Сохта салафийлар ҳар қандай янгиликни бидъат деб ҳисоблаб, фиқҳий мазҳабларни инкор қиладилар
26 ноябр 2022 й.
409 марта ўқилди.

Сохта салафийлар ҳар қандай янгиликни бидъат деб ҳисоблаб, фиқҳий мазҳабларни инкор қиладилар

Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида, интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда “салафийлик”, “салафийлар” каби иборалар тез-тез такрорланиб турибди. Хўш, аслида салафийлар кимлар?
“Салафийлик” ибораси араб тилидаги “سلف” сўзидан олинган бўлиб, “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар” маъноларини англатади. Қуръони каримнинг Зухруф сурасида “салаф” сўзи “аввал яшаб ўтганлар”, “ўтмиш (кишилари)” маъноларида ишлатилган.
Диний истилоҳда “салаф” сўзи муайян бир давр билан боғлиқ маънони беради. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Энг яхши давр менинг даврим, сўнг уларга яқин бўлган, сўнг уларга яқин бўлган даврлардир” (Имом Бухорий ривояти).
Салафи солиҳлар—Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тарафдан мақталган, илк ҳижрий уч аср авлодларидир. Шу даврда яшаб ўтган саҳоба, тобеъин ва табаъа тобеинлардан иборат олиму фузалолар, мужтаҳидларни “салафи солиҳлар” атамаси мутлақ ўз ичига олади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: 
Яъни: “Инсонларнинг энг яхшиси менинг асрдошларим. Сўнгра уларга яқин бўлган (тобеъин)лар. Сўнгра, уларга яқин бўлган (табаъа тобеъин)лардир. Улардан кейин ёлғончилик тарқалиб кетади. Ҳатто бирор кишики, ундан гувоҳлик сўралмасада (ёлғондан) гувоҳлик бераверади, ундан қасам ичиш сўралмасада (ноўрин) қасам ичаверади”. 
Шу ҳадисга асосан Ислом динининг дастлабки уч асрига мансуб авлодлари энг яхши солиҳ инсонлар, деб эътироф этилади. Бугунги кунда машҳур тўрт фиқҳий мазҳаб—Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаби муассислари ва уларнинг асҳоблари айни юқоридаги ҳадисда мақтаб ўтилган авлод вакилларидан ҳисобланадилар. Улардан кейинги давр—ҳижрий тўртинчи асрдан кейинги барча давр вакилларидан иборат халаф олимлари, фозил-у авлиёларга ҳам “салафи солиҳ”, “салафий”, деган атамани ишлатилмайди.
Салафийлар—ҳижрий еттинчи асрнинг охирларида Аҳмад ибн Таймия ал-Ҳарраний (661-728 ҳ.) бошчилигида, асосан аҳли сунна имоми—имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ томондан талқин қилинган ақоидий ислоҳотларни рад қилиш билан ўртага чиққан тоифадир. Аҳмад ибн Таймия ва унинг яқинларидан иборат саноқли шахсларнинг фикрича, имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ таълимотида аҳли ҳадислар ақоидига зид бўлган мафкура ва қарашлар мавжуд бўлган. Ибн Таймия имом Ашъарий ўз таълимотида, Аллоҳнинг исм ва сифатлари масаласида зарурат юзасидан қўллаган таъвил услубини инкор этади, оят ва ҳадисларнинг зоҳирига биноъан ҳукм қилиш лозимлигини таъкидлаб, насслардаги мажозни рад этади. Шу йўл билан у гўёки, аҳли ҳадислар ақоидини қайта жонлантирмоқчи, таҳриф ва табдилларни йўқ қилмоқчи эканини иддао қилади. 
Ибн Таймия ўз йўналишини “Манҳажу салафис-солиҳ” (салафи солиҳлар йўли), деган ном билан атайди. Ва ана шу манҳаж асосида ҳаёт кечириш кераклигини такидлайди. Натижада у асос солган оқимни унинг тарғиботчилари томондан “САЛАФИЙЯ”, деб танитила бошланди. Нимагаки, унда Ислом аҳкомлари замон талабига эмас, балки салафи солиҳлар даври—ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мос тарзда ижро этилишига жиддий аҳамият берилар ва шундай йўл тутишга тарғиб қилинар эди. Уларнинг айтишича, “салафийлик” йўли фақат китоб (Қуръони карим) ва суннати набавия асосига барпо қилинган бўлиб, унда Ислом дини аҳкомлари қайта жонлантирилади, унутилган ва ўзгартилган ҳукмлар асл ҳолига қайтарилади. Ислом бидъат ва ҳурофотлардан тозаланади, куфр ва ширкий ақидаларга барҳам берилади. Мана шу ғоя “салафийлик”нинг бошқа диний гуруҳлардан ажратиб турувчи энг асосий ғоясидир. 
Ибн Таймия тарафдан “Исломни қайта жонлантириш, салафлар йўлига қайтиш” шиорлари остида, унга қадар бутун мусулмон умматида бўлмаган янги фикрлар, мужтаҳидлар ижмоъсига хилоф қарашлар, тўрт мазҳаб уламоларининг на фиқҳий ва на ақидавий асосларига мос бўлган ҳукмлар ошкор қилина бошлади.

Ромитан тумани “Хокимулломир” жомеъ масжиди
имом-хатиби Ғолиб  Муротов
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram