ШУКР ҚИЛМАЙМИЗМИ?!
23 июл 2020 й.
1147 марта ўқилди.
ШУКР ҚИЛМАЙМИЗМИ?!
•Агар бугун эрталаб соғ-саломат уйғонган бўлсак, дунёдаги 330 миллион инсондан бахтлироқмиз!
•Агар бу тонгни танда дардсиз кутиб олган бўлсак, айни дамда 1 миллиард инсондан омадлироқ эканмиз!
•Уруш таҳликаси ва хавф-хатарсиз, ҳаётингизга таҳдидсиз кун кечираётган бўлсак, дунёдаги 500 миллион инсондан бахтлироқмиз!
•Музлатгич ва жавонларимизда озиқ-овқат, эгнимизда кийимимиз ва тунда ухлаш учун уйимиз бўлса, бу оламдаги 3 миллиард инсонлар бизга ҳавас қилади.
•Чўнтагимизда ёки ҳисобимизда пулимиз бўлса, дунёдаги омади кулган 1 миллиард инсонлардан биримиз!
•Бугунги кунда сиз намоз ўқиб турибсизми, дунёдаги 4 миллиард иймонсиздан бири эмасмиз!
•Ота-онамиз, завжаларимиз ва фарзандларимиз ёнимизда, оиламиз аҳил ва тинч бўлса, биз дунёдаги жуда ноёб инсонлар қаторида ўз ўрнимизга эгамиз!
Шундай экан шукр қилмаймизми?! Албатта буларнинг барига шукр қилинг Аллоҳ таоло шокир бандасини севади. "Агар шукур қилсангиз (ва иймон келтирсангиз) У сизлар учун рози бўлур". (Зумар сураси, 7-оят). Аллоҳ таоло биз бандаларини Ўзининг беҳиссоб неъматларидан баҳраманд қилган экан, У ўз навбатида ана шу неъматларининг шукрини адо этиб боришимизга буюради. Роббимизнинг берган ҳар бир неъматини катта-киччик демасдан уларнинг барчасига шукур қилишлик биз бандаларнинг зиммамиздаги бурчимиздир. Албатта, Аллоҳ таоло ҳам ана шунда бизлардан рози бўлади, инша Аллоҳ.
Аллоҳга ҳамду сано айтиб, Унинг неъматларини шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат ва Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. Аллоҳ таоло бандага каттами, киччикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун "Аллоҳга ҳамд бўлсин" деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади.
Бутун денё аҳлини ташвишга солаётган ушбу (Соvid-19) касаллик ҳам синов тариқасида берилган бир неъмат. Бу синовли кунларда бир-биримиз билан баҳамжиҳад, меҳр-оқибатли бўлиб, сиҳат-саломатлигимизни қадрига етиб яратганга шукур қилишимиз лозим. Бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганларидек:
"Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат- саломатлик ва хотиржамликдур".( Имом Бухорий, Термизий, Ибн Можа ривояти).
Дарҳақиқат, Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиб, тоат-ибодатда бардавом бўлмоқ охират ободлигига сабаб бўлса, неъматнинг шукрини адо этиб, куфрона неъматдан сақланиш икки дунё ободлигига сабабдир.
Зеро Аллоҳ таоло "Яна Роббингиз эълон қилган ( бу сўзлар) ни эслангиз: Қасамки, агар ( берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта,( уларни янада) зиёда қилурман" деб ваъда берган. (Иброҳим сураси, 7-оят).
Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир!
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, ҳаётимизни фаровон, турли самовий, арозий офатлардан омонда айлаб, барчаларимизни Ўзининг рушду ҳидоятида собитқадам қилган ҳолда Ўзининг шукр қилувчи бандаларидан айласин!
Ромитан туман "Мулло Нарзи" жомеъ масжид
имом-хатиби Суннатуллоҳ домла Фахриев
«орқага














