“СОФ ИСЛОМ ДИНИ”
24 октябр 2018 й.
«орқага
2101 марта ўқилди.
“СОФ ИСЛОМ ДИНИ”
Бугунги кунда ҳар биримиз дунёда ва Яқин Шарқ мамлакатларида муқаддас динимиз номидан содир этилаётган, исломни шиор қилиб олган турли ёвузлик, бузғунчилик ва қўпорувчиликлар ортида қандай кучлар тургани, бу ўйиндан аслида кимлар манфаатдор эканини яхши англаб етдик. Бироқ, бу билан чекланиб қолмасдан, халқимизга, хусусан келажагимизни ишониб топширадиган ёшларимизга Истиқлол шарофати туфайли юртимиздаги барқарорлик, ҳамжиҳатлик, тараққиёт, толерантлик, тинч-осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, Аллоҳ таоло яратган бу улуғ неъматни кўз қорачиғидек асраш учун доимо сергак ва ҳушёр бўлишга тарғиб этишимиз, ундашимиз ҳам фарз ҳам қарздир.
Барчага маълумки, бу ғаразли кучлар аслида ислом номидан иш тутсаларда, бирорта қилмишлари ислом тугул, на бир шариат ва на бир жамиятга тўғри келмаслиги бирдек аён. Бунинг учун уларнинг ўз қилмишлари, иддаолари, мақсадларидан юзлаб, балки минглаб мисолларни келтириш мумкин.
Қиёматга қадар боқий, соф ва покиза динимизда қотиллик, худкушлик, фитна оловини ёқиш, тирик жонни азоблаш, ўликнинг аъзоларини кесиш, уламоларни ҳақоратлаш, сийлаи раҳмни узиш, аёлларни ҳамда ёш болаларни камситиш, асирга тушганларни хўрлаш, халқни ваҳимага солиш каби бир қатор кечирилмас гуноҳлар борки, номи ялтироқ, ичи қалтироқ гуруҳ вакиллари тап тортмай бу манфур ишларнинг барчасини қилдилар, шунга чорладилар, ўзларига ҳалол санадилар. Бу йўлда кимларнидир куфрда, яна кимларнидир туғёнда айбладилар. Буларнинг барчаси оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилиш, нафс амрига бўйсуниш, шайтон домига юриш оқибатидир.
Барчамизга маълумки, илоҳий ҳукмни Аллоҳ ва расули чиқаради. Уламолар эса уни халққа етказадилар холос. Бу йўлда қалбакиликка юз тутиш, ўз мақсади йўлида шариат аҳкомларини соддалаштириш, динда ғулувга кетиш, бандалар қалбида адоват уруғини сочиш, уларнинг устидан мутлақ ҳокимиятни ўрнатишга асло йўл қўйилмайди. Бунинг учун муқаддас манбаларга (Қуръони карим оятлари ҳамда пайғамбаримизнинг ҳадиси шарифлари) суяниб иш кўриш айни муддаодир.
Қуръони карим оятларида ер юзида бузғунчилик қилиш, қотилликка қўл уриш, фитна оловини ёқиш, зулм йўлида кўксини кериш каби бир қатор разил сифатлар қаттиқ қораланган, уларнинг соҳибларига қиёматда аламли азоблар бўлиши уқтирилган.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон шундай кишики, (бошқа) мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан (асло) озор топмасликлари керак. (Ҳақиқий) муҳожир эса Аллоҳ қайтарган нарсалардан қайтган кишидир”, – дедилар» (Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин шундай кишики, одамлар қонлари ва жонлари борасида ундан омонда бўлади”, – дедилар» (Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз ушбу ҳадислари билан ҳақиқий мусулмон, мўмин ва муҳожир кимлигини аниқ кўрсатиб ўтганлар. Бошқа ҳадисларда «ҳижрат», «жиҳод» каби сўзларнинг ҳам асл моҳиятини очиб берганлар. Қўштирноқ ичидаги «мусулмон», «мўмин», «муҳожир» тушунчасига алоҳида эътибор қаратиб, бунинг том маъносини тушунтириб ўтганларининг ўзиёқ исломнинг нақадар мукаммал эканига далолатдир.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизнинг ишимизга тегишли бўлмаган нарсани пайдо қилса, унинг иши рад этилгандир”, –дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ (ҳеч қачон) умматимни залолатда бирлаштирмайди. Аллоҳ жамоат билан биргадир. Ким улардан ажралса дўзах тарафга ажрабди”, –дедилар» (Термизий ривояти).
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким жамоатдан бир қарич узоқлашса, ҳақиқатда ислом арқонини бўйнидан (батамом) ечиб ташлабди”, – дедилар» (Абу Довуд ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонни сўкиш фосиқлик, уни ўлдириш эса кофирликдир”, –дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси кишики биродарига: “Эй кофир”, деса, бу гап, албатта, иккисининг бирига қайтади”, – дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Биз бу ўринда айрим ҳадисларнинг зикри билан чекландик холос. Бу борадаги оят ва ҳадисларни кўплаб келтириш мумкин. Аммо хулоса қилиб шуни айтишимиз керакки, ислом – тинчликпарвар дин, уни ҳар ким ўзича талқин этишга асло ҳаққи йўқ. Ота-боболаримиз доимо ақлдан нақлни устун қўйганларки, бу уларнинг ҳидоят юлдузи тимсолида порлашларига сабаб бўлган.
Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: «Мусулмон кишини бир гуноҳ қилгани билан, то уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз», –деганлар.
Оиша розияллоҳу анҳо эса: «Аҳли қиблани кофирга чиқариш йўқ», – деганлар.
Машҳур муфассир Жалолиддин Суютий: «Мусулмонни кофирликда айблаган одам, уни ўлдирган билан баробардир», – деб таъкидлаганлар.
Ён-атрофимизда кўпдан буён давом этаётган, оилаларнинг пароканда, болаларнинг етим, аёлларнинг тул, жамиятнинг инқирозига сабаб бўлаётган турли қарама-қаршилик, низо, зиддият ва тобора кескинлашувнинг асосий сабаби ҳам динни яхши англаб етмаслик, аҳилликка эътибор бермаслик, уламоларнинг ҳурматини жойига қўймаслик, огоҳликка эътиборнинг сусайгани оқибати десак асло муболаға қилмаган бўламиз.
Зеро, марҳум юртбошимиз: «Ҳушёрлик, огоҳ бўлиб яшаш – бу бир кунлик ёки бир ойлик мавсумий масала эмас, балки, кундалик иш, кундалик амалий ҳаракат бўлиши лозим», – деб барчамизни ҳушёрликка тарғиб этганлар.
Яратган Эгам ҳеч кимни ҳақ йўлдан оғдирмасин, азал-азалдан тинчликпарвар рамзи бўлган муқаддас ислом динимизга асло путур етмасин.
Когон туман “Б.Нақшбанд” жомеъ масжид
имом хатиби Г.Разаков.