Сеҳр, коҳинлик ва фолбинлик
23 июн 2020 й.
1037 марта ўқилди.

 

Сеҳр, коҳинлик ва фолбинлик

Сеҳр - куфрдир ва етти ҳалок қилувчи гуноҳи кабиранинг биридир. Сеҳр зарар беради, фойда бермайди. Аллоҳ Таоло сеҳрни ўрганиш ҳақида шундай деган: “Уларга фойда бермайдиган, билъакс зарарли нарсаларни ўрганадилар”. (Бақара сураси, 102-оят).
Бошқа оятда эса бундай деган: “Сеҳргар қаерда бўлмасин нажот топмас”. (Тоҳа сураси, 69-оят).
Сеҳр билан шуғулланадиган киши кофир бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло айтади: “Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар. Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларга эргашадилар. — Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар…”. (Бақара сураси,102-оят).
Сеҳргарлик ҳаром ва жирканч ишдир. Баъзи жоҳил, иймони заиф кишилар, бошқалар билан ҳисоблашиб қўйиш ёки ўч олиш учун сеҳргарга борадилар, бошқа баъзилари эса сеҳрни қайтариш учун сеҳргарга мурожаат қилиб, унга таяниб ҳаром ишга қўл урадилар. Аслида эса Аллоҳ Таолога илтижо қилиб, шифони ҳам Аллоҳдан сўраб, Қуръон оятларидан сеҳрни қайтарувчи ҳамда мўъминлар учун шифо бўладиган: “Фотиҳа”, “Ихлос” ва “Муаввизатайн” (“Фалақ”, “Нос”) каби сураларни ўқиш лозимдир.
Ғайбни билишни даъво қилганлари учун коҳин ва фолбинлар ҳам Аллоҳ азза ва жаллага кофир бўлган кимсалардан бўладилар, зеро Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ғайбни билмайди.
Фолбинлар содда, ишонувчан одамларнинг пулларини олиш учун турли: қумга чизиқ тортиш, чиғаноқда фол кўриш, кафт, пиёла, чинни идиш ва кўзгудан ўқиш каби ҳийла-найрангларни ишлатадилар. Агар бир марта тўғри топсалар, тўқсон тўққиз марта ёлғон айтадилар. Ғофил, қалб кўзи кўр одамлар эса буни фаҳмига бормай, ўша битта тўғри айтганини ушлаб олиб, келажакларини, бахтлилик ёки бахтсизлик, оила ва тижорат ишларида ҳамда йўқотган нарсаларни топишлари учун ва яна шунга ўхшаш турли масала ва муаммолари билан фолбинлар ҳузурига борадилар.
Фолбинлар ҳузурига бориш ҳукмига келсак, агар улар айтаётган сўзларни тасдиқласа киши кофир бўлиб, Ислом миллатидан чиқади. Бунга далил Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларидир: “Ким коҳин ёки фолбиннинг олдига бориб, у айтган нарсаларни тасдиқласа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага кофир бўлибди”. (Имом Аҳмад ривояти).
Аммо фолбинга борувчи, уларни тасдиқламай, шунчаки бир синаш учун борган бўлса, кофир бўлмайди, лекин намоз ўқиш ва тавба қилишнинг фарзлиги билан бирга, қирқ кун намози қабул бўлмайди. Бунга далил ушбу ҳадисдир: “Ким фолбинга бориб, бирон нарса ҳақида ундан сўраса, қирқ кун унинг намози қабул қилинмайди”. (Имом Муслим ривояти).

ЎМИ Бухоро вилоят вакиллиги Матбуот хизмати
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:47
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram