Рўзадаги барака
27 март 2023 й.
1119 марта ўқилди.
Рўзадаги барака
Динимизда рўза тутиш улкан савоб келтириши ҳадисларда машҳурдир. Рўза тутиш асносида баъзи мустаҳаб амаллар борки улар зиёда баракага ва раҳматнинг кўпайишига сабаб бўлади. Шулардан бири саҳарлик қилишдир. Саҳарлик қилиш мустақил бир ибодат бўлиб, уни тарк қилиб, шундай савобни ўтказиб юбормаслигимиз керак. Бу тўғрисида ҳадисларда қуйидагича келади:
حَدَّثَنَا آدَمُ بْنُ أَبِى إِيَاسٍ حَدَّثَنَا شُعْبَةُ حَدَّثَنَا عَبْدُ الْعَزِيزِ بْنُ صُهَيْبٍ قَالَ سَمِعْتُ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ — رضى الله عنه — قَالَ قَالَ النَّبِىُّ — صلى الله عليه وسلم — تَسَحَّرُوا فَإِنَّ فِى السَّحُورِ بَرَكَةً
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Саҳарлик қилинглар. Бас, саҳарликда барака бор». (Имом Бухорий ривояти).
حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بن الرَّبِيعِ، حَدَّثَنَا يُوسُفُ بن أَبِي طَيْبَةَ، حَدَّثَنَا إِدْرِيسُ بن يَحْيَى الْخَوْلانِيُّ، حَدَّثَنِي عَبْدُ اللَّهِ بن عَيَّاشِ بن عَبَّاسٍ الْقِتْبَانِيُّ، عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بن سُلَيْمَانَ الطَّوِيلِ، عَنْ نَافِعٍ، عَنِ ابْنِ عُمَرَ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ اللَّهَ وَمَلائِكَتُهُ يُصَلُّونَ عَلَى الْمُتَسَحِّرِينَ
Абдуллоҳ ибн Умар деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга салавот айтадилар” (Имом Табароний ривояти).
حَدَّثَنَا عَبْدُ اللَّهِ حَدَّثَنِى أَبِى حَدَّثَنَا إِسْمَاعِيلُ عَنْ هِشَامٍ الدَّسْتَوَائِىِّ قَالَ حَدَّثَنَا يَحْيَى بْنُ أَبِى كَثِيرٍ عَنْ أَبِى رِفَاعَةَ عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم-السَّحُورُ أَكْلُهُ بَرَكَةٌ فَلاَ تَدَعُوهُ وَلَوْ أَنْ يَجْرَعَ أَحَدُكُمْ جَرْعَةً مِنْ مَاءٍ فَإِنَّ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ وَمَلاَئِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى المُتَسَحِّرِينَ
Абу Саъид ал-Худрий деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Саҳарликнинг барчаси баракадир. Бас, уни сизлардан бирортангиз, бир қултум сув ичиб бўлса-да, тарк қилмасин. Чунки Аллоҳ азза ва жалла ва фаришталар саҳарлик қилувчиларга салавот айтадилар”. (Имом Аҳмад ривояти).
Юқоридаги ҳадислардан саҳарлик қилиш мустаҳаб амал эканлиги маълум. Олимларимиз рамазон рўзаси ёки нафл рўзаси бўлсин, саҳарлик қила олмаган киши субҳи содиқдан то қуёш ботгунгача ҳеч нарса еб-ичмасдан рўза тутса рўзаси дуруст бўлаверади, дейдилар. Фақат, оз фурсат ўтса ҳам, субҳи содиқдан кейин овқатланишдан қайтардилар. Сабаби, бу пайтда овқатланиш рўза тутиш шартига хилоф бўлади ва бир кунга бир кун қазо қилиб беради. Агар қастдан қилса, қилмиши учун каффорот ўлароқ олтмиш кун ўртаси узилмасдан рўза тутиб беради.
Ҳадисларга кўра, ифторлик пайтида пишган хурмо, хурмонинг қоқиси, улар бўлмаса бирон ширинлик, у ҳам бўлмаса оддий сув билан ифторлик қилиш суннат ҳисобланади. Хурмо бўлатуриб бошқа нарсалар билан оғиз очишлик суннатга хилофдир. Ширинлик билан сув турганда ширинлик сувга муқаддам қилинади, деб баъзи олимларимиз айтадилар.
