ДИНИЙ - МАЪРИФИЙ СОҲАДАГИ ЮТУҚЛАР ВА ХАЛҚАРО ЭЪТИРОФЛАР
05 август 2021 й.
880 марта ўқилди.
ДИНИЙ - МАЪРИФИЙ СОҲАДАГИ ЮТУҚЛАР ВА ХАЛҚАРО ЭЪТИРОФЛАР
Бугунги кунда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилиш билан бирга неча асрлардан бери Ислом динига эътиқод қилиб келаётган халқимизнинг диний маърифатини янада юксалтиришда катта аҳамиятга эга.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро Ислом академияси, Бухоро Мир Араб олий институти, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ва ижтимоий-сиёсий вазиятнинг таҳлили диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини оширишни ва малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишни тақозо этмоқда.
Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган бу каби эзгу ғоялар дунёнинг нуфузли сиёсатчилари, давлат ва жамоат арбоблари томонидан кўтаринкилик билан кутиб олинмоқда. Экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев даврида Ўзбекистоннинг бой диний-маънавий тарихга даъвогарлиги амалий ҳаракатларда намоён бўлмоқда. Унинг даврида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилиши бунинг яққол далили бўла олади дейди экспертлар.
Ичкарида туриб ўзимиздаги ўзгаришларни кўриб, билиб, ҳис қилиб турибмиз. Аммо айримларнинг назарида ўзгаришлар бўлиятгани қалбан ҳис қилиниб турган бўлса ҳам аммо фитна чиқариш, четдан туриб буюртма асосида ғаразли мақсадларини амалга оширишда илми саёз, тафаккури оз инсонларимизни баъзиларидан фойдаланиб барча соҳалар қатори диний-маърифий соҳадаги ўзгаришларни беркитишга уринишлар бўлиятганини ҳам билишимиз ва англашимиз лозим. Бу олиб борилаётган ислоҳотларни кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка олиш ношукурлик бўлади. Ва бу иш худди оғзимиздаги тишимиз билан Роббимизни барча неъматларини еб, бунга тилимиз эртаю-кеч гувоҳ бўлган ҳолида бир бор шукр қилишга айланмаганига ўхшамайдими?
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"( مَنْ لَّمْ يَشْكُرِ النَّاسَ لَمْ يَشْكُرِ اللهَ " (رواه الترمذى
яъни: “Кимики инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмаган экан, демак Аллоҳга шукр қилмабди”, - деганлар.
Аллоҳ таолога шукр қилувчи мусулмон, унга яхшилик қилганларнинг яхшилиги учун ташаккур айтмоғи лозим.Келинг! Ўзимизни ўзимиз мақтамаган, эътироф этмаган ҳолда атрофимиздан бизни кузатиб турганларни фикрига қулоқ солайлик.
Самарқандда “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида, қатор давлатлардан таниқли олимлар, уламолар, илмий-тадқиқот ва таълим масканлари раҳбарлари иштирокида халқаро конференция ўтказилгани сўзимизга ёрқин мисол бўлади. ЎзА мухбирлари анжуман қатнашчиларининг айримларидан конференция мазмун-моҳияти, мамлакатимизда кейинги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги фикрларини сўради.
Аҳмад Таййиб, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Миср бош имоми:
– Улуғ алломалар юрти ҳисобланмиш Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратлари абадий қўним топган масканда бунёд этилган илмий марказ халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради. Кейинги йилларда Миср билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланиб, илмий-маърифий йўналишдаги келишувларимиз ўз самарасини бермоқда. Энг муҳими, томонлар бу ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилмоқда. Ўзбекистон раҳбариятига бу муқаддас заминдан етишиб чиққан аҳли илмни, барча мусулмонларнинг имомлари ҳаёти ва илмий меросини ўрганишга қаратаётган катта эътибори учун ташаккур билдираман. Мамлакатингизнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга сазовор. Президент Шавкат Мирзиёевга ушбу марказда юксак даражадаги шароитларни яратиб бергани учун ташаккурлар изҳор қиламан. Бу ердан яна Имом Бухорийлар, Имом Термизийлар етишиб чиқишига ишонаман. Умид қиламанки, илмий меросга юксак эҳтиром ҳамда ушбу мероснинг нуфуз ва салобатини, адашган фалсафаларга қарши турадиган равнақини қайта тиклаш йўлида бор имкониятларни сафарбар этишда Ўзбекистон бошқа мусулмон давлатларига намуна бўлади.
Аҳмад Саъд Иброҳим Абдурраҳмон Усмон Даманҳурий, Туркия ислом илмлари академияси раҳбари:
– Ўзбекистонга келишдан олдин мамлакатингизда диний соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар ҳақида эшитдим, ўқидим. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев жаноблари бу борада жуда катта илм-аърифатга эгалиги, мазкур конференцияни ташкил этиш ташаббускори ҳам айнан у киши экани ҳаммамизни беҳад хурсанд қилди. Мен 2007 йилдан буён Мотуридийнинг тафсир китоблари бўйича илмий тадқиқотлар олиб бораяпман. Шундан буён фаолиятимни тўлиқ шу мавзуга бағишладим. Ислом тарихини ўрганиш жараёнида мени бир факт жуда ҳайрон қолдирди. Аҳли сунна ва ал жамоада икки буюк аллома номи алоҳида эътироф этилади. Булар – Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий. Имом Ашъарий ҳақида, унинг ҳаёти ва фаолияти хусусида китобларда 100-200 саҳифалик маълумотлар бор. Бунга “Табақоти шофиия” номли асарни мисол келтириш мумкин.
Мотуридий ҳақида эса тарих китобларида жуда кам ёзилган. Масалан, бу ҳақда биргина Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла асарида бор-йўғи 20 сатр маълумотни учратамиз. Ҳанафий мазҳабига оид китобларда ҳам бир неча сатрлар билан чекланилган. Шу боис, мен у алломанинг ҳаёти ва фаолиятини чуқурроқ ўрганишга бел боғлаб, улуғ аллома тўғрисида кенгроқ маълумот тўплашга киришдим. Изланишларим натижасида 200 бетлик “Саддус-суғур би сийрати аламий Ҳуда Абу Мансур” китобини ёздим. Бу асар Мотуридий шахсига доир айрим тушунмовчиликларни бартараф этиш, буюк имомнинг улкан хизматларини маълум маънода эътироф этилишига эришишга қаратилган.
Ушбу конференциядан кўзланган асосий мақсадлардан бири мусулмон аҳлини Имом Мотуридий ёки бошқа Аҳли сунна ва ал жамоа ақидасига тегишли асл манбалардан яхши хабардор қилиш, айниқса, ёшларга бу борадаги асл ҳақиқатни етказиш. Бундан ташқари, Европада айрим гуруҳлар томонидан исломга нисбатан номаъқул қарашлар мавжуд бўлган ҳозирги пайтда фалсафий маънодаги кўплаб саволларга ҳам Мотуридийдан аниқ, илмий асосланган жавоблар топиш мумкин. Энг муҳими, Имом Мотуридий шахси, унинг ҳаёти ва фаолияти, асарлари ёшларимиз тарбиясига улкан ижобий таъсир кўрсатади.
Рафиқ Муҳаметшин, Қозон шаҳридаги Россия ислом университети ректори:
– Ислом динини мотуридия таълимотисиз тасаввур қилиш қийин. Айниқса, глобаллашув жараёнлари кучайган ҳозирги шароитда Имом Мотуридийнинг бундан бир неча асрлар олдин айтган фикрлари, муқаддас динимиз софлигини асраш бўйича илгари сурган қарашлари муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли университетимизда буюк имом асарларини таржима қилиш ва ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу борада Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва бошқа диний таълим муассасалари, илмий марказлар билан яқин ҳамкорликда ишлаймиз. Татаристон уламолари азалдан ўзимиздаги мадрасаларда ўқиган бўлса-да, кейинчалик Самарқанд ва Бухорога келиб, ислом дини таълимоти бўйича ўқиган, билимларини мустаҳкамлаган. Бу анъана бугун ҳам давом этмоқда. Ўзим ҳам Ўзбекистонга кўп келаман ва ҳар гал янги таассуротлар оламан. Ушбу муқаддас замин ўзининг бой ўтмиши, юксак маданияти, маънавияти билан ҳамиша дунё аҳлини ўзига ром этиб келган.
Шу билан бирга Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси БМТ Бош ассамблеясининг 2018 йил 12 декабрь кунидаги ялпи сессиясида қўллаб-қувватланиб, бир овоздан қабул қилинди.
Шу жойда сўзимга хулоса қилиб айтаманки ҳозирда олиб борилаётган ислоҳотлар олдингидада тез суратда амалга оширилияпди. Натижалар кўзга кўринаяпди. Булар янада яхши томонга ўзгариб юқорилаши учун ҳаммамиз турли майда – чуйда тортишувлар ва инсонни икки дунёси учун ҳам сариқчақалик фойдаси бўлмаган масалаларни йиғиштириб, тезда тўхтатайлик. Ва Ғарбнинг тараққиётига асос бўлиб хизмат қилаётган буюк аждодларимиз билан фахрланишни бироз чеккага суриб уларни юрган йўлидан юришга ўтайлик. Улар қилган илмий маънавий меросларни кўпайтиришга амалий ҳаракатларни жонлантирайлик. Уйқудан уйғонинайлик. Болаларимиз, келажагимиз бўлган ёшларни ҳар томонлама мукаммал шахс, ҳақиқий комил инсон, диёнатли мўмин бўлиб етишишларига катта қадамларни ташлашни бошлайлик. Бу қурилган замонавий бино, илмий–тадқиқот маказларини ичини Бухорийлар, Мотуридийлар, Термизийлар, Насафийлар, Самарқандийлар, Хоразмийлар, Берунийлар, Фаробийлар, Ибни Синолар билан тўлдириш ҳаракатини қилайлик. Зеро бизнинг томирларимизда уларнинг қони оқмоқда.
Ғиждувон туман «Соктари» жомеъ масжид
имом хатиби Жасурбек Латипов
«орқага