Ризқ кенглиги
25 июн 2020 й.
1441 марта ўқилди.
Ризқ кенглиги
1. Аллоҳга тақво қилиш.
Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳдан қўрқса, У зот унинг учун чиқар йўлни (пайдо) қилур ва уни ўйламаган томонидан ризқлантирур”. (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).
Исмоил Бажжий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзингизга амр қилинган амалларни тўлиқ адо қилганларингизда, албатта экин экмаган ҳолда ризқлантирилган бўлар эдингиз”, - деганлар”. (Имом Бухорий ривоят қилган).
2. Охиратни дунёдан устун қўйиш.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Кимнинг ташвиши охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбида бойлик пайдо қилади ва хотирини жам этади. (Мол-)дунё унга судралиб келади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг икки кўзи олдига фақирлигини келтиради, хаёлини паришон қилади ва унга (мол-)дунёдан фақат ўзига тақдир қилинганигина келади”. (Термизий, Ибн Можа, имом Баззор, имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. “Завоид” китобида ҳадиснинг санади саҳиҳ, - дейилган).
3. Намоз ўқиш.
Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли Пайғамбарига шундай хитоб қилади: “Аҳлингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг! Биз Сиздан ризқ сўрамаймиз, (балки) Ўзимиз Сизга ризқ берамиз. Чиройли оқибат – жаннат (аҳли) тақвоникидир”. (Тоҳа сураси, 132-оят). Маъмар қурайшлик бир кишидан ривоят қилади:
“Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига ризқдан танглик етса, аҳли-оилаларини намоз ўқишга буюрар эдилар ва “Аҳлингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг!” оятини ўқирдилар”. (Имом Табароний, Абу Нуайм, Абд ибн Ҳумайд, Абдураззоқ “Мусоннаф”да ва Байҳақий “Шуъабул иймон”да саҳиҳ санад билан ривоят қилган).
4. Силаи раҳм қилиш.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Кимни ризқи кенг бўлиши ва ажали кечиктирилиши (яъни, умри узоқ бўлиши) хурсанд қилса, бас, қариндошлик алоқаларини боғласин!” деганларини эшитганман” (Имом Бухорий ва имом Аҳмад ривояти).
5. Ибодатга фориғ бўлиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам боласи, ибодатимга фориғ бўл. Шунда қалбингни бойликка тўлдираман ва фақирлигингни кетказаман. Акс ҳолда қўлингни иш билан банд қилиб қўяман ва фақирлигингни кетказмайман!”. (Термизий, Ибн Можа, имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Байҳақий, имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ҳоким ҳадис санадини саҳиҳ, - деган).
6. Ҳаж ва умрани кетма-кет адо этиш.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Ҳаж ва умрани кетма-кет адо этинглар. Зеро, уларнинг ҳар иккиси худди босқон темир, тилло ва кумушнинг кирини кетказгани каби фақирлик ва гуноҳларни кетказади. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”. (Термизий, Насоий, имом Аҳмад, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривояти. Термизий ҳадис санадини ҳасан-ғариб, - деган).
7. Ҳаромдан сақланиш ниятида никоҳланиш.
Аллоҳ таоло айтади: “Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизнинг яхшиларини никоҳлаб қўйинглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазли-карами билан бой – беҳожат қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, Билгувчидир”. (Нур сураси, 32-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Уч (тоифа кишилар)га ёрдам бериш Аллоҳнинг зиммасидадир. (Булар): Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчи, (бўйнидаги вазифасини) адо қилишга ҳаракат қилаётган мукотаб ва пок юришни ният қилиб никоҳланувчидир”. (Термизий, Насоий, Ибн Можа, имом Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган. Ҳоким: “Ҳадис санади Муслим шартига кўра саҳиҳ”, - деган).
8. Омонатдорлик.
Бир ривоятда: “Омонатдорлик ризқни жалб қилади, хиёнат эса камбағалликни жалб қилади”, - дейилган (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ҳасан санади билан Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Омонатдорлик бойликдир”, - деганлар” (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган).
Ромитан туман
“Шайх Умар ибн Аҳмад Нажмиддин ал- Қоқиштувоний”
жомеъ масжид имом-хатиби Тилавов Фаррух
«орқага