عَنْ سَلْمَانَ بن عَامِرٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:
إِذَا أَفْطَرَ أَحَدُكُمْ، فَلْيُفْطِرْ عَلَى تَمْرٍ، فَإِنْ لَمْ يَجِدْ فَعَلَى مَاءٍ، فَإِنَّهُ طَهُورٌ
Салмон бин Омирдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирортангиз оғиз очса, хурмо билан очсин. Агар топа олмаса, сув билан очсин. Чунки у покловчидир”, дедилар. (Имом Табароний ривояти).
Рўзага оид баъзи масалаларга эътиборни қаратайлик: Мусулмонлар бир шаҳарда бўла туриб баландда турган киши билан пастда турган кишининг рўзасини очиш вақтида фарқ бор. Рўзани очиш-очмаслик қуёшни ботган-ботмаганлигига боғлиқдир. Тақвимларда ёзилган вақтлар фақатгина пастдаги кишилар учун. Шунинг учун, баланд уйда яшовчилар ёки минора, тоғ каби баланд жойда турганлар пастдаги кишилар билан бир ҳил вақтда оғиз очмайдилар. Балки турган жойларида қуёш ботганига гувоҳ бўлсаларгина оғиз очадилар. Самолётда кетаётганлар ҳам вақт эътиборидан эмас, балки қуёш ботганига қараб оғиз очадилар. Масалан: бир киши субҳи содиқ киришидан бир соат аввал саҳарликни самолётда қиламан, деган ниятда осмонга кўтарилса ва у ерда субҳи содиқни кирганига гувоҳ бўлса, саҳарлик қилмасдан рўза тутиши керак. Агар самолёт учар чоғида субҳи содиқ кирганини кўриб саҳарлик қилиб бўлган бўлсаю, ерга қўнгач ҳали субҳи содиқ кирмагани маълум бўлса, яна еб-ичиши мумкин бўлади.
Бир киши ифторликка оз вақт қолганда осмонга кўтарилса ва ҳали қуёш ботмаганига гувоҳ бўлса, то қуёш ботмагунча ифторлик қила олмайди. Агар оғзини очгандан кейин осмонга кўтарилганда қуёшни қайта кўрса, рўзаси дуруст бўлган бўлади ва қуёш ботгунча емай-ичмай туради.
Шу ўринда оддий кўринсада лекин янги рўза тутаётганлар билмайдиган бир масалани айтиб ўтайлик. Оғиз очилганда таом биринчи истеъмол қилинадими ёки шом намози ўқиладими?... Бу масала тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалларига эргашилади.
عَنْ أَبِى عَطِيَّةَ قَالَ دَخَلْتُ أَنَا وَمَسْرُوقٌ عَلَى عَائِشَةَ - رضى الله عنها - فَقَالَ لَهَا مَسْرُوقٌ رَجُلاَنِ مِنْ أَصْحَابِ مُحَمَّدٍ - صلي الله عليه وسلم - كِلاَهُمَا لاَ يَأْلُو عَنِ الْخَيْرِ أَحَدُهُمَا يُعَجِّلُ الْمَغْرِبَ وَالإِفْطَارَ وَالآخَرُ يُؤَخِّرُ الْمَغْرِبَ وَالإِفْطَارَ
فَقَالَتْ مَنْ يُعَجِّلُ الْمَغْرِبَ وَالإِفْطَارَ قَالَ عَبْدُ اللَّهِ فَقَالَتْ هَكَذَا كَانَ رَسُولُ اللَّهِ - صلي الله عليه وسلم - يَصْنَع
Абу Атийядан ривоят қилинади: “Мен ва Масруқ Оиша онамиз ҳузурига кирдик. Масруқ у зотга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан яхшиликка интилувчи икки киши бор, бири шомни ҳам ифторликни ҳам тезлаштиради бошқаси шомни ҳам ифторликни ҳам кечиктиради”, деди. Сўнг Оиша онамиз “Шом билан ифторни шошилтирадиган ким?”, деб сўрадилар. У “Абдуллоҳ”, деб жавоб берди. Шунда у зот “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай қилар эдилар”, дедилар. (Имом Муслим ривояти).
Бухоро шаҳар “Мавлоно Шамсиддин Маҳбубий”
жомеъ масжиди имом-хатиби Б.Манзитов
«орқага