ИСЛОМДА САВДО ОДОБЛАРИ
17 апрел 2024 й.
242 марта ўқилди.

 ИСЛОМДА САВДО ОДОБЛАРИ 

Муқаддас динимизда ҳар бир нарса ниятга боғлиқ экани маълум ва машҳур. Шунинг учун ҳам ҳаётнинг барча соҳаларида бўлгани каби тижоратда ҳам яхши ният шартдир. Ҳалол касб қилиш, топгани ўзига насиб қилиши, топганини яхшиликка сарфлаш, хайр-эҳсон қилиш каби яхши ниятлар қилинса, ишда ва молда барака бўлади.
Савдогар ўзига ва оиласига ҳалол ризқ топиш ниятида бўлиши керак. Шу билан бирга, ўзидан ортиб қолганини муҳтожларга эҳсон қилиш, савобли ишларга сарфлашни мақсад қилиши лозим. Афсуски, баъзи ҳолатларда ана шундай яхши ниятлар қилиш ҳақида мулоҳаза қилинмайди. Янги иш бошлаб, дўкони олдида турган савдогарни танишлари табриклаб, «Муборак бўлсин, янги иш бошлабсиз-да», дейилса, «Ҳа, бир-иккитаси жиғимга теккан эди, ўшаларни синдиришни ният қилиб турибман», дейдиганлар ҳам йўқ эмас.
Мусулмон киши бозорда ва олди-сотди муносабатларида барча одобларга риоя қилишга уринади, ҳалоллик ва тозаликка риоя этади.
Савдогарнинг одоби гўзал бўлиши савдосининг баракали бўлишига ҳам сабаб бўлади. Харидорларни очиқ чеҳра билан кутиб олиш, уларга «Хуш келибсиз», дейиш ва гўзал муомала қилиш жуда ҳам яхши одатдир. Қовоқни солиб туриш, келган харидорларга эътиборсиз бўлиш, уларга ширин муомала қилмаслик савдогарнинг ўзига зарар бўлади. Бундай кишининг дўконига бир кирган одам қайта кирмай қўяди.
– Савдогарларнинг одобларидан бири бақир-чақир қилмаслик ва одобларга риоя қилишга интилишдир.
Мусулмон киши бозорга кириб келар экан, сокинликни ўзига лозим тутиши керак. Турли баҳоналар билан овозни баланд кўтариш, бақир-чақир қилиш одобга мутлақо тўғри келмайди. Зотан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари зикрида «Бадхулқ ҳам, қўпол ҳам, бозорларда шовқин солувчи ҳам эмас» деган сўзлар келган.
Шунингдек, Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро савдо-сотиқ қилишда харидор ҳақига риоя қилиш, тарози ва ўлчовларда бошқаларга хиёнат қилмасликни буюрган. Жумладан, «Исро» сурасининг 35-оятида бундай амр этилади:
«Ўрталарингиздаги олди-берди, савдо-сотиқда бирон нарсани ўлчаган вақтингизда ўлчовни тўла-тўкис қилинглар ва тўғри тарози билан тортинглар! Мана шу энг яхши ва чиройли ечим ҳукмдир».
Қуръони каримнинг бир неча оятларида савдо-сотиқдаги ҳалоллик, тарози ва ўлчовлардан уриб қолмаслик мусулмонлар ахлоқининг ажралмас қисми эканига эътибор қаратилади ва харидор ҳақига хиёнат қилиш оғир гуноҳлардан экани таъкидланади, ўлчовдан уриб қолувчиларга эса жаҳаннам азоби борлиги айтилади.
Инсон ҳалол бўлса, ўйламаган томонидан ризқига барака киради. Аммо ҳаром йўл билан пул топишга уринса, ҳам ризқига ҳаром аралашади, ҳам гуноҳ орттиради… Бундан ташқари, қаерда тарози ва ўлчовдан уриб қолиш кенг кўламда илдиз отган бўлса, ўша ерга турли балолар ёғилади, ёғингарчиликлар камайиб, қурғоқчилик, озуқа танқислиги вужудга келади. Шунингдек, савдода тарозидан уриш, литрдан, метрдан, ҳажмдан, донасидан уришнинг барчаси қайтарилган, ҳаром амаллардан  ҳисобланади.
Солиҳлардан бирлари айтадилар: “Бир беморни кўргани бордим. Ўлими яқинлашиб, ўзини билмай ётган экан. Унга ҳар қанча шаҳодат калимасини талқин қилсам ҳам, тили ҳеч айланмасди. Ўзига келгач: “биродар шаҳодатни бир мунча талқин қилсам ҳам тилингиз ҳеч айланмади, тинчликми ўзи?, деб сўрадим.
У бўлса: “Тарозининг палласи тилимни босиб гапиртирмай қўйди”,-деди. Нега тарозидан уриб қолармидингиз? деб сўрасам у: “Йўқ ундай эмас. Бироқ тарозини ўз вақтида тўғрилигини текшириб турмасдим”, деб жавоб берди.
Тарозисини назорат қилиб текшириб турмаган, тўғрилигига эътибор бермаган кишининг ҳоли шу бўлса, уриб қоладиганларнинг аҳволи қандай бўларкан?
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Савдо илмида фақиҳ бўлмаганлар бозоримизга кирмасин”, деган. Аллоҳ таоло ўзининг ҳақини кечиши мумкин. Лекин банданинг зиммасидаги бировнинг ҳақини токи ҳақ эгаси рози бўлмагунча кечмайди.
Шундай экан тижорат билан шуғулланадиган ҳар бир кимса борки, тижорат илмини ӯрганмоғи лозим ва албатта ҳалол тижорат қилишга ҳаракат қилсалар, шундагина икки дунё саодатига мушарраф бӯладилар.
Аллоҳ таоло юртимиз бозорларига Ўзининг баракотларини ёғдирсин. Барчамизга муқаддас динимиз кўрсатмасига мувофиқ савдо-сотиқ қилиб, бу дунё бахти, охират саодатини насиб этсин.
Ғолиб домла Очилов,
“Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий” масжиди имом-хатиби 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:35
Куёш: 05:22
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:05
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram