СОҒЛОМ АВЛОД ТАРБИЯСИ
04 май 2016 й.
3409 марта ўқилди.

 СОҒЛОМ АВЛОД ТАРБИЯСИ

 
“Бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди”.
Ислом Каримов.
 
Маълумки, Ислом дини аввало инсон фаровонлигига, унинг маънавий камолига хизмат қилади ва айни пайтда, жамият тараққиётига илм-маърифатга, ҳалоллик, ростгўйлик, эзгуликка чорлайди. Халқларни тинч-тотув ва бирдамликда ҳаёт кечиришга ундайди.
Биламизки, оила наслни давом эттирадиган муҳим муассасадир. Оила ҳар томонлама мустаҳкам бўлиши учун ота-оналарнинг ўрни беқиёс аҳамиятга эгадир.
Фарзандларимизнинг билим савияси, касбу ҳунари билан бирга, ахлоқий камолотига ҳам ҳар дақиқада эътибор беришимиз керак. Ўсиб келаётган ёш авлоднинг таълим-тарбияси ҳақида ғамхўрлик кўрсатиш барчамизнинг бурчимиз.
Албатта, ҳар бир ота-она фарзанди келажакда баркамол инсон бўлиб етишишини, ҳаётда ўз ўрнини топиб, она Ватанга содиқ, эл-юрт фаровонлиги йўлида хизмат қилишга тайёр, ор-номусли, виждонли чин инсонлар бўлиб етишиб, ўз волидаи меҳрибонларига раҳмат эшиттиришларини истайди.
Ўтган асримизда улуғ аллома Абдулла Авлоний ўзбек педагогикаси тарихида педагогикага биринчи марта тўғри таъриф беради. Ҳозирги давримизда совет педагогикасига “Педагогика ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялаш тўғрисидаги фандир” деб таъриф берилса, Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида “Педагогия”, яъни “бола тарбиясининг фани демакдир” деб таърифлайди. Табиий, бундай таъриф Авлонийнинг педагогика фанини яхши билганидан, бу соҳада кучли ва кенг маълумотга эга бўлганидан далолат беради.
Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида тарбиянинг 4 та тури ҳақида фикр юритади: тарбиянинг замони, бадан тарбияси, фикр тарбияси, ахлоқ тарбияси. У зот тарбия ҳақида шундай дейди: “Тарбия “Педагогия”, яъни бола тарбиясининг фани демакдур. Илми ахлоқнинг асоси тарбия ўлдуғиндан шул хусусида бир оз сўз сўйлаймиз. Боланинг саломати ва саодати учун яхши вақтидан маслакини тузатмак, яхши хулқларини ўргатмак, ёмон хулқлардан сақлаб ўсдурмакдур. Тарбия қилгувчилар табиб кабидурки, табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилгани каби тарбияни боланинг вужудидаги жаҳл маразига “яхши хулқ” деган давони ичидан, “поклик” деган давони устидан беруб, катта қилмоғи лозимдур. Зероки, (Ҳассинув ахлоқакум – “Хулқларингизни гўзалаш-тиринглар”) амри шарифи узра хулқимизни тузатмакға амр ўлинганмиз. Лекин хулқимизнинг яхши бўлишининг асосий панжаси тарбиядур. Ахлоқимизнинг биносининг гўзал ва чиройли бўлишига тарбиянинг зўр таъсири бордур. Баъзилар “тарбиянинг ахлоққа таъсири йўқ, инсонлар асл яратилишидан қандай бўлсалар, ўсарлар, табиат ўзгармас”.
Ёмон хулқ тузалмайди дармон ила,
Ипак ўлмас ип, ранги алвон ила,
Боқинг, бир дарахт мевасидур ёмон,
Бўлур яхши пайванд, парво билан.
Билур ҳар киши аслини рангидан, 
Ва ёким улангандаги зангидан, – демишлар.
Лекин бу сўз тўғри эмасдур. Чунки тарбиянинг ахлоқга, таъсири бўладур. Орамизда масал борки, “сут ила кирган, жон ила чиқар”, мана бу сўз тўғридур. Расули акрам набиййи муҳтарам соллаллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: “Бешикдан то мазорга боргунча илм ўрган”, – демишлар. Бу ҳадиси шарифнинг маъноси бизларга далилдур. Ҳукамолардан бири: “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинч ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлидур”, – демишлар. Шариати исломияда ўз болаларини яхшилаб тарбия қилмак оталарга фарзи айн, ўз миллатининг етим қолган болаларини тарбия қилмак фарзи кифоядур”.
Маълумки, ота-боболаримиз қадимдан бебаҳо бойлик бўлмиш илму маърифат, таълим ва тарбияни инсон камолоти миллат равнақининг энг асосий шарти ва гарови деб билган. 
Албатта, таълим-тарбия – онг маҳсули, лекин айни вақтда онг даражаси ва унинг ривожини ҳам белгилайдиган, яъни, халқ маънавиятини шакллантирадиган ва бойитадиган энг муҳим омилдир. 
Бунинг учун ҳар қайси ота-она, устоз ва мураббий ҳар бир бола тимсолида аввало шахсни кўриши зарур. Ана шу оддий талабдан келиб чиққан ҳолда, фарзандларимизни мустақил ва кенг фикрлаш қобилиятига эга бўлган, онгли яшайдиган комил инсонлар этиб вояга етказиш – таълим-тарбия соҳасининг асосий мақсади ва вазифаси бўлиши лозим, деб қабул қилишимиз керак.Бу эса таълим ва тарбия ишини уйғун ҳолда олиб боришни талаб этади.
Аммо, ҳамма ота-онанинг ҳам фарзандига меҳр-оқибати ва берган тарбияси бир хил бўлавермайди. Гўё бошқа ишлар, турмуш икир-чикирлари уларни банд этиб қўйгандек.
Аллоҳ таоло фарзандлар ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир” (Каҳф сураси, 46-оят).
Ҳа, фарзанд қалб райҳонидир. Ёшлик чоғларида уларни кўриб қувонса, катта бўлганларида ёрдамларидан баҳраманд бўлиб, дилимиз яйрайди. Вафот қилганимиздан кейин эса уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли солиҳ амалларимиз зиёда бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Инсон вафот этганида унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса – садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд туфайли унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради” (Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло инсонга фарзандни аслида неъмат қилиб берган, лекин гоҳида мана шу неъматга ношукурлик қилиш туфайли ота-онасига номуносиб бўлиши ҳам мумкин. Бундай вазиятлар ҳаётда учраб турганлиги учун унинг сабаблари устида бош қотиришимизга тўғри келади. Қуйида биз мана шу сабабларнинг энг асосийларига тўхталиб ўтмоқчимиз:
Биринчи сабаб: фарзанд агар отага жафо қилаётган бўлса, демак, ўша ота ҳам ўтмишда ўз отасига шундай жафо етказган. Аллоҳ таоло шу йўл билан унга бу дунёда қилмишига яраша жазо бераётган бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Оталарингизга меҳрибон бўлинглар, шунда сизлар ҳам фарзандларингиздан меҳр-мурувват кўрасизлар”.
Иккинчи сабаб: ота ўзига жуфт ҳалол танлашликда янглишиши туфайли ҳам фарзанди унга бемеҳр бўлиши мумкин. Чунки фарзандга онанинг таъсири кўпроқ бўлади. Она фарзанд учун биринчи даражадаги ўрнак бўлгани сабабли фарзанд унинг хулқ-атворидан кўп нарсани ўзлаштиради.
Учинчи сабаб: ота фарзандининг тарбиясига бепарволик ва дангасалик қилади. Фақат ўзининг иши билан машғул бўлиб, фарзандига тарбия беришга, диний ва дунёвий таълим ўргатишга, чиройли ва гўзал одоб-ахлоқли қилишга аҳамият бермайди ёки кам аҳамият беради. Бунинг натижасида ҳам фарзанд ноқобил бўлиб етишади.
Ота-онаси доимо ёнида бўлмаган фарзандан нимани кутиш мумкин?
Мана шулар ҳақида уламолардан бири шундай дейди: “Кўпчилик фарзандларнинг ахлоқсиз бўлиб, бузилиб кетиши оталарнинг бепарволиги сабабидан, уларга диндаги фарз ва суннатларни ўргатмасликлари туфайли юзага келади. Оталар болаларни ёшлик чоғларида қаровсиз қолдиришган бўлса, улар катта бўлганларида ўзларига ҳам, оталарига ҳам манфаат етказмайдилар. Бир киши фарзандини оқ қилиб, унга танбеҳ бераётганда, фарзанд унга: “Эй отажон, сиз менга ёшлик чоғимда оқ бўлган эдингиз, энди катта бўлганимда мен ҳам сизга оқ бўлдим, гўдаклик чоғимда мени қаровсиз қолдирган эдингиз, кексайганингизда мен ҳам сизни қаровсиз қолдираман”, деган экан”.
Тўртинчи сабаб: фарзанднинг ахлоқ-одобига ёмон одамлар, танишлари, дўстларининг таъсири бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчига ўхшайди. Сен мушки анбар сотувчининг мушкидан сотиб олмаган тақдирингда ҳам унинг хушбўй ҳидидан баҳраманд бўласан, темирчининг босқони уйингни ёки кийимингни ёндириб юбормаган тақдирда ҳам, унинг бадбўй ҳидидан кўнглинг хира бўлади”.
Ушбулардан хулоса қилган ҳолда, фарзанднинг ота-онага итоатсизлиги муаммосини қуйидагича ҳал қилса бўлади:
- Ота фарзандларига ўзининг отасига яхшилик қилиш билан ўрнак бўлмоғи, уларни жонидан ҳам азиз кўрмоғи лозим. Шундагина фарзанд отасининг тутган йўлидан юради, ундан таъсирланади, шу ҳолатда униб-ўсади ва вояга етади;
- Эр ўзига солиҳа умр йўлдоши танламоғи зарур. Чунки бу аёл келажакда фарзандларининг онаси, уларнинг тарбиячиси бўлади. Динимиз турмуш ўртоқ танлашда нимага эътибор беришимиз лозимлигини ўргатган. 
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хотин кишига ё моли учун, ё обрўйи учун, ё ҳусну жамоли учун, ёхуд дини учун уйланилади. Сен диндорига уйлангин, барака топасан”, – деганлар;
- Ота фарзандининг тарбиясини, шунингдек, яхшиламоғи, унга Қуръон ва ҳадис таълимотларини, дунёвий илмларни ўргатиши, яхши ахлоқли бўлишига ундаши лозим;
- Ёмон дўст ва ёмон болалар таъсиридан фарзандини асраши керак. Чунки, бузуқ ахлоқли болалар билан дўстлашиб қолса, фарзандининг ҳам тарбияси бузилиши тайин. Энг аввало, ота фарзанду зурриётларининг солиҳ бўлишларини Аллоҳдан доимо дуо қилиб сўраши лозим.
Фарзанд Аллоҳ таолонинг улуғ неъматидир. Ота-она бу неъматга шукур қилишлари керак. Шукурнинг асосийси фарзандни неъмат берувчи зот Аллоҳнинг розилигини қозонадиган қилиб тарбиялашдир. Тарбия эса, гўдаклик чоғидан бошланади. Бу ишда ота-онанинг келишмовчиликлари, ораларининг бузилиши узр бўла олмайди. Катталарнинг жанжали туфайли мурғак гўдак зарар кўрмаслиги ва унга Парвардигор берган ҳақ-ҳуқуқлар поймол қилинмаслиги керак.
Гўдакнинг ҳақларидан бири ва онанинг энг мўътабар вазифаси фарзандни икки йил эмизишдир. Янги туғилган гўдак жисми ва руҳининг соғлом бўлиб ўсишга онасининг сутидан афзал озуқа йўқ.
Бунга Қуръони каримнинг ушбу ояти мазмуни далолат қилади: “Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар, (бу ҳукм) эмизишни камолга етказишни истовчилар учундир” (Бақара, 233-оят).
Бу қуръоний ҳақиқатни инсоният бир минг тўрт юз йил кейин тушуниб етди. Ҳозирги пайтда илмий текширишлар гўдак учун энг яхши озуқа онанинг сути ва уни тўлиқ икки йил эмизиш эканини кўрсатади.
Бошқа бир оят мазмуни ҳам ушбу маънони қувватлайди:
“Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) амр этдик. Онаси уни заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир!” (Луқмон, 14-оят).
Ушбу оятда ота-онани ҳурмат қилиш ҳар бир фарзанд учун Аллоҳнинг амри эканлиги баён қилиниб, уларни ҳурмат қилишнинг асосий сабаби ҳам айтиб ўтилмоқда. Яъни, ҳомиладорлик пайтида онаси қорнида заифҳол бўлиб кўтаради. Борган сари заифлик устига заифлик ортиб боради. Бу ҳол бола дунёга келгунча давом этади. Шунча машаққат устига она боласини кейин яна икки йил давомида эмизади.
Болани эмизиш билан боғлиқ бошқа ҳукмлар ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Уларни (оналари) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ортиқ (масъулият) юкланмайди. Болалари туфайли она ҳам, ота ҳам зарар кўрмасин!” (Бақара, 233-оят).
Агар ота билан она ўзаро маслаҳат қилиб, рози бўлиб, болани сутдан ажратмоқчи бўлсалар, икки йилдан оз муддатда тўхтасалар, гуноҳ йўқ, боланинг фойдасини кўзласалар бўлди. Шу билан бирга, турли ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Мисол учун, она эмизишга қодир бўлмай қолиши мумкин. Бу ҳолатда болани эмизиш учун бошқа аёлни топиш ва унга ҳақини бериш лозим. Бу иш отанинг вазифаси ҳисобланади.
Фарзандларининг соғлом ўсиши учун то эмизиш муддати тугамагунча она ҳомиладор бўлиб қолишдан сақланиши лозим.
Асмо бинти Язид розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ўз болаларингизни хуфиёна тарзда ўлдирманг. Дарҳақиқат, ҳомиладорлик вақтидаги сут отлиққа таъсир қилиб, уни отдан қулатиб ҳам юборади”.
Ушбу ҳадисни уламолар шундай изоҳлашган: “Эмизиклик аёл ҳомиладор бўлса, унинг сути бузилади. Шу сут билан озиқланган боланинг баданига у ёмон таъсир қилади ва мижоз бузилади. Катта бўлиб, отга минганида, заифлик туфайли отдан йиқилса ва жароҳат олса, ундаги заифлик онанинг ҳомиладорлик вақтида эмизган сути сабабли бўлиши мумкин. Ўша ҳолатда бола тоза сут эмганида эди, заиф бўлмас ва, бинобарин, отдан йиқилмас эди.” 
Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай эҳтимолий ҳалокатни назарда тутиб, болаларнинг ҳалокатига сабаб бўлиб қолишдан қайтардилар.
Ушбу ҳолатда она сутининг қанчалик фарзанднинг одоб-ахлоқига таъсирини бир ҳикоя мисолида кўришимиз мумкин: “Икки давлатлар ўзаро уришиб, бир давлат иккинчи давлат устидан ғалаба қозонганидан кейин, барча маҳаллий халқ асир олиниб, Подшоҳ уларни қатл этишларини буюрибди. Шунда асир олинганлар ичида бир донишманд йигит Подшоҳга қараб: “Эй зоти олийлари, рухсат этсангиз, Сизга бир фойдали  маслаҳат берсам? Бизларни қатл этганингиз билан ҳеч фойда топмайсиз, ундан кўра бизларнинг қобилиятимиз, ҳунар ва касбу коримиздан фойдаланиб қолсангиз, давлатингиз бунданда равнақ топиб, салтанатингиз гуллайди”, – деб маслаҳат берибди. Подшоҳ: “Эй йигит, сенинг қўлингдан нима иш келади?” – деб сўрабди? Йигит: “Мен болалигимдан молбоқарлик қилганман, подада ҳар қайси жониворларни хусусиятига қараб ажрата оламан”, – деб жавоб берибди. Подшоҳ барча подшоҳлик отхонасидаги юзлаб отларни яйловга чиқариб юборишни буюрибди ва ўзи яхши кўрган отини кўрсатиб, йигитга “Қани шу ерда мен танлаган от ҳақида нима дея оласан?” – деб сўрабди. Йигит подшоҳга қараб: “Эй хожам, агар сиз танлаган от сигир сути билан боқилмаганда эди, у энг тез чопар отлардан бўлиб, дунёга машҳур бўларди”, – дебди. Бу жавобдан ҳайратланган подшоҳ сарой отбоқаридан берилган жавобнинг тўғрилигини билиш учун ундан қарабди. Отбоқар ҳақиқатан йигитнинг жавоби тўғрилигини тан олиб, бор ҳақиқатни айтиб берибди. “Тулпор туғилаётганда она бия тўлғоқ вақтида қазо қилиб қўйди, шунда биз тулпорни сақлаш мақсадида сигир сутидан фойдаланиб, боқишга мажбур бўлдик”, – деб жавоб берибди. Подшоҳ йигитга қарата: “Қани айтчи, Сен қаердан билдинг, унинг сигир сути билан боқилганини?” – дебди. Донишманд йигит: “Отлар яйловда бир ариқ устида ўтиб кетаётганларида барча отлар сув ичидан чиқиб, ҳаракатда давом этишди, фақат бу отгина тўхтаб, икки орқа оёқларини қоқиб, кейин ҳаракатда давом этди. Бу хислат фақат сигирларга хос, чунки улар сувдан ўтишни ёқтирмайди”, – деб жавоб берибди. Донишманд йигитнинг берган жавобидан подшоҳ ҳайратланиб, барча асирларни озод этиб, улардан давлат равнақи учун фойдаланибди. Қиссадан ҳисса шуки, инсон фарзанди нима билан боқилса, парвариш этилса, ўша хислат болага ҳам ўтади.
Авлодларимизни соғлом ва баркамол парвариш қилишда Аллоҳ таоло барчамизга мададкор бўлсин!
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинкики, таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди – бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси. Бундан юз йил аввал улуғ педагог Абдулла Авлонийнинг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарларида “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир” деган чуқур маъноли сўзлари айни бизнинг замонамизда тўғри ҳақиқатдур. Одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир.
 
Манбалар асосида
Эркин ҚУДРАТОВ тайёрлади
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram