ШУКР ҚИЛМОҚ БАНДАГА ХОС ХИСЛАТ
28 май 2022 й.
660 марта ўқилди.

ШУКР ҚИЛМОҚ БАНДАГА ХОС ХИСЛАТ

Бир куни Салжуқийлар давлатининг подишоҳи  Султон Санжар бир йўлдан ўтиб борар эди. Бир ҳирқа кийган дарвеш унга рўбарў келиб, унга салом берди. Султон тасбиҳ ўгириб бораётгани боис, тил билан жавоб бермай, балки бошини қимирлатиб қўйди. Дарвеш подшоҳдан сўради: “Эй султон, салом бериш суннат, алик олиш фарз, мен суннатни адо қилдим, аммо нимага сен фарзни тарқ қилаяпсан?”- деб сўради. Султон инсоф юзидан ва саломнинг улуғлигидан отининг жиловини тортиб, дарвешга узр айтиб, деди: “Эй дарвеш, шукр айтиш билан машғул эдим, саломингга жавоб айтишдан ғофил қилдим”. Дарвеш яна: “Кимга шукр айтаётган эдинг?” деб сўради. Султон: “Неъмат берувчиларнинг энг улуғи, барча неъматларни юборган Худойи таолога шукр айтаётган эдим” – деб жавоб берди.
Дарвеш деди: “Қай равишда шукр айтасан?” Султон: “Фотиҳа сурасининг 1- ояти “Алҳамду лиллаҳи роббил оламийн” калимаси биланки, барча неъматларнинг шукри шу калима ичидадир”, деди. Дарвеш деди: “Эй султон, сен шукр айтиш ва миннатдорчилик йўлини билмас экансан, шукр Аллоҳ таолонинг берган неъматларига тенг ва ато қилган нарсаларига баробар бўлиши керак. Ўша неъматлар ҳозир сенинг давлатинг даврида ҳосил ва салтанатининг айёмида мавжуддир. Бир нафас тил булбулини “Алҳамдулиллаҳ” калимаси билан сайратиб қўйиш, бу шукр эмасдир. Подшоҳлар шукри Аллоҳ таоло даргоҳида мақбул бўлиши ва шукр қилувчининг неъматининг зиёда бўлишига лойиқ мақомга кўтарилиши керак. Бу шукрнинг йўли шундайки, подшоҳлигинггга муносиб вазият билан қилгайсан. Султон Санжар ундан илтимос қилиб деди: “Эй бузруквор, ўша васиятдан мени огоҳ қил”.
Дарвеш деди: “Подшоҳликнинг шукри – аҳли олам ва бани одамга адлу эҳсон қилиш билан бўлади, мамлакат ва вилоятга эгаликнинг шукри – одамларнинг  молу давлатига тама кўзи билан қарамаслик,
фармонраволикнинг шукри – фармонга  бўйинсунган одамларнинг ҳақ ва ҳуқуқини сақлашдир.
Бахтнинг баландлиги ва давлат улуғлигининг шукри – давлат  ҳудудидаги фақирларга раҳм қилишдир.
Хазина тўла бўлганининг шукри – садақа бермоқ ва ҳақдорларга ҳаққини етказишдир.
Қудрат ва қувватнинг шукри – ожиз ва заифларга жафо қилишдан қўлни тортишдир.
Соғу саломатликнинг шукри – ситам ранжидан бемор бўлганларга адолат дориси билан шифо етказишдир.
Лашкару сипоҳларнинг тўлиқ эканлигининг шукри – уларнинг зарари ва заҳматидан халқни асрашдир.
Баланд иморатлар ва жаннат сифат боғларнинг шукри одамларнинг маскан ва манзилларига лашкару сипоҳ тушиб, хароб қилмасликдир.
Шукрнинг хулосаси шуки, ғазаб ўти шуъла урганда ва ўз мақсади ғаразли бўлганда, доимо халқ томонини олиш ва халқнинг тинчлиги ва осойишталигини ўз тинчлиги ва осойишталигидан устун қўйишдир”. Дарвешниг сўзларидан султон кўп завқ ва лаззат олди ва уни зиёрат қилмоқчи бўлиб, отдан тушди. Бироқ дарвешни кўрмади, қанчалик қидирса ҳам, ундан асло нишон топмади. Султон бу бузрукворнинг сўзларини олтин суви билан ёзишга буюрди ва умри давомида ўзига дастурул-амал қилди.
Демак, Аллоҳнинг шукр қилувчи бандаларидан ҳисобланишимиз учун фақат тил билан “Худога шукр” дейишлик билан кифоя бўлмас экан. Балки, ҳар бир банда ўзинниг ҳолатидан келиб чиқиб шукр учун, шукронаи неъмат учун бир чиройли амаллар қилиб неъматларни бергувчи Парвардигорига, даргоҳи илоҳийга тортиқ қилишимиз керак.  Пайғамбаримиз с.а.в. айтганларидек:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ ، أَنّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ، قَالَ : أَرْبَعٌ مَنْ أُعْطِيَهُنَّ فَقَدْ أُعْطِيَ خَيْرَ الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ : زَوْجَةٌ لا تَبْغِيهِ خَوْنًا فِي نَفْسِهَا وَلا مَالِهِ ، وَلِسَانٌ ذَاكِرٌ ، وَبَدَنٌ عَلَى الْبَلاءِ صَابِرٌ ، وَ قَلْبٌ شَاكِرٌ

 “Кимга 4 нарса берилган бўлса, батаҳқиқ унга дунё ва охират яхшиликлари берилибди. Улар: солиҳа аёл, зикр айтувчи тил, балоларга сабр қилувчи бадан ва шукр қилувчи қалб”.
Пайғамбаримиз с.а.в. шукр қилувчи тил демадилар, балки шукр қилувчи қалб дедилар. Шукр қилувчи тил деганларида эди, фақат тил билан шукр қилсак бўлаверарди. Аммо, Расулуллоҳ с.а.в. қалб билан шукр қилишни айтмоқдалар. Қалб билан қандай шукр қилинади?
Шукр қилиш – неъмат берувчининг берган неъматини яхшилик билан ёдга олиб, шунга мос бир хайрли амал билан ўз миннатдорчилигини изҳор қилишдир. Шундай экан, шундай фаровон юртда яшаётганимиз учун Аллоҳга доимий равишда шукр қилиб яшамоғимиз лозим. Аллоҳ барчамизга зокир тиллардан ва шокир қалблардан барчамизга ато этсин.

Манбалар асосида тайёрланди
Бухоро шаҳар "Хўжа Ориф Мохитобон" жомеъ масжиди
имом-хатиби Жонибек Жўраев 
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram