СИЛАИ РАҲМ ҚИЛИШНИ УНУТМАНГ!
10 май 2023 й.
623 марта ўқилди.
СИЛАИ РАҲМ ҚИЛИШНИ УНУТМАНГ!
Ислом дини мусулмонларни қариндошларга нисбатан меҳр-оқибатли бўлишга буюради. Бу юксак инсоний фазилатга “силаи-раҳм” дейилади. “Сила” – боғлаш, “раҳм” – эса қариндош деган маънони билдиради. Силаи раҳм қилиш мусулмон киши учун вожиб амалдир. Қариндошлик алоқаларини узиш эса катта гуноҳ бўлиб, унинг ёмон оқибатлари ҳақида Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади:
قال تعالى: فَهَلْ عَسَيْتُمْ إِنْ تَوَلَّيْتُمْ أَنْ تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ وَتُقَطِّعُوا أَرْحَامَكُمْ * أُولَئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فَأَصَمَّهُمْ وَأَعْمَى أَبْصَارَهُمْ )محمد:22-23(
Агар (иймондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиласизлар ва қариндошларингиз (билан алоқангиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) “кар”, кўзларини “кўр” қилиб қўйгандир.
Бошқа бир оятда:
قال تعالى: وَالَّذِينَ يَنْقُضُونَ عَهْدَ اللَّهِ مِنْ بَعْدِ مِيثَاقِهِ وَيَقْطَعُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَنْ يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِي الْأَرْضِ أُولَئِكَ لَهُمُ اللَّعْنَةُ وَلَهُمْ سُوءُ الدَّارِ )الرعد:25 (
Аллоҳ билан аҳд боғлаганларидан кейин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳаннам) бордир.
Яна бошқа бир оятда:
قال الله تعالى: وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي تَسَاءَلُونَ بِهِ وَالْأَرْحَامَ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَيْكُمْ رَقِيبًا )النساء: 1 (
Шунингдек, ўрталарингизда ўзаро муомалада номи келтирувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир.
Юқоридаги оятлардан силаи раҳм қилиш Аллоҳнинг амри, шариат талаби, уни тарк этиш эса фосиқлик эканлиги кўриниб турибти. Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан сақланиш инсон ҳаётига барака олиб киради. Парвардигор буюрган амрларига бўйсуниш эса инсонни икки дунёда саодатманд қилади.
Силаи раҳм бу қариндошлар ҳолидан хабар олиш, уларга ғамхўрлик қилиш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб қувватлашдир. Қариндошлар бошига мусибат тушса дардига дармон бўлиб, хурсандчилик кунларида хурсандчилигига шерик бўлиш. Бу борада сарвари коинот Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Оиша онамиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қиладилар:
لرَّحِمُ مُعَلَّقَةٌ بِالْعَرْشِ، تَقُولُ: مَنْ وَصَلَنِي وَصَلَهُ اللهُ، وَمَنْ قَطَعَنِي قَطَعَهُ اللهُ
“Раҳм (қариндошлик) Аршга осилиб: “Ким мени уласа, Аллоҳ уни уласин! Ким мени узса, Аллоҳ уни узсин!”, дейди” (Имом Бухорий ривоятлари)
عن أبي هُرَيرةَ رضي الله عنه، عن النَّبيِّ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم قال: إنَّ الله خلَقَ الخَلْقَ، حتى إذا فرَغَ مِن خَلْقِه، قالت الرَّحِمُ: هذا مقامُ العائِذِ بك مِنَ القَطيعةِ، قال: نَعَمْ، أمَا تَرضَينَ أن أصِلَ مَن وصلَكِ، وأقطَعَ مَن
قَطَعَكِ؟ قالت: بلى، يا رَبِّ. قال: فهو لَكِ
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла махлуқотларни халқ қилди. Ундан фориғ бўлгач, раҳм ўрнидан турди. «Нима гап?» деди У Зот. «Бу – қариндошлик узилишидан Сенинг паноҳингга қочганнинг мақомидир», деди. «Сени боғлаганни боғлаб, узганни узишимга рози бўлмайсанми?» деди У Зот. «Ҳа! Эй Роббим!» деди у. «Ана шу сенга бўлсин!» деди У Зот».
عن أبي هُرَيرةَ رَضِيَ اللهُ عنه قال: قال صلَّى اللهُ عليه وسلَّم: من كان يؤمِنُ باللهِ واليَومِ الآخِرِ فلْيُكْرِمْ ضَيفَه، ومَن كان يؤمِنُ بِاللهِ واليَومِ الآخِرِ فلْيَصِلْ رَحِمَه، ومن كان يؤمِنُ باللهِ واليَومِ الآخِرِ فلْيَقُلْ خَيرًا أو لِيَصمُتْ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин! Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қариндошлари билан алоқани тикласин! Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин!”, дедилар (Муттафақун алайҳ).
عن عبدِ اللهِ بنِ عَمرٍو رضي الله عنه، عن النبيِّ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم قال: ليس الواصِلُ بالمكافِئِ، ولكِنَّ الواصِلَ الذي إذا قُطِعَت رَحِمُه وَصَلَها
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида (борди-келди) алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда уларга алоқани боғлаган одамдир” (Имом Бухорий ривоятлари).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга силаи-раҳм сабабли ризқга барака келишини, бу амал туфайли умр узоқ бўлишини билдириб шундай дейдилар:
من أحَبَّ أنْ يُبْسَطَ لَهُ في رِزْقِهِ، ويُنْسأَ لَهُ في أثَرِهِ، فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ) مُتَّفَقٌ عَلَيهِ(
“Ким ризқи кенг бўлиши, умри узун бўлишини хуш кўрса, қариндошлик алоқаларини боғласин” (Муттафақун алайҳ).
عن أبي هُرَيرةَ رضي الله عنه: أنَّ رَجُلًا قال: يا رَسولَ اللهِ، إنَّ لي قرابةً أصِلُهم ويَقطَعوني، وأُحسِنُ إليهم ويُسيئونَ إليَّ، وأحلُمُ عنهم ويَجهَلونَ عليَّ، فقال: لئِنْ كُنتَ كما قُلتَ، فكأنَّما تُسِفُّهمُ المَلَّ، ولا يزالُ معك مِنَ اللهِ ظَهيرٌ عليهم ما دُمتَ على ذلك
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг қариндошларим бор. Мен уларга силаи раҳм қиламан, улар эса мендан алоқаларини кесадилар. Мен уларга яхшилик қиламан, улар эса менга ёмонлик қилишади. Мен уларни кечириб юбораман, улар эса мени ҳақорат қилишади», деди. «Агар ҳолат сен айтгандек бўлса, уларга қизиган кулни едиргандек бўласан. Ўз ҳолингда бардавом бўлсанг, уларнинг зиддига сен билан Аллоҳдан бир ёрдамчи доим бирга бўлади», дедилар».
Юқоридаги ҳадислар жамиятда инсонлар орасидаги гўзал муносабатлар мустаҳкамланишига қаратилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотлари инсонларда инсоф, самимият каби яхши хислатлар камол топишига хизмат қилади. Афсусланиб айтамизки, бугунги кунда инсонлар орасида секин-асталик билан бу хислатлар камайиб боряпти. Баъзи жойларда эса ака-ука, опа-сингиллар орасида арзимаган нарсалар сабаб жанжаллар тез-тез учраб турмоқда. Баъзан эса бундай ҳолатлар уларни бир умр ўзаро гаплашмасдан, юз кўрмас бўлиб кетишларига ҳам замин яратмоқда. Аслида олганда бунинг асл негизи дин-диёнатдан узоқ бўлиш, дунёга ҳаддан зиёд меҳр қўйиш десак муболаға қилмаган бўламиз.
Аллоҳ таоло барчамизни доимо яхшиликлар узра жамлаб, оз муддатлик бу дунёда бўйнимиздаги инсонийлик бурчларини чиройли адо этишга муваффақ айласин!
Бухоро шаҳар “Абу Бакр Сиддиқ” жомеъ масжиди
имом-хатиби Орифжон Тўқсонов
«орқага