СИЛАИ РАҲМ - САОДАТ ОМИЛЛАРИДАНДИР
30 март 2020 й.
1083 марта ўқилди.
СИЛАИ РАҲМ - САОДАТ ОМИЛЛАРИДАНДИР
Аллоҳ таоло тўқсон тўққиз исмидан икки исмини — Раҳмон ва Раҳим исмларини ҳар бир ишни бошлашдан олдин "Аллоҳ" исмига қўшиб ёд этишни мўмин бандаларига амр этган. Мусулмон киши ишларига Меҳрибон ва Раҳимли Аллоҳ номи “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим” билан киришади.
Раҳмон ва Раҳимнинг маъно жиҳатдан ўзаги раҳматдир. Раҳмат меҳр-шафқат қилиш, яхшилик исташдир. Барча махлуқотларга меҳрли ва шафқатли, уларнинг ҳаммасига неъмат берувчи Зот бандаларига ҳам меҳрли шафқатли бўлишни буюради. Инсонларнинг хусусан қариндошларнинг бир-бирларига меҳр шафқат кўрсатишлари Исломда силаи раҳм деб аталади.
Аллоҳ таоло Қуръони азимуш шаънда шундай марҳамат қилади:
“Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркаг-у аёлларни таратган Роббингиздан қўрқинглар! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндошлар алоқасини узишдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ таоло сизларни кузатиб турувчидир”. (Нисо сураси, 1-оят).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бизларни барчамизни бир эркаг-у бир аёлдан яратди. Ҳар хил тиллик, турли хил ранглик ва турли туман элат-у миллатларга ажратди. Инсоният қўшилиб бир оила, бир оиладан катта жамоат, жамоатлардан миллатлар пайдо бўлди. Аллоҳ таоло юқоридаги оятда қариндошлик ришталарини узмасликка, балки уни янада мустаҳкамлашга ундаяпти. Шундай қилиб мусулмонларга яна бир фарз амалларидан силаи раҳм – қавм-у қариндош алоқалари ҳақида эслатиляпти. Силаи раҳмда фазилат кўпдир. Биринчидан, қариндошларни ҳа деб кўришга бораверсам ёки уларга доим хайр-у эҳсон қилсам, камбағал бўлиб қоламан - деб ўйласа, хавотирланмасин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Ризқи кенг ва фаровон бўлишини ва ҳаёти узун бўлишини истаса, қариндошларидан ўзини узмасин”. Агар ҳеч нарса беролмасангиз, уларни хафа қилманг, чиройли муомалада бўлинг, бу Парвардигорнинг амри: “Агар уларга Парвардигорингдан марҳамат хоҳлаб, ҳеч нарса беролмайдиган бўлсанг, уларга қўполлик қилмасдан мулойим гапир”. Бир аъробий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўсиб чиқиб: “Менга жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг”, - деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Аллоҳга ибодат қиласан. Унга ҳеч нарсани шерик келтирмайсан. Намозни адо қиласан. Закотни берасан. Силаи раҳм қиласан”, - дедилар. Динимиз меҳр-шафқат динидур. Меҳр-шафқат ёйилган юрт обод, халқи фаровон бўлади. Меҳр-шафқатли кишилар орасида муҳтожлар қолмайди. Силаи раҳм эса бунинг асосий воситасидир. Силаи раҳм ҳақида Қуръони Каримда ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида бир неча оят ва ҳадислар келган. Оятларда оилани ва Ислом жамиятини мустаҳкамлаш, мазкур ғайриисломий иллатлардан поклаш, йўлдаги тўсиқлар ва душманларнинг душманлигини енгиб ўтиш лозимлиги ҳақида сўз кетади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: "Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас" (Нисо сураси, 36-оят)
"Хокимулломир" жомеъ масжид
имом - хатиби Ғолиб Муротов
«орқага