Аллоҳнинг “ар-Роҳийм” сифати
13 сентябр 2023 й.
«орқага
611 марта ўқилди.
Аллоҳнинг “ар-Роҳийм” сифати
Оламларни яратган ва ундаги махлуқоту мавжудотга ризқ берган, умр берган бандаларига раҳмли бўлган Аллоҳ жалла ва аълога битмас туганмас ҳамдлар бўлсин. Ташрифи ила оламни нурга тўлдирган, башариятни зулмат ботқоғидан ҳидоят сари етаклаган ва уммати учун борини бериб, машаққатларга сабр қилиб, башариятга хулқи билан ибрат бўлган оламларга раҳмат қилиб юборилган пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саломлар бўлсин.
Биз иймон аҳлидан бўлган мусулмонлар биламизки, Аллоҳ табарок ва таолонинг тўқсон тўққиз исми сифати бор. Бу исм ва сифатларнинг ҳар бири Аллоҳнинг ўзигагина далолат қилади. Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки Аллоҳнинг ушбу тўқсон тўққис сифати икки қисмга бўлинади:
1.Зотий, яъни зотига далолат қиладиган,
2.Феълий, яъни феълига далолат қиладиган исмлар.
Биз иншааллоҳ “ар-Роҳийм” сифатига таъриф бериб ўтамиз. Роҳийм калимаси “раҳмли” деган маънони ифода этади. Аслида эса, ушбу калима араб тилидаги “رَحْمٌ” дан олинган бўлиб, она қорнидаги “бачадон” деган маънони англатади. Яъни, истилоҳдаги маъноси Аллоҳ бандасига она қорнида жойлашган бачадондаги фарзанддан кўра яқинроқ эканини луғат олимлари таъриф берадилар.
Шу ўринда, айни сифатга монандлари ҳам мавжуд. Улар, ар-Роҳман, ат-Таввоб, ал-Ғофур, ар-Роуф, ал-Вадуд, ал-Азиз сифатлари. Биз таърифини қилаётган ар-Роҳийм билан ёнма-ён келган. Бу зикр қилинган исм ва сифатларни фарқи нимада? Маънода деярли бир хил аслиятда уларнинг ҳолатлари нимага далолат қилади деган савол туғилиши аниқ. Бу саволга шариъат олимлари қуйидагича жавоб берадилар: “бу сифатнинг ўзгаларидан фарқи “қиёмат кунида фақат ва фақат мўминларга раҳм қилгувчи” маъносини англатади. Ва шу билан бирга барча пайғамбарларга ҳам нисбатан ишлатилинади.
Мисол тариқасида айтамиз, мураббий машғулотлар жараёнида барча шогирдларига услубларни бир хилда, бир жойда ва бир хил вақтда ўргатади лекин уларнинг ҳаммаси ҳам ютуққа эриша олмайди. Маълум бир қисмигина чемпион деган номга сазовор бўлади. Худди шунингдек, инсонларнинг барчаси мусулмон бўлишлиги мумкин лекин мўмин бўла олмайди.
Бу дунёдаги Аллоҳга таслим бўлган мусулмон буни амалда ҳам кўрсата олса буюрилган амалларда собит туриб, қайтариқлардан қайтса ҳақиқий мўмин бўлади ва қиёматда Аллоҳнинг ар-Роҳийм сифатига эришади ҳамда жаннатга киради. Ар-Роҳман сифати эса барча учун бўлиб, ундан ғайридин ҳам кофир ҳам насибасини олади. Зотан, Аллоҳ барча учун меҳрибондир. Лекин унинг раҳмдиллиги маълум бир тоифа учундир.
Демак, мўмин банда хосланган банда экан. Махсус бандалар учун хосланган раҳматга эришиш учун Аллоҳ ва унинг Расулига итоатли бўлиши лозим экан. Чунки, Аллоҳ таоло азалий каломи Қуръонда:
وَأَطِيعُوا اللَّهَ وَالرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
“Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинглар, шоядки раҳм қилинсангиз”, деган ("Оли Имрон" сураси, 132-оят).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, махсус мақом ва унвонга эришиш учун биздан талаб қилинаётган ягона нарса Аллоҳ ва Расулига эргашиш. Шундай экан, мана шундай улуғ бахтга эришишни Аллоҳ ҳар бир қалбида иймони бор бандага тақдир қилсин.
Бухоро шаҳар бош имоми,
“Файзобод” жомеъ масжиди
имом-хатиби Авезов Отабек