Саховат – шукр аломатидир.
05 феврал 2021 й.
822 марта ўқилди.


Саховат – шукр аломатидир.

Сахийлик энг яхши инсоний хулқлардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом яхшилик қилишда, сахийликда, инфоқ-эҳсон қилишда саховатлиларнинг саховатлиси эдилар. У зотдан бирон нарса сўралса, асло йўқ демасдилар. Кимга мол - дунё берилган бўлса, уни кўпайтириб юрмасдан инфоқ - эҳсон, садақа йўлларига сарф қилиши керак. Сахийлик нажот топишнинг йўлларидандир.
Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр - савоблар бўлиши хабарини берган: 

مَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِائَةُ حَبَّةٍ ۗ وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ ۗ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ

“Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда). Аллоҳ ўзи хоҳлаган бандаларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазли-карами) кенг, билгувчи зотдир". (Бақара сураси, 261-оят).
Ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шоҳлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам бир дарахт, томирлари дўзахда ва шохлари дунёга тушган. Ким унинг бир шохига осилса, уни дўзахга олиб боради”. (Имом Термизий ривояти).
Саховат – аввало, Аллоҳга шукроналик қилишнинг бир белгиси.  Хабарларда сахийлик ва сахийлар ҳақида шундай дейилган: “Сахий кишининг таоми шифодир, бахил одамнинг таоми касалликдир”, “Сахий кишининг хатоларини кечиринглар, чунки Аллоҳ таоло ҳар бир қоқилганида уни қўлидан тутиб туради”, “Хуфёна қилинган садақа Аллоҳнинг ғазабини сўндиради”.
Шу туфайли салафи солиҳлар ўзларининг садақаларини одамлар кўзидан яширишда муболаға қилганлар. Токи садақа бергувчининг кимлиги билинмасин. Баъзилари кўр камбағални, баъзилари ухлаб ётган фақирни қидирар, баъзилари эса фақирлар олиши учун улар ўтадиган йўлга садақаларини ташлаб қўйишар эди.
Абдуллоҳ ибн Масъуднинг мана бу фикрларига эътибор беринг: “Қайсиларингиз бир дирҳамни соғлигида ва бахиллигида инфоқ - эҳсон қилса, ўлим вақтида юз дирҳамни инфоқ этишни васият қилишидан яхшироқдир. Агар бойлик топсанг, уни қуртларга ем бўлмасин ёки қароқчилар қўлига тушмасин, десанг, садақа қил”.
Яҳё ибн Муоз айтади: “Ҳар қандай одамнинг қалбида сахийга муҳаббат, бахилга нафрат бор”.
Роббимиз ўз бандаларини доимо хайру саховатли бўлишга буюради. Сахийлик инсонга бахт - саодат келтирадиган ва ўзгаларнинг севимли кишисига айлантирадиган хислатдир. Меҳр - мурувват, ҳамжиҳатлик, сахийлик халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилат ҳамдир. Хайр - саховат, сахийлик инсонлар ўртасида меҳр - оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қилади. Донолар айтганидек, “Ақлнинг қадри одоб билан, бойлик қадри саховат билан ошади”.
XX асрда яшаб ўтган машҳур қозоқ оқини Абай Қўнонбоев халқимизнинг бунёдкорлиги ва бағрикенглигига урғу бериб: “Ўзбек халқи шундай халқки, у кўчада кетаётиб, йўлида бир чўпни учратса, унга бефарқ бўлмасдан, эгилиб, қўлига олади, уйига олиб бориб, агар у қуриган бўлса, ишлов бериб, рўзғор асбобига айлантиради, агар у ҳали ҳўл бўлса, томорқасининг бир четига экиб, парваришлаб мевасини олади. Мевасини териб олганда ҳам бир ўзи эмас, қўни қўшниларни чорлаб, биргаликда баҳам кўради, ўзбек халқи ана шундай халқ”, деган эди. Машҳур оқин эътирофи бугунги вазиятда яна бир бор ўз тасдиғини топди. Синовли кунларда ҳеч ким меҳр эътибордан четда қолмаётгани бунинг ёрқин исботидир.
Мухтасар айтганда, бугунги кунда тожли вирус таҳдиди инсоният олдида турган жиддий хавфлардан биридир. Уни бартараф қилишнинг энг мақбул йўли ҳамжиҳатлик, меҳр - оқибат, саховат ва савобли ишларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Айниқса, бугунги синовли даврда кўрсатилган саховатнинг савоби юксак ҳисобланиб, ҳатто муқаддас Каъбани зиёрат қилганчалик савоб ёзилар экан. Бундай савобдан баҳраманд бўлиш ҳар биримизга насиб этсин!

Вобкент тумани Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий жомеъ масжид

имом-хатиби Ғ. Очилов 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram