Савобларни йўқ қилувчи амал
02 октябр 2015 й.
2801 марта ўқилди.

  Савобларни йўқ қилувчи амал

“Остидан анҳорлар оқиб турувчи, хурмою узумлари бор, турли хил мевалари мўл боғи бўлган бир одам ўзи кексайиб, нотавон (ёш) болалари билан қолган пайтида ўша боғини оловли тўфон уриб, ёниб кетишини хоҳлайдими ? Тафаккур қилурсизлар, деб Аллоҳ ўз оятларини сизларга шундай баён қилади”.(Бақара сураси ,265)
Бу мисол савобли ишларни эл кўзи учун қилган киши учун айтилган. Аллоҳ таоло ёнғин туфайли боғбон не умидлар билан ўстирган боғидан айрилганидек, риёкор одам ҳам охиратда ажру савобдан бебаҳра қолиши тўғрисида огоҳлантирмоқда.
Ибни Лубайдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлардаги энг хафсирайдиган нарсам махфий ширкдир”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, махфий ширк нима?” деб сўрашди. У Зот: “Бу риёдир”, деб жавоб бердилар.
Демак, риё Исломда катта гуноҳлар сарасига кирувчи ширкка далолат қилар экан, ундан ҳар бир мўмин мусулмон ҳушёр бўлиши керак. Риё қалбни қорайтирувчи иллат саналади. Риё қилувчида холис ният ва ихлос бўлмайди. Агар мўминнинг ибодатига заррача риё аралашса, бу ибодатдан фойда йўқ. Киши риё билан намоз ўқиса, рўза тутса, ҳажга борса фақат машаққат чеккани ва Аллоҳ таолога осий бўлгани қолади. 
Ижтимоий ҳаётимизда ҳам риё бизга кўп зарар келтиради. Дейлик бирор яқинимиз оламдан ўтса, уларнинг ҳақларига яхши дуолар қилиш билан бирга орқаларидан савоб борар деган ниятда эл-юртни чақириб дастурхон ёзамиз, эҳсон қиламиз. Аммо бу ҳайру эҳсонимизга риё аралашиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Аслида, савоб фақат дастурхону ошлардан бормайдику, риёдан узоқ бўлган яна бошқачароқ яхшиликлар қилсак айни муддао эмасми? Тўйхоналарда минг-минглаб кишиларга дабдабали эҳсон дастурхони ёзиш ўрнига “Меҳрибонлик”, “Мурувват” уйларига, ёлғиз қарияларга, етимхоналарга, ночор оилаларга, илм масканларига холис ёрдам кўрсатилса, буларнинг савобига нима етсин. Тўйларимиз ҳам худди шундай, ҳукуматимиз тўйларни ихчамлаштириш борасида қарор ва дастурлар ишлаб чиққанига қарамай, баьзилар ким ўзарга дабдабани кучайтириб бормоқда. Ўша тўйга кетган ортиқча сарф-харажатни икки ёшни келажаги учун таадбир билан ишлатилса бу ҳам савоб.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, молини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам кишиларга риё учун нафақа қилганга ўхшаб, бекорга кетказманг. У мисоли бир устини тупроқ босган силлиқ тошга ўхшайди. Бас, кучли ёмғир ёғса, силлиқ бўлиб қолади. Касб қилганларидан ҳеч нарсага қодир бўлмаслар. Ва Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоятга бошламас”. ( Бақара сураси, 264).
Демак мўмин одам ҳар бир амалини холис Аллоҳ таоло учун бажаради. Одамларнинг мақтовини истаган киши эса икки дунё саодатидан ажраб қолиши мумкин. 
 
 
 
Салоҳиддин Гадоев
Хўжа Исмат жомеъ
масжиди имом хатиби
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram