Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг тушлари
10 феврал 2021 й.
995 марта ўқилди.

 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг тушлари
 
Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам саҳобаларга кўп айтадиган гапларидан бири: “Сизлардан бирорталарингиз бугун туш кўрдими?”-дер эдилар. Бас, у зотга Аллоҳ хоҳлаган киши кўрган тушини айтиб берарди. У зот бир куни тонгда шундай дедилар: “Бу кеча менинг олдимга икки киши (Жаброил ва Микоил алайҳис саломлар) келди. Улар мени улар мени қўзғотиб: “Юринг”,- дейишди, мен улар билан кетдим. Биз бири ётган, иккинчиси унинг тепасида харсанг тош ушлаб турган кишиларнинг олдига бордик. Ҳалиги киши қўлидаги тошни ётган кишининг бошига ташлар ва унинг бошини ёрар. Бас, тош нарироққа думалаб кетса, у тошнинг ортидан бориб уни олиб келар, олиб келгунча эса унинг боши аввалдагидек бўлиб тузалиб қолар эди, сўнг қайтиб келиб у билан яна аввалгидек ишини такрорлар эди. Мен шунда: “Субҳаналлоҳ булар кимлар?”- дедим. Икки фаришта менга: “Юринг”,- дейишди. Кейин бири чалқанча ётган, иккинчиси унинг устига темир чангак ушлаб турган кишиларнинг олдига бордик. Баногоҳ чалқанча ётган кишининг юзининг бир тарафига келиб, унинг лунжидан, бурнининг тешигидан ва кўзидан энсасигача қўлидаги чангак билан тортиб кесиб-ўйиб ташлар, сўнгра иккинчи томонига ўтиб, у томонни ҳам аввалги томони каби қилар эди. Бу томондан бўшагунга қадар нариги тарафи асл ҳолатига қайтар, тузалиб қолар эди. Сўнг у томонга қайтиб келиб, аввалги ишини такрорлар эди. Шунда мен: “Субҳаналлоҳ, булар кимлар?”-дедим. Улар: “Юраверинг”, - дейишди. Кейин катта тандирга ўхшаган нарсанинг олдига бордик. Унинг ичидан шовқин-суронли овозлар эшитилар эди. Қарасак, унинг ичида яланғоч эркаклар ва аёллар бор эди.  Уларнинг остиларидан аланга кўтарилиб турар, ўша аланга ҳар кўтарилганида,  улар дод-фарёд қилишар эди. Шунда мен ҳалиги икки фариштага: “булар кимлар?”-дедим. Улар: “Юраверинг”, - дейишди. Кейин юриб қон каби қизил дарёга келдик. Дарёнинг ичида бир киши сузиб юрарди. Дарё қирғоғида олдида кўп тош йиғиб олган яна бир киши бор эди. Сузувчи кимса суза-суза ёнида тош тўплаб турган кишининг олдига келиб оғзини очар, ҳалиги киши унинг оғзига тош солиб қўйгач, яна сузиб кетар, сўнг яна ва яна бу ҳолат такрорланар эди. Шунда мен: “Субҳаналлоҳ, булар кимлар?”-дедим. Улар: “Юраверинг”, - дейишди. Кейин жуда хунук кўринишдаги бир кишининг олдига келдик. Унинг олдида олов бор эди. У оловни ёқиб атрофида айланиб юрар эди. Мен уларга: “Ким бу?”- дедим. Улар одатдагидек “Юринг, юраверинг”,- дейишди. Кейин ям-яшил боғчага келдик, унда баҳордаги барча навдаги гуллар мавжуд эди. Унинг ўртасида эса жуда новча бир йигит турарди, бўйи осмону-фалакка чўзилганидан мен унинг бошини кўра олмасдим. У инсоннинг атрофида мен ҳали кўрмаган жуда кўп болалар бор эди. Мен ҳамроҳларимга яна савол бердим: “Бу новча бўйли киши ва атрофидаги болалар кимлар?”. Уларнинг жавоби одатдагидек эди. Кейин улкан бир бўстонга етиб келдик. Ундан кўра каттароқ ва гўзалроқ боғни кўрмаганман. Ҳамроҳларим: “унга кўтарилинг”,- дейишди. Бас, унга кўтарилиб, олтин ва кумуш ғиштлар билан қурилган бир шаҳарга етиб келдик. Шаҳар дарвозаси олдига келиб очишларини сўрадик. Бас, очилди, ичкарига кирдик. У ерда бизга шундай кишилар рўпара бўлдики, уларнинг кўриниши ярми гўзал, қолган ярми хунук кўринишдаги яратилинган эдилар. Ҳамроҳларим уларга: “боринглар анави дарёга тушиб чиқинглар”,- дейишди. Рўпарадаги оқаётган дарёни суви оппоқ сут каби эди. Улар бориб дарёга тушиб, чўмилиб кейин бизнинг олдимизга қайтганларида, уларнинг баданларидаги бадқиёфалик кетиб, энг гўзал суратга кирган эдилар. Ҳамроҳларим менга: - “Мана шу Адн жаннатидир. Ана у эса Сизнинг манзилингиздир”,- дейишди. Бас, нигоҳим юқорига кўтарилиб қараган заҳотим оппоқ булут каби бир қасрни кўрдим. Улар: “Мана шу сизнинг манзилингиздир”,- дейишди. Шунда мен уларга: “Аллоҳ сизларни ўз марҳаматига сазовор қилсин, мени ўз ҳолимга қўйсангизлар ва мен ўша манзилимга кирсам”,- дедим. Улар: “Ҳозирча у ерга кира олмайсиз”,- дейишди. Мен уларга: “мен бу кеча кўп ажойиботларни кўрдим, ўша кўрганларимни таснифини айтиб беринг”,- дедим. Улар: “Сиз борганингизда бошини ёрилаётган киши Қуръонни ёд олиб унга амал қилишни тарк қилган ва фарз намозларида ухлаб қолган кимсадирдир; Сиз келганиннгизда, лунжидан, бурнининг тешигидан ва кўзидан энсасигача чангак билан тортиб кесиб-ёйиб ташланаётган кимса уйидан эрталаб чиқгандан бошлаб ёлғон гапирадиган, унинг ёлғони уфқларга қадар етадиган кимсадир; тандир каби бино ичидаги яланғоч эркаку аёллар зинокорлардир; дарёда сузаётган ва оғзига тош отаётган кимса эса судхўрдир; олов ёқиб унинг атрофида юрган киши жаҳаннам соқчиси Моликдир; боғчадаги узун бўйли киши Иброҳим алайҳис салом у зотнинг атрофидаги болалар эса ислом фитрати (табиати)да туғилган болалардир”. Шунда мусулмонлардан бири: “Ё Расулуллоҳ, уларнинг ичида мушрикларнинг болалари ҳам борми?”- деб сўраган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи вассаллам “мушрикларнинг болалари ҳам бор”,- дедилар. “Ярми хунук, ярми гўзал яралган қавм эса яхши амаллар билан ёмон амалларни аралаштириб қилган қавм бўлиб, Аллоҳ уларнинг гуноҳларини кечириб юборади”,- дедилар”. 
Аллоҳ таоло барчаларимиздан рози бўлиб, раҳматию-марҳаматига сазовор бўладиган ҳақиқий Аллоҳга, Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи вассалламга, динига муҳаббатли бандалардан қилсин. 

“Марварид  маржонлар” асари асосида
Бухоро шаҳар “Саид по Банди Кушо”масжиди имом-хатиби Н.Яҳёев  
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram