РИЁКОРЛИКДАН САҚЛАНАЙЛИК 1-қисм
17 сентябр 2021 й.
101 марта ўқилди.

 
РИЁКОРЛИКДАН САҚЛАНАЙЛИК 1-қисм

Ибн Лубайдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ: “Сизлардаги энг хавфсирайдиган нарсам махфий ширкдир”, - дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Aллоҳнинг Расули, махфий ширк нима?”, - деб сўрашди. У зот: “Бу риёдир”, - деб жавоб бердилар. Демак, риё Исломда катта гуноҳларнинг ҳам энг ёмони-ширкка далолат қиларкан. Ундан ҳар бир мўмин-мусулмон ҳушёр бўлиши керак. Риё қалбни қорайтирувчи иллат саналади. Риё қилувчида холис ният ва ихлос бўлмайди. Aгар мўминнинг ибодатига заррача риё аралашса, бу ибодатдан фойда йўқ. Киши риё билан намоз ўқиса, рўза тутса, ҳажга борса фақат машаққат чеккани ва Aллоҳ таолога осий бўлгани қолади. Aллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида хабар бера туриб: «Инсонларга риё қиладилар», дейди. Яъни, уларнинг намоз ўқишдан кўзлаган мақсадлари – Aллоҳнинг юзи эмас, балки одамлар кўриб, эшитишлари – хўжакўрсин учундир. «Aлбатта, мунофиқлар Aллоҳни алдамоқчи бўладилар. – Ҳолбуки, Aллоҳ уларни «алдаб» қўйгувчидир.– Ва улар қачон намозга турсалар дангасалик билан, одамлар кўрсин, деб турадилар ва Aллоҳни камдан-кам эслайдилар» (Нисо сураси, 142-оят).
«Намозларини «унутиб» қўядиган «намозхон»ларга вайл бўлсин» (Мааун сураси, 4-оят). Намозларига бепарво, енгилтаклик қилиб уни ўз вақтидан кечиктириб ўқийдиган кимсаларга ҳалокат, азоб бўлсин. «...улар риёкорлик қиладиган кимсалардир». Улар одамлар кўз ўнгида «солиҳ» деб айтишлари учун намоз ўқийдилар, «тақводор» деб ном қозониш учун хушуъли ва ҳузуъли бўлиб кўринадилар ва «сахий» деган ном олиш учун эҳсон-садақа қиладилар. Уларнинг ҳар бир амаллари риё ва ном қозониш учундир. «Бас, намозларини «унутиб» қўядиган кимсалар бўлган «намозхон»ларга ҳалокат бўлгайки; Улар риёкорлик қиладиган ва рўзғор буюмларини ҳам (кишилардан) ман қиладиган (яъни, бирон кишига фойдалари тегмайдиган) кимсалардир!» (Мааун сураси, 4-7-оятлар). Одамларга кундалик рўзғор буюмлари – болта, арра, игна, қозон каби нарсаларни ҳам бериб турмайдилар.
«Эй мўминлар, молини одамларга кўрсатиш учун берадиган, Aллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, берган садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг...» (Бақара сураси, 264-оят). Яъни, риёкор риё қилгани сабабли инфоқ-эҳсонларини йўққа чиқаргани сингари, сизлар ҳам миннат ва озор билан қилган садақотларингиз ажридан маҳрум бўлиб қолманг, дейилмоқда. «Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда (риёкорлик билан) бирон кимсани (Унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини Ёлғиз Aллоҳ учун қилсин)» (Каҳф сураси, 110-оят).
Aбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат кунида биринчи бўлиб ҳукм (ҳисоб-китоб) қилинадиган кимса – шаҳид киши. Уни келтиришади, сўнг Aллоҳ таоло унга неъматларини танитади, у тан олади. «Булар эвазига нима қилдинг?» деб сўрайди. «Сенинг йўлингда жанг қилдим, ҳаттоки шаҳид бўлдим», - дейди. «Ёлғон айтдинг, сен «фалончи журъатли» деб айтишлари учун жанг қилдинг. Сен истаган нарса айтилди», - дейди. Сўнг буюради ва у юзи билан судралиб, дўзахга улоқтирилади. Кейин илм ўрганиб, ўргатган ва Қуръон ўқиган кишини келтиришади. Aллоҳ таоло унга неъматларини танитади, у тан олади. «Булар эвазига нима қилдинг?» - деб сўрайди ундан. «Сен учун илм ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатдим ва Қуръон ўқидим», - дейди. «Ёлғон айтдинг, сен олим, деб айтишлари учун илм ўргандинг ва қори деб айтишлари учун Қуръон ўқидинг. Бу гап айтилди», - дейди. Сўнг буюради ва у юзи билан судралиб, дўзахга улоқтирилади. Кейин Aллоҳ ризқини кенг қилиб қўйган, турли туман мол-дунё ато этган кишини келтирадилар. Aллоҳ таоло унга неъматларини танитади, у тан олади. «Булар эвазига нима қилдинг?» - деб сўрайди. «Сен инфоқ-эҳсон қилинишини яхши кўрган бирор йўлни қолдирмасдан Сен учун инфоқ қилдим», - дейди. «Ёлғон айтдинг, сен сахий, деб айтишлари учун шундай қилдинг. Бу нарса айтилди», - дейди. Сўнг буюради ва у юзи билан судралиб, дўзахга улоқтирилади» (Муслим, Насоий ва бошқалар ривоят қилишган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Риёнинг озгинаси ҳам ширкдир!» Яна: «Сизлар хусусингизда қўрқадиган нарсаларимнинг энг қўрқинчлиси кичкина ширк», - дедилар. «Кичкина ширк нима?» - дейишди. «Риё» - дедилар. Яна: «Инсонлар амалларига яраша жазо-мукофот олган вақтида, Aллоҳ таоло (риёкорларга): «Дунёда кимлар учун риё қилган бўлсангиз, ўшаларга боринглар. Қарангларчи, уларнинг ҳузурида бирон мукофот топармикансиз?!» - дейди», деганлар (Имом Aҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Aллоҳ таоло: «Мен шерикларнинг ширкдан беҳожатроғиман. Кимки Мен учун бирон амални қилса, унда бошқани Менга шерик қилса, Мен ундан беҳожатман. У ўша «шерик» учундир», - деди» (Ибн Можа ривояти). Яна айтадилар: «Кимки (одамлар) эшитсин деса, Aллоҳ эшиттириб қўяди ва (одамлар) кўрсин деса, Aллоҳ кўрсатиб қўяди» (Муттафақун алайҳ). Яъни, кимки одамлар кўриши ёки эшитиши учун бирон амални қилса, қиёмат кунида Aллоҳ таоло унинг бузуқ ниятини фош этади ва гувоҳлар ҳузурида шарманда қилади.
Давоми бор...

Когон шаҳар “Шом” жомеъ масжид

имом - хатиби Болтаев Дилшод 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:25
Куёш: 06:57
Пешин: 13:10
Аср: 16:25
Шом: 18:10
Хуфтон: 19:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram