АЛЛОҲНИНГ РАЙҲОНЛАРИ
04 июн 2025 й.
82 марта ўқилди.

 АЛЛОҲНИНГ РАЙҲОНЛАРИ

“Молу-дунё ва фарзандлар – ҳаёт зийнатидир” (Каҳф, 46-оят). Аллоҳ таоло инсонга кўп неъматлар ато этди. Шу неъматлар ичида энг буюги фарзанддир. Фарзандлар кўзимиз нури, қалбимиз қувончи, ҳаётимиз давомчиларидир. Ҳазрати Фотима туғилган пайтларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Бу райҳонни Аллоҳ ҳидлаб туришлигим учун менга ризқ қилиб берган”, деган эканлар. У зот гўдакларни ниҳоятда ардоқлаганлар. Баъзан намоз ўқиб, сажда қилиб турган пайтларида набиралари Ҳасан ва Ҳусайнлар у кишининг устларига чиқиб олар эканлар. У зот “болаларнинг ўйини бузилмасин, улар безовта бўлмасин”, дея саждаларида узоқ муддат турар эканлар.
Болалар ёшлик чоғларида ҳаётимиз сурури бўлса, катта бўлганларида беминнат кўмакчимиз, суянчимиз бўлишади. Вафотимиздан сўнг эса уларнинг солиҳ амаллари туфайли савобимиз зиёда бўлади.
Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Инсон дунёдан ўтгач, унинг амал дафтари ёпилади. Фақат унинг уч амалидан савоб етиб туради. Булар: қолдирган илми, қурдирган масжид ёки кўприги ва солиҳ фарзандининг қилган дуои хайри”.
Шундай экан, авлодларга нафақат моддий мерос, балки уларга миллий-маънавий қадриятларимизни, илму ирфон ва одобу ахлоқни ўргатмоғимиз, тарбиясига жиддий эътибор қаратмоғимиз лозим. Халқимизда “бола азиз, одоби унданда азиз”, деган нақл бор. Ёш авлод тарбиясида аждодларимиз тутган йўриқлари катта ибрат. Улар фарзандларнинг одоб-ахлоқ, маънавий-жисмоний тарбиясида қўллаган услублари шаклланиб, сайқалланиб, мукаммал ҳолатга келган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия ва гўзал одобдан буюкроқ ҳадя беролмас”, деганлар.
Фарзанд тарбиясида бепарво бўлмаслик ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчи. Чунки болаларимиз нафақат бизнинг, балки юртимизнинг ҳам келажагидир. Уларни турли салбий иллатлар ва ёт ғоялардан асраш сизу бизнинг масъулиятли вазифамиздир. Зеро, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз...” (Таҳрим, 6).
Мазкур оятдаги “дўзахдан сақлангиз” иборасини икки дунё саодатига сабаб бўладиган хайрли амаллар билан шуғулланишга даъват қилиш деб тушуниш лозим.
Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларида шундай деганлар:
“Фарзандларингизни итоаткорликка, қайтарилган нарсалардан сақланишга буюринглар, Ана ўша уларни дўзахдан асрайди” (Ибн Жаррир ривояти).
Оила-мактаб-маҳалла узвийлигининг келажак авлод тарбиясида жуда катта ижобий аҳамияти бор. Бир сўз билан айтганда, фарзандларимизни одобли, соғлом, илм-маърифатли ва комил инсонлар қилиб тарбиялашда бирортамиз четда турмаслигимиз лозим.
Ғолиб Муротов,
Ромитан тумани Хокимулломир жомеъ масжиди имом-хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:34
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram