ШУКРОНАЛИК
19 январ 2022 й.
«орқага
783 марта ўқилди.
ШУКРОНАЛИК
Инсонларга кўп неъматлар ато қилинган. Бу неъматларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Тинчликни сақлайдиган омиллардан бири – тўғри тафаккур. Зеро, тўғри фикрлаш барчани ҳар-хил бузуқ эътиқодлардан, нотўғри йўлларга кириб қолишдан асрайди. Одамлар орасида фаҳш, ёмон иллатлар, бегона ёт ғоялар тарқалишини олдини олади. Хотиржамликнинг давомийлигини таъминлайдиган омиллардан яна бири – шукр. Зеро, Қуръони Каримда ҳам шукр қилганларга неъматларини яна ҳам кўпайтириб бериши тўғрисида оятлар мавжуд. Акс ҳолда ношукрлик нотинчликка сабаб бўлиши мумкинлиги ҳам оятларда ўз аксини топган. Инсонларнинг бирлиги, маърифат ҳосил қилиши, ҳаёт фаровонлиги, ризқнинг мўл-кўл бўлиши, жамиятда бирдамликни мустаҳкамланиши, қўни-қўшни ва қавм-қариндошларнинг ҳолидан ҳабар олиб туриш, силаи раҳм қилиш, хотиржам ибодатда бўлиш, ер юзида Аллоҳ таолони рози қиладиган ҳаёт кечира олиш учун ҳам тинчлик лозим. Ҳар бир инсон учун тинчлик зарурлиги борасида хадиси шарифда ҳам айтиб ўтилган. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким оиласи тинч, танаси саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолда тонг оттирса унга дунё тўлиғича берилибди” (Имом Бухорий ривояти). Аллоҳ таолонинг бизларга берган улуғ неъматларидан бири – бу юртимизнинг тинч ва осойишталигидур. Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг баъзи жойларида бўлиб турган турли қўпорувчилик, терорчилик, турли офат, балолари, ҳақида эшитиб кўриб турибмиз. Юртимизни самовий ва арозий балолардан сақлаб турганлиги учун Аллоҳга беадад ҳамд ва шукроналар айтмоғимиз лозимдур. Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо унинг қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганларидек: «Иккита неъмат борки, кўпчилик одамлар уни қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдур».
Гувоҳи бўлиб турганимиздек, баъзи жойларда табиий офат сабабидан яна баъзи жойларда эса қирғинбарот урушлар туфайли шаҳарлар вайрон бўлиб, аҳоли сарсон-саргардонликда кун кечирмокдалар. Аллоҳ таолога ҳисобсиз шукурлар бўлсинки, тинчлик ва осойишталик неъмати сояси остида, ҳаётимиз осуда давом этмокда. Бу неъматдан оқилона фойдаланган ҳолда диёримизда бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилиши натижасида шаҳарларимиз кун сайин чирой очиб бормоқда. Ёш оилаларга замонавий уй-жойлар давлатимиз тарафидан қуриб берилмоқда. Аллоҳ таоло биз бандаларини ўзининг беҳисоб неъматларидан баҳраманд қилган экан, У ўз навбатида ана шу неъматларининг шукрини адо этиб бормоғимизга буюради. Аллоҳнинг неъматларини катта-кичик демай уларнинг шукрини бажо келтиришмиз зиммамиздаги бурчимиздир. Айниқса, энг катта неъматидан бири тинчлик ва хотиржамликдир. Тинчлик бор жойда байрамлар тўйлар ва турли тадбирлар бўлади. Шунинг учун биз ҳар доим ўзимиз туғилиб ўсган она Ватанимизни кўз қорачиғимиздек асраб авайламоғимиз шартдир. Ўшандагина биз шукрни адо этган бўламиз. Албатта, Аллоҳ таоло ҳам ана шунда бизлардан рози бўлади инша Аллоҳ. Қуръони Каримда бу ҳақида марҳамат қилиб: «…Агар шукур қилсангиз (ва имон келтирсангиз) у сизлар учун рози булур…» (Зумар сураси, 7-оят) дейилган ушбу оятдан маълум бўладики Аллоҳнинг розилигини топишни истаган ҳар бир банда доимо унга хам айтиб, неъматларига шукрона келтириши, ҳар доим ўзи туғилиб ўсган юртига ўз ҳиссасини қўшиши лозим бўлади. Саид Ибн Жубайирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинишича, у киши… «Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган киши фаровонлик ва танглик кунларида ҳам Аллоҳга ҳамд айтиб юрадиган кимсадур»,-деганлар. Мустақилликдан олдин мана шундай масжидларни тўлдириб, ёшу қариларни эмин-эркин ибодатларимизни адо этишимиз қаёқда эди. Юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, биз бунга жавобан кечаю кундуз неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Аллоҳга ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат ва ҳам Аллохнинг унга берган катта мукофотидур.
Когон туман “Ҳожи Салим" жомеъ масжид
имом-хатиби Асадов Ҳусен