дунёвий, ҳам ухровий саодат калити бўлиб, Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва мағфиратини қозониш воситаси ҳамдир. Аллоҳга муҳаббати борлигини даъво қилган бандага Унинг Расулига муҳаббат қилмоғи лозим ва лобуддир. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай деб, марҳамат қилади:
قُلْ إِن كُنتُمْ تُحِبُّونَ اللّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ 
“Айтинг (эй Муҳаммад): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади”  
Дунёда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат этувчи бўлайлик! Ул Зотнинг суннатлари – йўлларини улуғлаш ва унга амал этишда ҳарис бўлайлик! Шоядки, охиратда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни шафоат этсалар, зеро ул Зоти шарифнинг қиёмат кунидаги шафоатлари барча пайғамбарларнинг шафоатидан муқаддам туради. 
Жамол Мавлонов, 
“Масжиди Калон” жоме мажиди имом-хатиби
“Жўйбори Калон” аёл қизлар ўрта махсус ислом таълим муассаса мударриси 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:40
Куёш: 05:25
Пешин: 13:10
Аср: 18:15
Шом: 19:55
Хуфтон: 21:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram