Садоқат ва сабр намунаси
10 январ 2017 й.
2649 марта ўқилди.

 Садоқат ва сабр намунаси

Умму Сулайм  Абу Талҳа билан саодатли ҳаёт кечирди. Аллоҳ таоло уларни ширинтой бир ўғил билан сийлади. Абу Талҳа ўғлига шу қадар меҳр қўйдики, уни ҳеч кимга ишонмас, ҳаётини суюкли фарзандисиз тасаввур этолмас эди.
Аллоҳ таоло маҳр бобида Умму Сулайм сабабидан бир ибрат қолдиргани каби, муслима оналар учун ҳаётида яна бир намуна бўлишини ирода қилди. 
Тўсатдан унинг гўдак ўғли касалликка чалинди. Бу ҳол Абу Талҳанинг фикру хаёлини машғул этди. У Расулуллоҳ с.а.в.нинг ҳузурларига бориб-келиб турар, келган заҳоти ўғлининг аҳволини сўрар эди. Ана шундай кунларнинг бирида ўлим бу маъсум гўдакни уларнинг бағридан узиб олди. Абу Талҳа Расулуллоҳ с.а.в.нинг ёнларида эди. Шўрлик она не қилсин? Кўзининг оқу қорасини, жигар порасини йўқотди! Ҳаммамиз биламизки, оналар бундай ҳолатда ўзларини йўқотадилар, дод-фарёд қиладилар, ёқаларини йиртадилар.
Умму Сулайм бу ўринда ҳам бутун дунё муслима аёлларининг ичидаги мумтоз ва буюклардан бири эканлигини кўрсатди. Аввал болани ювди, унинг ҳали иссиқина юзларидан тўйиб-тўйиб ўпди, ундан кейин кафанлади, хушбўй нарсалар сепишдан олдин гўдагининг гулдек юзларига боқиб, энди ҳеч қачон бу юзлар унга боқиб турмаслигини билиб, оналик меҳри жўшиб, кўзларидан шашқатор ёшлар оқди, боласини ҳеч кимга ишонмайдиган меҳрибон отаси Абу Талҳага билдирмаслик учун болани устига чойшабини ёпиб қўйди. Сўнгра Анас р.а.га боланинг вафоти ҳақида ҳеч нарса демасликни тайинлаб, Абу Талҳани чақириб келиш учун юборди.
Абу Талҳа келиши билан ўғлининг аҳволини сўради. Умму Сулайм: “ Ухлади. Худодан сўрайманки, шояд шу уйқуси роҳатли бўлса”, деб намга ва ғамга тўлган кўзларини яширди. Абу Талҳа хотинининг бу жавобидан: “Бола соғайиб қолибди”, деб гумон қилди. Ўша куни Абу Талҳа рўза тутган эди. Ифторлик қилди.
Тун кирди. Шунда ҳам Умму Сулайм қалбидаги маҳзунликни билдирмади. Хушбўйланиб, зийнатланиб, эрининг ёнида бўлди. Тунни бирга ўтказишди.
Тонг отди. Эри масжидга отланар экан, Умму Сулайм секин гап бошлади:
Абу Талҳа агар бир кишидан омонат олинса, сўнг эгаси у нарсани сўраса олганлар уни қайтармасликка ҳақлари борми? – деб сўради.
Йўқ, омонат эгасига қайтарилади. Бермаймиз дейишларига ҳақлари йўқ. 
Шунда Умму Сулайм мақсадга кўчди: “ Аллоҳ таоло омонатга ўғил берган эди. Энди ўша омонатини қайтариб олди.
Абу Талҳа: “ Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” деди. Бошқа ҳеч сўз айта олмади. Чиқиб, Расулуллоҳ с.а.в. ҳузурларига борди. Намоз ўқиди. Сўнг кеча шом арафасида ўғли вафот этганини, бундан бехабар тунни хотини билан ўтказганини баён қилди. Ҳазрати Пайғамбаримиз с.а.в. шунда اللهم بارك له – бу кечангизни Аллоҳ барокатли қилсин, - дуо қилдилар. 
Расули акрамнинг дуоларига осмон эшиклари очилди. Суюкли фарзандларини йўқотган бу оилага Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Абу Талҳани берди. Абдуллоҳни эса, 9 та фарзанд билан сийлади. Ҳаммалари ҳофизу Қуръон бўлишди. Айниқса, тўнғич ўғиллари Исҳоқ ибн Абдуллоҳ йирик фақиҳ даражасига кўтарилди.
Ушбу саҳоба аёлнинг ҳаёти, азиз биродарлар, оналаримизга, азиза опа-сингилларимизга дунё ва охират саодати сари ойдин йўлни кўрсатади, деб умид қиламиз. Зеро, Расулуллоҳ с.а.в.: “ Жаннат оналар оёқлари остидадир”, деганларида ана шундай пок ва сабрли аёлларни назарда тутган бўлсалар ажабмас. Илоҳо юртимиздаги барча аёлларимизга мана шу каби сабру бардош ва тақвони Аллоҳ насиб этсин.
 
 
Миршод Саидов
Ғаззолий масжиди имом хатиби
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:14
Пешин: 13:10
Аср: 18:10
Шом: 20:15
Хуфтон: 22:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram