САДАҚАИ ЖОРИЯ
10 апрел 2020 й.
2147 марта ўқилди.

 

САДАҚАИ ЖОРИЯ

Роббимиздан берилган барча нарсалар бизларга омонат бўлганидек, мол-у давлатимиз ҳам омонатдир. Аллоҳ берган бу мол-у давлатни Ўзи буюрган ва рози бўладиган жойларга сарфлашимиз даркор. Хайр-у эҳсон ва садақа қилишда пешқадам, шунингдек барча эзгу ишларда имкон қадар кўмакчи ва ҳомий бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг жуда кўп оятларида хайр-эҳсоннинг савоби кўплиги ва фазилати улканлиги ҳақида марҳамат қилади: “Ўзингиз суйган нарсаларингиздан нафақа қилмагунингизгача, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз. Нимани нафақа қилганингизни Аллоҳ билувчидир” (Оли Имрон сураси, 92-оят) Аллоҳ таоло яна бир оятида шундай марҳамат қилади: “Мол бойликларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида махсус мукофотлари муҳайёдир. Уларга охиратда хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар”. (Бақара сураси, 274-оят) Демак, киши хайр-эҳсонни ихлос билан, савоб умидида қилар экан, ояти каримада ваъда қилинганидек улкан мукофотларга эришади. Битта берилган хайр-эҳсоннинг эвазига Аллоҳ таоло бир неча баробар кўпайтириб бериши ҳақида шундай дейди: ”Аллоҳ йулида молларни эҳсон қилувчилар савобининг мисоли гуё бир донга ўхшайдики у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга савобини янада кўпайтириб беради. Аллоҳ карами кенг ва билимдон зотдир”. (Бақара сураси, 261-оят) Аллоҳ таоло бу мисоли билан қилинган биттагина эҳсон эвазига битта эмас, балки, етти юз ва ундан ортиқ савоб бериши мумкинлигини билдирмоқда . Эҳсон қилувчи киши бу эҳсони эвазига фақатгина охиратда ажр олибгина қолмай, бу дунёда ҳам мукофотларга эга бўлади. Инфоқ - эҳсон қилишнинг савоби борасида ҳадиси шарифларда ҳам жуда кўп маълумотлар бордир. Хайр-у эҳсон қилишнинг савоби борасида нафақат бу дунёда балки, қабр ва қиёматда ҳам ажр борлиги ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Албатта, садақа ўз эгасини қабр иссиқлигидан сақлайди. Садақа қилувчи мўъмин Қиёмат куни ўз садақаси ўз соясида туради”, - деб марҳамат қилдилар. Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у нафл бўлсин, хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларининг ўчиришларига сабаб бўлади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларини ўчиради”,-деб марҳамат қилдилар. Уламолар садақани инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган, чунки хайр-эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам ундан манфаат умид қилмайдиган одамга имкониятидан келиб чиқиб, бир нарсани беради. Маълумки, инсон вафот этганидан сўнг унинг савоб ва гуноҳ амаллари ёзилиб турадиган ҳисоб-китоб дафтари ёпилади. Қуйидаги ҳадиси шарифда вафот этгандан кейин ҳам савоби узлуксиз бориб турадиган амаллар ҳакида сўз юритилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида: “Инсон вафот этса ҳамма амали тўхтайди. Фақат ҳаётлик вақтида қилган учта амалининг савоби етиб туради. Улар: садақаи жория, фойдали илм, ота-она ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд”, - деб марҳамат қилдилар.
Садақаи жория кўпчиликка фойдаси тегиб турадиган хайрия ишлар бўлиб, бундай ишларнинг савоби эгасига тўхтовсиз ёзилиб туради. Масалан, киши Аллоҳ таоло томонидан берилган, ҳаёти давомида халқ манфаат топадиган турли илм даргоҳлари, масжид, мадраса, шифохона, кўприк, йўллар барпо этиши ҳамда шунга ўхшаш эзгу ишларни амалга ошириши садақаи жория ҳисобланади. Барчамизга маълумки, сўнгги йилларда муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан халқимизни узоғини яқин қиладиган, кўрганда кўз қувнайдиган, кенг йўллар ва замонавий кўприклар қурилиб келинмоқда. Шунингдек, муқаддас қадамжолар ва буюк алломаларимизнинг мақбаралари обод қилинди. Бир қанча мактаб, боғча, шифохоналар ва ҳоказо муассасаларни қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси ҳадисда мақталган садақаи жория амалларидан ҳисобланади. Демак, мана шундай умумманфаат ишларда иштирок этганлар, охиратлари учун садақаи жорияни захира қилган бўладилар. Инша Аллоҳ.

Жондор тумани Хожа Аҳмад Зиндафил
жомеъ масжид имом-хатиби Рўзиев Абдуғани
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:22
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:15
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram