Шаъбон ойининг фазилатлари
26 апрел 2017 й.
4709 марта ўқилди.

 Шаъбон ойининг фазилатлари

Муборак Рамазон ойига, мусулмонлар байрамига, раҳмату мағфиратлар ойига ҳам бир неча кунлар қолди. Бу муборак ойдан олдин яна бир шариф ойлардан бири бу Шаъбон ойидир. Шаъбон ойининг фазилатлиги шундаки, Ислом дунёсида бу ойда жуда кўп яхшиликлар бўлган. Мана шу Шаъбон ойида Пайғамбаримиз с.а.в. ҳозирги биз қараб намоз ўқийдиган қибламиз аниқ бўлган. Яъни Расулуллоҳ с.а.в.га намоз фарз бўлгандан кейин, тоинки Аллоҳ таолодан амр бўлмагунча олдинги пайғамбарларга ўхшаб Қуддуси шарифдаги байтул мақдисга қараб намоз ўқир эдилар. Ва бу нарса яҳудийларга дастак бўлиб қолган эди. Улар Пайғамбаримиз с.а.в.ни маломат қиларди: “Ўзи бизни инкор қилиб, қибламизга қараб ибодат қилади” деб. Кунлардан бир кун Пайғамбаримиз с.а.в. ва саҳобалар билан аср намозига саф тортиб турганларида Аллоҳ таолодан амр келдики, бугундан бошлаб юзингизни Макка мукаррамадаги Каъбатуллоҳга буриб намозни ўқинг деб. Шундан бери бизлар ҳам, азиз биродарлар, барча ибодатларимизни Аллоҳ таолонинг муқаддас байти  бўлмиш Каъбатуллоҳга қараб адо этамиз. Бу Каъба Иброҳим а.с. даврларида ўша замонада қибла эди.
Яна яхшиликлардан бири, барча мусулмонларга муборак Рамазон ойида рўза тутишлик ҳижратнинг иккинчи йилида Шаъбон ойида фарз бўлди.
Шаъбон ойида бўлиб ўтган муҳим ишлардан бири эса, мусулмонларнинг, яъни бизнинг ҳижрий йилимиз ҳам Расулуллоҳ с.а.в. вафотларининг 8- йилидан кейин, ҳазрати Умар р.а. Шаъбон ойида қолган саҳобалар билан иттифоқ қилдиларки мусулмонлар санаси Пайғамбаримиз с.а.в.нинг Маккадан Мадинага ҳижратларидан бошланади. Расулуллоҳ с.а.в. мана шу Шаъбонда Умар р.а.нинг қизлари Ҳафса онамизга уйландилар. Ушбу муборак ойда Пайғамбаримиз с.а.в.нинг суюкли набиралари, ҳазрати Али к.в.нинг фарзандлари, Расули Акрам с.а.в.нинг қизлари Фотима онамизнинг жигар гўшалари ҳазрати Ҳусайн ибн Али дунёга келдилар. Бу ойнинг яна бир фазилати шуки, унда Аллоҳ таолонинг изни билан Пайғамбаримиз с.а.в. ойни иккига бўлганлар. 
Айрим ривоятларда келадики, аниқроғи Имом Байҳақийнинг “Шуъбал иймон” китобида зикр қилинади: Пайғамбаримиз с.а.в. марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло 12 ой ичидан Ражаб ойини Ўзи учун танлаб олган. Шунинг учун “Аллоҳ таолонинг ойи” дейилади. Ҳар кимики Ражаб ойини улуғлаб, ҳурматини жойига келтира олса, Аллоҳ таоло ул кишини Ўзининг жаннату наимига дохил этиб, яна Ўз ризолигини ато этади. Шаъбон ойи эса, “Менинг ойим” дедилар. Ҳар кимики Шаъбон ойини улуғлаб, таъзимини бажо келтирса, Мен – дедилар Расулуллоҳ с.а.в. – у кишига жаннатдан жойни ўзим тайёрлайман. Рамазон ойи “Умматларимнинг ойи” дедилар. Ҳар кимики Рамазон ойини улуғлаб, ҳурматини ўз ўрнига қўйса, гуноҳлардан тийилса, кундузлари рўзадору кечалари бедор, бировларга беозор ҳолда рўза ойини тамомласа, барча гуноҳларини Худои таборак ва таоло Ўзи мағфират айлагай” – деб Пайғамбаримиз с.а.в. марҳамат қилдилар.
Шаъбон ойида Расули Акрам с.а.в. жуда кўп ибодат қилганлар.
عن عائشة قالت : وما كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يصوم في شهر ما يصوم في شعبان كان يصومه كله إلا قليلا بل كان يصومه كله
Оиша онамиз р.а.дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ с.а.в.ни Рамазондан бошқа ойнинг рўзасини тўлиқ тутганларини кўрмадим. Шаъбонда тутганчалик кўп рўза тутганларини ҳам кўрмадим. Унинг фақат озгина рўзасини тутмас эдилар. Балки ҳаммасини тутар эдилар, десак ҳам бўлаверади”.
عن أبي سلمة عن أم سلمة : قالت ما رأيت النبي صلى الله عليه وسلم يصوم شهرين متتابعين إلا شعبان ورمضان
Яна бир онамиз Умму Салама р.а.: “Пайғамбаримиз с.а.в.нинг Шаъбон ва Рамазондан бошқа икки ойни кетма-кет рўза тутганларини кўрмадим” дедилар.
وعن عمران بن حصين عن النبي صلى الله عليه وسلم : أنه سأله أو سأل رجلا وعمران يسمع فقال : " يا أبا فلان أما صمت من سُرَرِ شعبان ؟ " قال : لا قال : " فإذا أفطرت فصم يومين".
Имрон ибн Ҳусайн р.а.дан ривоят қилинади: “Набий с.а.в. бир кишига: “Бу Шаъбон ойининг ўртасидан бирор нарса тутдингми?” дедилар. Ҳалиги киши: “Йўқ” деди. У зот с.а.в.: “Ундоқ бўлса, қачонки Рамазондан сўнг оғзинг очиқ бўлганда унинг ўрнига икки кун рўза тут” дедилар”.
Демакким, мана шундай улуғ ой бизнинг остамиз томон қадам босиб келаётган экан, бизлар ҳам Пайғамбар с.а.в. нинг амалларини давом эттирган ҳолда ибодатга собит қадам бўлмоғимиз лозим. Аллоҳ барчамизни мана шу каби файзли ойларда савоблар ила чиқмоқликни Аллоҳ тақдир айласин. 
 
Саид по банди кушо масжиди 
имом-хатиби   Н.Яҳёев
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:55
Куёш: 06:29
Пешин: 13:10
Аср: 17:10
Шом: 18:55
Хуфтон: 20:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram