САВДОДА МУОМАЛА ОДОБЛАРИ
16 апрел 2024 й.
388 марта ўқилди.

САВДОДА МУОМАЛА ОДОБЛАРИ

Исломда савдогарлик касби алоҳида эътироф этилади. Манбаларда бараканинг асоси савдода деб келтирилади. Биламизки, савдо-сотиқ ишлари бозорларда, инсонлар уюшиб ҳаёт кечирадиган жамоат жойларида кечади. Бу эса ушбу касбга нисбатан алоҳида тайёргарлик, муомала одобларини эгаллаш, қонуний ҳамда динимиз кўрсатмаларига кўра ҳалол ва ҳаромга оид ҳукмларини билиш муҳимлигини кўрсатади. 
Рифоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳга чиққан эканлар. Бас у зот савдо қилаяпган одамларни кўриб: «Эй тожирлар жамоаси!»-дедилар. Улар бошларини кўтариб, чақириққа жавобан у зотга қарадилар. 
Шунда у зот: «Албатта тожирлар қиёмат куни фожирлар бўлиб қайта тирилтирурлар. Магар, Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилган киши бундан мустасно» - дедилар». (Термизий ривояти)
Агар тақводор, яхшилик қилувчи ва ростгўй бўлмаса, охиратда надомат ва шарманда бўлиб қайта тирилади. Ҳар бир савдогар ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган уч сифати:
1. Аллоҳ таолога тақво қилиш.
2. Яхшилик қилиш.
3. Ростгўй бўлиш сифатларини ўзида мужассам қилишга уринмоғи керак.
Ушбу сифатлари бор одамгина тижоратда фожирлик, алдамчилик, харомхўрлик қилмайди.
Ибни Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиланади.
«Бир киши набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзининг савдо-сотиқда алданиб қолишини зикр қилди. Шунда у зот: «Қачон савдо қиладиган бўлсанг, алдаш йўқ дегин» дедилар. Бу ҳадисни Насаий ривоят қилган.
Муомалада саҳоватли бўлиш. Сотувчи баҳони пастроқ қилишда ва ўлчашда саҳоватли бўлишга ҳаракат қилади. Харидор ҳам қаттиқ шартларни талаб қилиб туриб олмайди.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қачон сотса, сотиб олса ва ҳаққини талаб қилса саҳоватли бўлган одамни Аллоҳ раҳим қилсин» - дедилар. (Бухорий ва Термизий ривояти)
Мусулмон одам доимо карамли, саҳоватли бўлиши керак. Айниқса, олди-сотди ва ҳақни талаб қилиш пайтида. Савдогар бир тийин устида етти думалаб туриши барака келтирмайди. Балки саҳийлик, очиқлик, озгина ўтиб беришлик Аллоҳнинг раҳматига, хайру баракасига сабаб бўлади.
Ушбу ҳадисда зикр қилинган Аллоҳнинг раҳмати икки дунёга ҳам хосдир. Бу дунёдаги Аллоҳнинг раҳмати – молу мулкига, ризқу-рўзига барака, ўзига соғлик-саломатлик, фаровон турмуш, тинчлик омонлик беришда бўлса, охиратда жаннатга киритишда бўлади.
Демак, сотувчи ҳам, олувчи ҳам карамли, саҳоватли ва хушмуомалада бўлиши керак. Шунингдек, бировдан ҳаққини сўровчи ҳам яхшилик, хушмуомалалик билан сўраши керак.
Хузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Фаришталар сиздан олдин ўтганлардан бирининг руҳини қабул қилиб олдилар. Сўнгра унга: 
«Бирор яхшилик амал қилганмисан?» дедилар. 
«Йўқ» - деди у.
«Эсла» - дедилар.
«Мен бой одам эдим ва одамларга қарз берар эдим. Бас, бойдан қабул қилар, камбағалдан кечиб юборар эдим». Бас Аллоҳ таоло: «Бандамни гуноҳларини кечиб юборинглар» - деди» дейилган. 
Молиявий муомалаларда қийин ҳолга тушиб қолган одамга енгиллик яратиш қанчалик яхши ва савобли иш эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб олсак бўлади.
Охиратда ҳеч қандай яхшилиги бўлмай, фақат ҳақни талаб қиишда, ноилож ҳолда қолган одамни кечиб юбориш билан ҳам енгилликка эришиш мумкинлигини ушбу ҳадисдан кўриб турибмиз.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мусулмоннинг (савдодаги) қайтишини кечирса Аллоҳ ҳам унинг қоқилишини кечиради», дедилар». (Абу Довуд ривояти).
Бир одам бир нарса сотиб олгандан сўнг ўша нарса ёқмай қолиб ёки унга хожати йўқлиги маълум бўлиб қолиб, қайтариб келса, Тожир ҳам уни қайтариб олса, Аллоҳ уни гуноҳларини кечирар экан.
Умуман олганда савдо ва бошқа молиявий муомалаларда ўта кечиримли, сахий, хушмуомала бўлиш керак. Мана шулар мусулмон одобидир. Ҳозирги кунимизда Индонезия, Малайзия, Фаластин, Сингапур ва бошқа томонларда юз миллионлаб мусулмонлар яшамоқда. Уларнинг юртлари мусулмон бўлишига асосан содиқ ва омонатли мусулмон тожирлар сабаб бўлишган. Тижорат билан бориб, омонат билан муомала қилганларини кўриб, уларга қандоқ одамлар экан деб қизиқишган. Тожирлар эса ҳар қандай яхши ишларини ислом динидан эканлигини айтишган. Шунда уларнинг харидорлари мусулмон бўлишган.
Аллоҳ таоло барчамизнинг дунёвий ва ухровий тижоратимизга барака берсин!
Акрам домла Абдуллаев
“Абу Ҳафс Кабир” жоме масжиди имом-хатиби,
“Мир Араб” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:35
Куёш: 05:22
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:05
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram