Ислом-сабрга буюради
04 сентябр 2024 й.
550 марта ўқилди.

 Ислом-сабрга буюради

Инсон зотини бошқа мавжудодлар ичида афзал қилиб яратган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин. Буюк роббимиз инсониятни мукаррам қилиб яратди. Турли халқ ва элатлар қилиб яратилган инсон зотига бирор салбий вазият бўлганида Одам фарзандлари сабр қилишга буюрилдилар. Хусусан Аллоҳ таоло ояти каримада марҳамат қилади: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир”(Бақара, 155 – 157).
Сабр—луғавий маъноси чидаш, ўзини сақлаб, тўхтатиб турмоқни англатса, шариъатда эса ибодат қилишда чидамли бўлиш, гуноҳдан сақланишда чидам ва мусибат, яқин кишисини йўқотиш ва шу кабиларга оҳ-воҳ тортиб жазава тушмасдан тоқат билан чидашни англатади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сабр иймоннинг ярмидир” деганлар.
Сабр энг олий фазилатлардан бири бўлиб, сабрли бандаларини Аллоҳ таоло яхши кўради. Қуръони каримнинг юзга яқин ояти карималарида мўмин-мусулмонлар сабр, чидам ва бардошга чақирилади. Аллоҳ таоло сабр қилувчиларни севиши ва улар билан доимо бирга эканлиги хабарини бериб шундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلَاةِ إِنَّ اللَّهَ مَعَ الصَّابِرِينَ
“Eй имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Аллоҳ албатта сабр қилувчилар билан биргадир”.
Қуръони каримнинг бошқа оятларида эса, Аллоҳ таоло сабр қилувчиларга охиратда беҳисоб ажр-мукофотлар тайёрлаб қўйгани зикр қилинади:
...إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ
“Сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилади”.
Сабр—гўзал сифат бўлиши билан биргаликда, унга риоя қилиш ниҳоятда оғир ҳамдир. Чунки киши бошига келган ҳаёт қийинчиликлари, мусибатлари ва ғам-ташвишларига ҳар доим ҳам чидамли, бардошлик бўла олмайди. Аммо мана шу ўринларда сабрли бўлса, барча нарса Аллоҳ таолонинг азалий тақдиридан деб билса, ўша мусибат ундан енгил кечади ва оқибатда битмас-туганмас ажрга эга бўлади. Бу дунёда яшайдиган инсон борки, уларнинг барчалари ҳаёт имтиҳонларига рўбарў бўлмасдан иложлари йўқ. Чунки, ҳаётнинг ўзи имтиҳон ва турли синов-машаққатлардан иборат қилиб яратилган. Бас шундай экан, инсон, бошига тушган қийинчиликларга сабр қилса ҳам, сабр қилмаса ҳам ҳаёт шу тарзда давом этаверади. Аммо сабр қилганлар—ҳам соғликларини сақлаб қоладилар ва беҳисоб ажрга эга бўладилар. Сабр қилмаганлар эса—ҳам соғликларидан ажрайдилар ва савобдан ҳам бебаҳра қоладилар.
Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарлари сабр-қаноатда инсониятга ибрат бўлишган. Энг суюмли фарзандидан айрилган Яъқуб алайҳиссалом, туҳмат ва фитна туфайли узоқ вақт зиндонбанд бўлган Юсуф алайҳиссалом, Аллоҳ юборган машаққат, дард-офатларини кўрган Айюб алайҳиссалом, золим Фиръавннинг чидаб бўлмас азоб, камситиш, хўрлаш-қийноқларига дош берган Мусо алайҳиссаломларнинг буюк сабрлари инсониятга ибрат ўлароқ тарих саҳифаларида қолган. 
Аллоҳ барчаларимизни ўзининг сабр-қаноатли бандалари қаторида қилсин.

Муҳаммад Аҳмадов.
Бухоро шаҳар “Хўжа Таббанд” жомеъ масжиди имом-ноиби.
Мир Араб ЎМИБЮ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ходими.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:15
Куёш: 06:51
Пешин: 13:10
Аср: 16:35
Шом: 18:20
Хуфтон: 20:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram