Соғлом бола тарбияси юрт келажаги гаровидир
18 март 2016 й.
3181 марта ўқилди.

 Соғлом бола тарбияси юрт келажаги гаровидир

       Аллоҳ таолонинг биз бандаларига инъом этган неъматларини санаб адоғига ета олмаймиз. Фарзанд ҳам, Аллоҳ таолонинг  бизларга ҳадя қилган улкан неъматларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло ҳам, фарзанднинг инсоният учун бир неъмат эканлиги ҳақида Қуръони каримда  шундай деб марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун болалар ва набиралар пайдо қилди ҳамда сизларни пок нарсалардан ризқлатирди. Бас, (улар)   ботил   (бутлар)га  иймон  келтириб, Аллоҳнинг  неъматларини инкор  этадиларми?!” ( Наҳл, 72 )
       Ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан  етук, мукаммал  бир  одоб ахлоқ  соҳиблари  бўлиб  камол  топишликларида  биз  ота-оналар бирдек  масъулмиз. Зотан, улуғларимиздан имом Ғаззолий раҳматуллоҳи  алайҳ  бола  тарбияси  хусусида бундай  деганлар:
      “Фарзанд  ота-она  ҳузуридаги  омонатдир. Унинг покиза  қалби  нафис  гавҳардир . Агар унга  яхшилик  ўргатилса, яхшилик  узра  вояга  етади , дунё  ва  охиратда  бахтиёр  бўлади. Агар  ёмонлик  ўргатилса  ёки  бепарволик қилинса, бахтсиз  бўлади  ва  ҳалок  бўлади. Уни асраш  эса, унга  одоб  бериш, кераксиз  нарсалардан  сақлаш  ва  гўзал  ахлоқ  ила  тарбия қилиш  билан  бўлади”.
      Тарбиявий  масъулият  ҳақида  Ислом  уламолари  фарзандга  ахлоқий , жисмоний,  ақлий, нафсий, ижтимоий  ва  жинсий  тарбия  бериш  лозимлигини  таъкидлайдилар.
      Фарзандга  энг  аввало  иймон  тарбиясини  бериш  лозим. Чунки бу  келажакда фарзандни  виждонли, эътиқодли, ўз она Ватанига, динига, миллатига, қадриятларига содиқ  ва  муносиб  инсон  бўлиб вояга  етишига хизмат  қилади.  
     Фарзанд одоб-ахлоқни  биринчи  навбатда  оилада ота-онасидан  ўрганади. Ота-она  хулкий  одоб  беришида  унга  ростгўйлик, омонатдорлик, ҳақиқатгўйлик, катталарга  ҳурмат, кичикларга  иззат, меҳмонни  улуғлаш, қўшнига  яхшилик  килиш, ўзгаларга  яхши  муносабатда  бўлиш  каби  сифатларни  ўргатишга  масъулдир. 
      Абдуллоҳ  ибн  Омир розияллоҳу анҳудан  ривоят  килинади:“Бир куни  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам уйимизда  ўтирганларида  онам  мени  чақириб: “Бери  кел, бир  нарса  бераман ”-деди. Шунда  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам унга:“Нима  бермоқчисан?” дедилар. Онам: “Унга  хурмо  бермокчи  эдим” , -деди. Шудда  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам унга: “Aммо, агар унга  ҳеч  нарса  бермаганингда, сенга  ёлғон  ёзилар эди”,- дедилар” ( Абу Довуд ривояти).
       Юрдошларимизнинг, айниқса, ўсиб келаётган  келажагимиз давомчиларини миссионерлар, бузғунчи оқимларнинг тузоғига тушиб  қолмасликлари, динидан,   эътиқодидан, миллий  қадриятларидан  узулмасликлари  учун  ғояга  қарши  ғоя, жаҳолатга  карши  маърифат  билан  кураш  олиб  боришимиз зарур. Шундагина  биз  ёшларимизнинг  онги  ва  калбини  ҳар  хил  ёт  ғоя  ва  оқимларнинг  кучайиб  бораётган  таъсири  ҳамда  хатарларидан  сақлаб  қола  олган  бўламиз.
       Шуни  ҳам  унутмайликки, аслида  биз  улуғ пирлар, азиз  авлиёлар, олиму- уламолар авлодларимиз  ва  анашундай  улуғ зотларга  хос  ва  мос  давомчи  бўлишлигимиз  лозим !!!     
             
Қиёси  йўқ  унинг  меҳри  бир  дарё,
Ўхшаса  ўзига  ўхшайди  Ўзбек.
Бошқа  миллатларни  билмадим, аммо,
Дунёда  болам  деб  яшайди  Ўзбек!
 
Ўнта  бўлса  ўрни  бошка  унингчун,
Ўғлим  оташимдан  яралган  учқун.
Қизим  парилардан  чеҳраси  гулгун,
Қошлари  қалам  деб  яшайди  Ўзбек.
 
Бир  қўлда  беланчак, бир  қўлда  Қуръон,
Бир  елкада  кетмон, бирида  иймон.
Барчага  баробар  офтобсимон,
Яшнасин  олам  деб  яшайди  Ўзбек!
 
Боболари  қайси  йигитлардан  кам,
Момолари  ҳушрўй  юздан  ошса  ҳам.
Зурриётлари  бўлса  битта  уйга  жам,
Тўшак  етмай  тўнин  тўшайди  Ўзбек!
 
Эҳтиром  этганга  эҳромлари  бор,
Кеккайганга  бўйин  эгмайди  зинҳор.
Бешик  тўла  жажжи  исломлари  бор,
Тош  ўтмас  қўрғонга  ўхшайди  Ўзбек!
 
Қиёсин  топдингми  айтгин  Мухаммад?
Ўхшаса  ўзига  ўхшайди  Ўзбек.
Ёмон  шеър  ёзсанг  ҳам  бетингдан  ўпиб,
Кам  бўлма  болам  деб  яшайди  Ўзбек!
 
МУҲАММАД  ЮСУФ
 
 
Когон шаҳар  “Шом”  жомеъ масжиди
 имом  хатиби  Иллиев Олим
 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram