Сабр бардош ҳақида
01 январ 2017 й.
«орқага
3103 марта ўқилди.
Сабр бардош ҳақида
Мусулмон одамнинг энг улуғ сифатларидан бири бу сабрдир. Инсоннинг бошига мусибат, қийинчилик, касаллик, ғам келганида унинг қанчалик иймон-эътиқодида мустаҳкам эканлиги билинади. Ибодатларнинг ичида энг зўри, амалларнинг энг кучлиси ва иймоннинг тасдиғи бу сабр қилишлик. Аллоҳ таоло сабр қилувчиларга, мусибатларга, кийинчиликларга, ғам-ташвишларга бардош берадиган бандаларига катта ажрларни ваъда қилади. Бошқа амалларга, ибодатларга Аллоҳ бирдан етти юзгача ёки ундан кўпрок ажр-савоб беришини айтиб, сабр қилувчиларга қара:
"Сабр қилувчилар билан Аллоҳ доимо биргадир". Бу энг катта баҳо. Аллоҳ учун мусибатларга чидаяптими, демак у банда ҳамиша Аллоҳ билан бирга сабр қилувчи бандаларга қандай ажр берилади, Қанақа мукофотлар бўлади деганда, Аллоҳ айтади: "Сабр қилувчиларга бериладиган ажр беҳисобдир". Ҳисоби, адади чекланмаган. Юзта ё мингта, юз мингта эмас, балки беҳисоб ажр-савоб.
Сабр қилинг, чиданг деб кўп гапирамиз ёки биродаримизни бошига мусибат келганида унга сабр ҳақида насиҳат қиламиз. Лекин кийинчиликларга сабр қилиш жуда қийин иш. Бошига мусибат келганида ҳеч кимга нолимасдан фақат Аллоҳнинг Ўзига юзланиш, Ўзидан ёрдам сўраш ҳар кимнинг қўлидан келмайди. Баъзилар ҳатто тоату ибодатларидан ҳам воз кечади. Ҳаётда озгина қийинчилик ё бир нуқсонга дучор бўлса шунча ибодат қилдим ҳеч ишларим юришимади, аксинча ғам-аламдан бошим чиқмай қолди-деб ибодатини Аллоҳга миннат қилади. Бу ўшандай одамларнинг иймони қанчалик заиф эканлигидан далолатдир. Аслида бундай вазиятларда тоату ибодатларни янада кучайтириш керак. Чунки Аллоҳ шундай марҳамат қилади: "Мендан сабр қилиш ва намоз ўқиш билан ёрдам, мадад суранглар". Намоз бандани Аллоҳга боғлаб турувчи нарса бўлиб, инсон намоз орқали қувват, матонат, чидам ва бардошга эришади Пайғамбар алайҳиссалом қачон бошларига кийин иш тушса, намоз ўқишга шошилар эдилар. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисаларидан бирида: «Мўминнинг иши ажойиб, Аллоҳ унга нимани қазо қилса ҳам яхшилик бўлади Хурсандлик етса, шукр қилади яхши бўлади. Мусибат етса, сабр қилади яхши бўлади» - деганлар. Бошқа бир хадисда эса: «Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган» – дедилар. Демак киши қанчалик бу дунё мусибатларига, кийинчиликларига сабр-бардош қилса шунчалик Аллоҳга яқин бўлади ва беҳисоб ажр-мукофотларга сазовор бўлади. Икки дунёда юзи ёруғ бўлади. Сабр қилувчи бандалардан бўлайлик
«Хужа Абдуллоҳ Сафед-муй»
жомеъ масжиди имоми:
Муқаддамов Ж.