Шукроналик ҳисси
03 август 2016 й.
3062 марта ўқилди.

 Шукроналик ҳисси

Жонажон юртимизнинг ўтган 25 йили давомида рўй берган ўзгаришлар, изланишлар ва ютуқлар ҳақида гапирмасликнинг асло иложи йўқ. Негаки, ўтган қисқа давр мобайнида мамлакатимизда таҳсинга лойиқ ишлар амалга оширилди. Бу ҳам бўлса она ватанимизнинг тинчлиги, халқимизнинг фидойилиги натижасидир. 
Яратганнинг инояти ҳамда юртбошимизнинг жонкуярликлари туфайли ота-боболаримизга армон бўлиб қолган диний ибодатларни эмин-эркин адо этмоқдамиз, минглаб фуқароларимиз ҳаж ва умра ибодатларини бажариб, мустақил Ўзбекистонимиз равнақига дуо қилиб қайтишмоқда. 
 
Истиқлол неъматидан юртимизнинг ҳар бир гўшаси кундан-кунга яшармоқда, республикамизнинг олис қишлоқларида ҳам замонавий иншоотлар қад ростламоқда, ёшларимизнинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор берилмоқда, таълим самарадорлигини ошириш ва таълим сифатини жонлантириш борасида илмий изланишлар давом этмоқда, зиёратгоҳлар обод этилмоқда, дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган алломаларимизнинг юбилейлари кенг миқёсда нишонланмоқда, ўлмас мерослари ўрганилибб, осори атиқаларимиз таъминланмоқда. 
 
Мустабид тузум даврида омборга айланган масжид ва мадрасаларимиз қайта тикланиб, фойдаланишга топширилди. Мамлакатимизда турли дин ва миллатлар вакиллари барча жабҳада эмин-эркин истиқомат қилмоқда. Бу таҳсинга лойиқ иш, албатта.
 
Барчамизга маълумки, бекорга ватанни онага, саждагоҳга қиёсланмайди. Ҳар қандай инсон зоти борки, онасини эъзозлайди, ҳимоя қилади, унинг розилиги йўлида жонини жабборга беришга тайёр туради. Жойнамозини асраб-авайлайди, уни ҳар қандай жойга ташламайди, юқорига олиб қўяди, қўлтиғида олиб юради. Биз ҳам юртимизга ана шундай, қолаверса, бунданда ортиқ муносабатда бўлишимиз лозим ва лобуддир. Негаки, ота-бобомиз шу юртда яшаган, киндик қонимиз шу юртда тўкилди. Шу юрт бизга таълим-тарбия берди, ана шу юртда униб-улғайдик.    
 
Демак, ватанни севиш, унга нисбатан яхши муносабатда бўлиш, унинг ҳар бир қаричини асраб-авайлаш, миллат ғамини ейиш, ватанпарварлик туйғуси билан яшаш, ҳар бир неъматга шукрона қилиш инсонийлик бурчимиздир. 
Қуръони каримда: “Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман”, дейилган (Иброҳим, 7).
 
Дарҳақиқат, берилган неъматларга шукр қилсак, унинг қадрига етсак, юрт равнақи, ватан тараққиёти, миллат ҳамжиҳатлиги, халқ фаровонлиги йўлида астойдил хизмат қилсак, иншааллоҳ, муродимизга етамиз. Ана шунда Яратганнинг розилиги, халқнинг раҳматига сазовор бўламиз.
Аллоҳ истиқлолимизни янада мустаҳкам, юртимизни тинч-осуда айласин.
 
Азизхўжа ИНОЯТОВ,
Бухоро туман “Чор Бакр” 
жомеъ масжиди имом-хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram